Тажриба алмашилди

24

Ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий муҳофазанинг қай йўналишида оқсашлар бор, муаммоларни ечишда дунё таж­рибаси қандай? Самарқандда ташкил этилган галдаги ижтимоий ҳамкорликка доир мулоқотда шу каби масалалар муҳокама этилди. Россиянинг Нижегород области касаба уюшмалари кенгаши вакиллари иштирокидаги ушбу тадбирда томонлар ижтимоий, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олди.

Учрашувда Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов, ЎзКУФК ташкилий ишлар бўлими мудири Равшанбек Самарбеков, Истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчилар, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси Улуғбек Муҳаммедов, Соғлиқни сақлаш, кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашлари вакиллари иштирок этди. Мулоқот аввалида меҳмонларга мамлакатимизда касаба уюшма ташкилотлари амалга ошираётган ишлар, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар хусусида маълумот берилди.
– Дунёдаги барча касаба уюшмаларининг энг олий шиори бу – инсонларга наф келтириш. Ана шу эзгу мақсад барча жамоат ташкилотларини бир ёқадан бош чиқариб ишлашга, илғорлар тажрибасини ўрганишга ундайди, – дейди Нижегород области касаба уюшмалари кенгаши раиси Анатолий Соколов. – Сизлар билан қарийб уч минг йиллик тарихга эга Самарқандда учрашиб турганимиздан мамнунмиз. Сафимизда қатор тармоқ касаба уюшмалари бошланғич ташкилотлари раҳбарлари бор. Улар ўзбекистонлик ҳамкасблари амалга ошираётган ишлардан хабардор бўлди. Баъзи жиҳатларда сизларга ҳавасимиз келгани ҳам айни ҳақиқат. Айниқса, жамоат ташкилоти вакиллари орасида депутатларнинг кўплиги эътиборга молик. Афсуски, бу борада бизда оқсашлар бор. Учрашувдан олган муҳим таассуротларимдан яна бири, бу Ўзбекистонда касаба уюшмалари етарлича мавқега эгалигидир. Қолаверса, ижтимоий шерикларнинг жамоат ташкилотига хайрихоҳлиги ҳам таҳсинга лойиқ.

Ҳамкасблар келишув ва битимлар, жамоа шартномаси орқали меҳнаткашларга берилаётган имтиёз ва афзалликлар хусусида ҳам гаплашиб олишди. Аёлларнинг гендер тенг­лиги, ишловчи аёлларга иш берувчиларнинг қўллаётган имтиёзлари муҳокама этилди. Тармоқ ва тараф келишувлар аҳамиятига тўхталиб ўтилди.
– Сайёрамиздаги муаззам заминда меҳмон бўлдик. Бу ердаги кўҳна Шарқ маданияти, тарих солномаларида музаффар битиклар қолдирган алломалар мақбараларини зиёрат қилдик, – дейди «Нижний Новгород газ саноати» очиқ акциядорлик жамияти касаба уюшма ташкилоти раиси Максим Варон. – Вилоятда касаба уюшмаларининг янги биносида ходимларга яратилган шароит билан танишдик. Улар амалга ошираётган ишларга қизиқишимиз ортди.
Учрашувда «MAN UZBEKISTAN» автомобиль заводи касаба уюшма ташкилоти етакчиси Маҳмуд Баротов, «Касаба сайр» шўъба корхонаси раҳбари Тўлқин Хидиров ҳамкорлик алоқаси, туризм йўналишларида ҳаракатларни бирлаштириш хусусида сўз юритди.
– Самарқандда касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси қошида «Касаба зиё» ўқув маркази фао­лияти йўлга қўйилган экан, — дейди «Нижегород» ўқув-методик маркази раҳбари Лариса Белокопитова. – Биз ҳам ана шундай ижтимоий ва меҳнат муҳофазаси йўналишида ўқувлар ташкил этамиз. Ҳамкасбларимиз билан учрашиб келгусида бу соҳада ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида фикрлашиб олдик.
Икки давлат касаба уюшмалари вакиллари ўртасида кечган қизғин учрашувда ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтириш лозим, деган қарорга келинди.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар