Туркия манзаралари журналистлар нигоҳида

22

Ўзбекистон ва Туркия. Сўнгги йилларда бу икки давлат ўртасидаги алоқалар янги босқичга кўтарилиб, ҳар томонлама ривожланиб бормоқда. Туркия Рес­публикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси ўтган икки йил мобайнида 30 нафарга яқин ўзбекистонлик журналистнинг Туркияда ташкил қилинган турли тадбирларда иштирок этишига кўмаклашди.

Тошкент Фотосуратлар уйида Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати томонидан уюштирилган «Туркия ўзбекис­тонлик журналист ва фоторассомлар нигоҳида» деб номланган фотокўргазмада 500 тага яқин суратлар ичидан саралари танланиб, халқимиз эътиборига ҳавола этилди. Таниқли фоторассомлар Турсунали Қўзиев, Фарҳод Қурбонбоев, Ҳусниддин Ато ва Абдували Сайбназаров каби кўплаб ўз касбининг моҳир усталари асарлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.
Тадбирда Туркия Респуб­ликасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ушбу давлатнинг шаҳар ва қишлоқларида яшовчи халқнинг яшаш тарзи, табиати, меъморчилиги акс этган турли сурат муаллифларига сертификатлар топширди.
Халқимизни турк мадания­­ти, урф-одатлари, маросимлари ва меъморчилик анъаналари билан яқинроқ таништириш ва давлатлар ўртасидаги маданий алоқаларни кучайтиришни мақсад қилган кўргазмага суратларни саралаш жараёнида журналист нигоҳи қаратилган объектнинг долзарблиги, мавзунинг аҳамияти ва асарнинг техник сифатига эътибор берилгани алоҳида таъкидланди.
– Яқин йилларда Туркияда икки бор бўлдим. Бу халқда ватанга муҳаббат, давлат байроғига ҳурмат ниҳоятда кучли экани мени тўлқинлантирди.Таассуротларимни иложи борича суратларда муҳрлашга ҳаракат қилдим. Бугунги кўргазмага 9 та ана шундай суратим танлаб олинди, – дейди Ўзбекистон ахборот агентлигининг Наманган вилояти бўйича фотомухбири Ҳотам Мамадалиев.
– Яна бир эътироф этадиган жиҳати, аҳоли яшайдиган уйлар, бозорлар, одамларнинг ўша дамдаги ҳолати, умуман, барчаси табиий олинган. Кишининг эътиборини тортади, завқлантиради, кайфият беради, – дейди Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси Мухлиса Донабоева.
Фотокўргазма 14 апрелгача давом этади.

Салим АБДУРАҲМОНОВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар