ЁТОҚДА “FACEBOOK” ЁКИ “TWITTER”

25


Бу нимага сабаб бўлади?

Бугунги кунда ҳаётимизни ижтимоий тармоқларсиз тасаввур қилиш қийин. Бирор бир саволнинг жавобини топиш учун ҳам, янгиликларни билиш учун ҳам интернетни титамиз. Баъзи таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчиларнинг асабийлик, тушкунлик ва руҳий зўриқиш каби ҳолатларга тушиш эҳтимоли юқори экан. Журналист Умида Турсунованинг мақоласи шу ҳақда.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРНИНГ РУҲИЯТ ВА САЛОМАТЛИККА ТАЪСИРИ

Тадқиқотларга кўра бутун дунёда 3 миллиард киши, сайёрада 40 фоиз инсон ижтимоий тармоқлардан фойдаланади. Таҳлиллар бир кунда ўртача икки соат ижтимоий тармоқларда вақт ўтказишимизни кўрсатмоқда. (Менимча, шафқат юзидан 2 соат дейилган. Ҳолбуки, ижтимоий тармоқларда бутун умримиз ўтиб кетмоқда).  Бу ҳар дақиқада ярим миллион “твит” ва “Snapchat” дастурида қайта ишланган фотосуратни улашиш демакдир.

Ижтимоий тармоқларнинг кундалик ҳаётимиздаги ўрнини инкор қилиб бўлмайди. Аммо таҳликали жиҳатларига ҳам кўз юмолмаймизки, ижтимоий тармоқларда нафақат вақтимиз, балки руҳий соғлигимизни ҳам қурбон беряпмиз. Ижтимоий тармоқлар янги ҳодиса бўлгани учун унинг атрофида ҳали ҳануз тўлиқ тадқиқотлар олиб борилмаган. Бироқ бу борада шу кунгача олиб борилган изланишларнинг айримларини ҳукмингизга ҳавола этамиз.

СТРЕСС

Кўплаб инсонлар кундалик стресс ва ташвишлардан узоқлашиш учун ижтимоий тармоқлардан паноҳ топишга уринишади. Бироқ,  тадқиқотлар ижтимоий тармоқлар стрессни озайтириш учун эмас, аксинча, руҳий зиқлик ва асабийликни орттириш учун хизмат қилишини таъкидлайди.  1800 кўнгилли қатнашган синов тажрибасида, ижтимоий тармоқлардан фойдаланадиган аёллар эркаклардан кўра кўпроқ руҳий зиқликка гирифтор бўлишини кўрсатган.

Аксарият эркаклар ижтимоий  тармоқлар билан масофа сақлаб алоқада бўлгани учун бундай таъсирни кўрсатмайди. Мутахассислар таъкидлаганидек, эркаклар совуққонроқ бўлгани учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланганда аёлларга қараганда камроқ асабийлашар эканлар.

РУҲИЙ ҲОЛАТ

2017 йилда австриялик тадқиқотчилар томонидан ўтказилган тажрибада 20 дақиқа “Facebook”дан фойдаланган кишиларнинг руҳий ҳолатида кайфиятсизлик, тушкунлик, аламзадалик пайдо бўлиши аниқланган. Фойдаланувчилар бу тушкунликка “Facebook” вақт исрофи деб қараганлари сабаб бўлиши мумкин.  Бошқа бир тадқиқотда эса яхши ва ёмон кайфият кишиларга ижтимоий тармоқлар орқали тарқалиши таъкидланади. Кўнгилсиз хабарлар ва ижтимоий тармоқдан бир пайтда фойдаланаётган фойдаланувчиларнинг салбий ўй-хаёллари улар улашаётган мулоҳазалар орқали бир ҳиссага кўпаяди. Ижобий, кўнгилочар хабарларнинг эса руҳий ҳолатга таъсир қилиш-қилмаслиги ҳақида ҳануз аниқ бир хулоса йўқ.

ХАВОТИР (ВАҲИМА)

Тадқиқотлар натижасида, ижтимоий тармоқларга қарам бўлган кишиларда хавотир, ваҳима, асабий тажанглик ва беҳаловатлик бошқаларга нисбатан кўпроқ кўзга ташланиши аниқланди. Етти ва ундан кўпроқ ижтимоий тармоқлардан фойдаланадиган фойдаланувчилар умуман фойдаланмайдиган ва ёки 1-2 аккуантдан фойдаланадиганлардан кўра  кўпроқ хавотир ҳамда тажангликда юрадилар. Бироқ ижтимоий тармоқлар нега инсонда ваҳима ва хавотир ҳисларини уйғотиши ҳануз аниқланмаган.

РУҲИЙ ТУШКУНЛИК

Баъзи тадқиқотлар руҳий тушкунлик ва ижтимоий тармоқлар орасида қатъий боғлиқлик мавжудлигини кўрсатса-да, айрим мутахассислар ижтимоий тармоқларни руҳий тушкунликдан халос этувчи ижобий жараён сифатида ҳам баҳолашади.

 700 талаба қатнашган икки тадқиқотда нохуш кайфият,  ўзини кераксиз билиш, умидсизлик каби руҳий тушкунлик белгилари ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш таъсирида юзага келганини кўрсатади. Шунга ўхшаш бошқа бир тадқиқот 2016 йилда 1700 киши билан ўтказилган. Унда ижтимоий тармоқларда кўп вақт ўтказадиганларда руҳий тушкунлик ва ваҳима таҳликаси уч баравар ортиши маълум бўлди. Бунга сабаб қилиб ижтимоий тармоқлардаги кескин хабарлар, мутлақо нотаниш инсонларнинг ҳаёти хусусида фикрлар тўқнашуви, ижтимоий тармоқларда вақтни беҳуда совурилаётгани учун пушаймонлик ҳиссининг таъсирлари кўрсатилмоқда. Айни кунда мутахассислар ижтимоий тармоқлар ёрдамида руҳий зиқлик ва асаб касалликларини эртароқ аниқлаш хусусида изланишлар олиб боришмоқда.  476 кишининг “Twitter”да улашган твит (қисқа мулоҳазалари)ни кузатиб,  руҳий тушкунлик ва асабийликка мойиллиги бор инсонлар аниқланган. Ўтган йили  айнан шундай тадқиқот 166 “Instagram” фойдаланувчиларининг фотосуратларини кузатиш асосида ўтказилган ва руҳий тушкунликка мойил кишиларда ўз суратларини улашиш билан ўзини бахтиёр кўрсатишга уринаётгани аниқланган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ухлашдан аввал ётоқда “Facebook” ёки “Twitter”да бир неча дақиқа вақт ўтказиш ҳаловатли уйқуга зарар етказади ва эрталаб тушкун, асабий, тажанг ҳолатда уйғонишга сабаб бўлади.

ҚАРАМЛИК

Баъзи тадқиқотчилар ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш, фотосурат ҳамда твитларни улашишдан воз кечиш – ҳатто тамаки ва алкоголли ичимликлардан воз кечиш каби маҳол. Аммо, энг даҳшатлиси шундаки, ижтимоий тармоқлар инсонлар руҳиятига тамаки ва алкоголли ичимликлардан ҳам ортиқ зарар етказар экан. Ижтимоий тармоқлар қарамлиги дегани, шубҳасиз, интернетга тобелик доирасига мансуб. Ва бу тобелик бутун дунёда асримизнинг энг катта муаммоларидан бири сифатида кўрилади.

ХУЛОСА

Ҳар бир неъмат инсонга хизмат қилиши учун яратилган. Улардан ўз ўрнида ва меъёрда фойдаланишга эътибор берилмаса, неъматлар зиллат (зарар)га айланади.

Умида ТУРСУНОВА

тайёрлади

2019 йил 10 апрель, 14-сон

“Oila va jamiyat” газетаси

Бошқа хабарлар