Ҳаёт – камалакдек сержило

133

«Инсон кўнгли гулдан нозик», деган гап бор. Зеро, чанқаб турган гул-у чечак обиҳаётдан барқ уриб яшнаса, инсон қалби эътибор ва бир оғиз ширин сўздан шодликка тўлади. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 сентябрдаги «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси Андижон вилоятида ҳам юзлаб эҳтиёжманд оилаларга қувонч, ўксик кўнгилларга ёруғлик бахш этгани рост.

Манзилли дастур доирасида ўз хонадонига эга бўлмаган ҳамда ночор аҳволда умргузаронлик қилаётган 97 та оилага замонавий турар-жойлар туҳфа этилган бўлса, 560 нафар кўмакка муҳтож ҳамюртимизнинг уйларида таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди.
Мана шундай эътибор ва ғамхўрликдан баҳраманд бўлган Дилрабо Абдумаликова синовли дунёнинг ташвишларига кўп рўпара келди. Боқувчисидан ажралган аёл уч йилдирки, Хўжаобод туманида ижара уйда истиқомат қилиб, икки нафар фарзандини ёлғиз тарбиялаётган эди. Ана шундай ҳолатда ҳаёт кечираётган оила бекасининг рўзғордан орттириб турмуш ­шароитини яхшилашга имкон топа олишини тасаввур этиб кўринг. Бу оила Хўжаобод туманининг Бобур номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида қад ростлаган намунавий уй-жойлардан бирига беминнат кўчиб кириши ҳақидаги муждани эшитган куни она-болаларнинг кўзларига қувончдан ёш келди.
– Бахтни ҳар ким ўзича тасаввур қилади, – дейди Дилрабо Абдумаликова. – Ҳақиқий бахт теварак-­атрофда сен ҳақингда қайғурувчи, яхшилик улашишга интилувчи эзгу ниятли кишиларнинг меҳрини, ­эътиборини ҳис қилишда экан! Кўп йиллик орзумиз ушалганидан беқиёс мамнунмиз. Мана шундай фараҳбахш, унутилмас кунлар учун Президентимизга минг раҳмат.
Улуғнор туманида яшовчи Баҳодир Мартўғилов узоқ вақтдан бери шахсий турар-жойга эга бўлиш орзу­сида яшаётган эди. Оила вакиллари норасмий масжид биносида истиқомат қилгани, бу ҳол имконияти чекланган хонадон соҳибини тобора умидсизликка тушириб қўйгани бор гап.
Энди Мартўғиловлар оиласи учун ҳам ҳар куни байрам, дунё – камалак рангидек жозибали. Улуғнор туманининг «Чўлобод» аҳоли пунктида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган уч хонали шинам уй-жойлардан бирига кўчиб киришган кун катта шодиёнага айланди. Янги ҳовлини тантанали топшириш маросимида маҳаллий ҳокимлик, жамоатчилик ҳамда касаба уюшма фаоллари оила вакилларига самимий қутловларини билдириб, совға-саломларни туҳфа этдилар. Айниқса, оиланинг ёлғиз фарзанди бўлган жажжи Сарвинознинг шўх куй-қўшиқларга рақсга тушишини кўриб, барча меҳмонларнинг дили яшнади.

– Президентимизнинг қарори ижросини тўлиқ ва сифатли таъминлашда вилоят ҳамда туман ҳокимлик­лари билан яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилганини таъкидлаш зарур, – дей­ди Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Шокиржон Болтабоев. – Манзилли рўйхатни шакллантиришда шаффоф­ликни таъминлашга, уй-жой қуриш учун ўз вақтида ер майдонлари ажратилиб, қурилиш ҳамда коммуникация тармоқларига улаш жараёнида сифатли иш ташкил этишга жиддий эътибор қаратилди.
– Бу дунёда меҳр-у оқибатдан улуғ туйғу йўқлигига яна бир карра амин бўлдим, – дейди Қўрғонтепа туманида яшовчи Шаҳноза Мўминова. – Уч нафар фарзанд билан ижарама-ижара кўчиб юриш борган сари тушкунликка тушириб, иродамни букиб келаётган эди. Чунки ўзгаларнинг уйида, бировнинг қош-қовоғига қараб яшашдан қийин нарса йўқ. Ниҳоят, орзуларимиз ушалди. Туманимизнинг «Учқун» маҳалласида барпо этилган намунавий турар-жойлардан бири беғараз тақдим этилганидан бошим кўкка етди. Шинам уйларда яшаш кишининг ­дунёқарашига, ҳаёт тарзига ҳам ижобий таъсир қилади, албатта. Фарзандларимни элга муносиб, одамларга яхшилик улашиб яшовчи инсонлар қилиб тарбиялайман.
Таъкидлаш ўринлики, вилоят ­бўйича шу кунга қадар 3 минг 478 та оилага маиший техника жиҳозлари тарқатилган бўлса, турли даражадаги оғир хасталикларга чалинган 192 нафар ҳамюртларимиз эҳтиёжлари учун вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг зарур ёрдам бергани туфайли соғайиб оёққа турди. Вилоят бўйича қарор доирасидаги хайр­­ли мақсадлар учун умумий ҳисобда 18 миллиард 269 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Албатта, бу рақамлар замирида эътибордан кўнгли юксалган қанчадан-қанча ватандошларимизнинг юз-у кўзларида ҳаётдан розилик ифодалари жамулжам.
Ҳаётимизга ёғилаётган нур, файз-у барака айнан халқимизга хос меҳр-мурувват, ўзаро оқибат, ҳамжиҳатлик фазилатлари, ён-атрофимиздаги кўмакка муҳтож инсонларга ёрдам кўрсатишдек, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашдек эзгу амаллар туфайлидир.

Нурилло НЎЪМОНОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар