Ишчанлик кайфияти нима?

86

Корхонамизда 160 нафардан зиёд ишчи-хизматчи фаолият кўрсатади. Авваламбор иш берувчи билан ҳамкорликда йўлсозларга қулай ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратиб берилаётгани айни муддао бўлмоқда. Жамоа шартномасининг тўлиқ амалга оширилиши туфайли бошланғич касаба уюшма қўмитасига бўлган ишонч тобора ортиб бормоқда.

Жамоа шартномаси ижросини таъминлаш учун ўтган йили 513 миллион сўм маблағ сарфланди. Бу ўрта ҳисобда бир ходимга қарийб 3 миллион 300 минг сўмни ташкил этади. Меҳнат муҳофазасига оид тадбирларга 107 миллиондан зиёд маблағ ажратилди. Меҳнат муҳофазасида асосий эътибор шахсий ҳимоя воситалари, махсус кийим-бош, санитария-гигиена воситалари, зарарли шароитда ишловчиларни сут маҳсулотлари билан таъминлашга қаратилди.
Ишчи-ходимлар саломатлиги ҳамиша эътиборда бўлиб, улар учун бепул тиббий кўриклар ташкил этилди. Меҳнат муҳофазаси билан боғлиқ билим ва кўникмаларни ошириш мақсадида ўқув-семинарлар ўтказилди.
Корхонамиз ишчи-ходимлари бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий суғурталанган. 2018 йилда корхонада зарарли омиллари бўлган 41 та иш ўринлари аттестациядан ўтказилиб, унинг хулосасига кўра, зарарли шароитда ишловчилар қўшимча меҳнат таътили, махсус кийим, якка тартибда шахсий ҳимоя воситалари ҳамда сут маҳсулотлари билан бепул таъминланмоқда.
Корхонага қарашли ошхона биноси қайта таъмирланиб, умумий овқатланиш шохобчаси ва новвойхона ташкил қилинди. Муҳим ва долзарб қурилиш объект­ларида ишлаётганларга бепул иссиқ овқат ва иссиқ нон маҳсулотлари берилмоқда. Кам таъминланган оила вакилларидан 25 нафарига қарийб 20 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Соҳа ходимлари, уларнинг оила аъзолари ва фарзандларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги сиҳатгоҳлар ҳамда бошқа соғломлаштириш масканларига имтиёзли нархларда йўлланмалар ажратилди. 8 нафар ходимнинг фарзандлари ёзги болалар оромгоҳларида бепул дам олдирилди.
Касаба уюшма аъзоларини мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатларга олиб бориш тизимли тарзда йўлга қўйилгани ҳам самарадорликка хизмат қилмоқда. 2018 йилда 160 нафар ходим ва уларнинг оила аъзолари ҳамда меҳнат фахрийлари мамлакатимиздаги тарихий қадамжолар ҳисобланмиш Самарқанд, Урганч, Хива, Бухоро ва Тошкент шаҳарларида саёҳатда бўлишди.
Корхонада ходимларни спортнинг оммавий турларига жалб этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида «Спорт — саломатлик гарови» шиори остида турли мусобақалар ўтказилиб турилади. Эътиборли жиҳати, мини-футбол, шахмат-шашка, волейбол, стол тенниси каби турли йўналишлардаги мусобақаларга корхонамизда ишлаб кетган фахрийлар ҳам таклиф этилади.
Бир нарса аниқ – ишчи-ходимлар кайфияти чоғ бўлса, иш сифати ва самарадорлик ҳам юксак даражага кўтарилиб бораверади. Буни ўтган йилда 29 миллиард 381 миллион сўмлик таъмирлаш ишлари адо этилгани ва бу борадаги режа ортиғи билан уддалангани мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Нодира ХЎЖАМҚУЛОВА,
«Зомин тумани йўллардан
фойдаланиш» унитар корхонаси
бошланғич касаба уюшма
қўмитаси раиси

Бошқа хабарлар