КАТТАХЎЖАЕВ КАТТАЛИК ҚИЛДИ…МИ?

85

Жамиятимизда   содир  
 бўлаётган воқеа-ҳодисаларга  муносабат  
билдириб,  бунга масъул   бўлган 
мутасаддиларга  савол   билан чиққан 
ОАВ кўп ҳолларда муносиб 
жавоб  олишга қийналмоқда.  Орадан ўтган 
фурсатнинг   чўзилиши   етмаганидек, 
жавоб хатларида  ечим   ўрнига 
ўтказилган   йиғилиш   баённомасининг   ўзигина  
акс   этади.  Жавобгар  
мутасаддининг  “Сирдарё  ҳақиқати” таҳририяти  жамоасига 
йўллаган   жавоб хати   мазмуни 
ҳам   йиғилиш  баённомаси  
ва   расмлар  галереясидан  
иборат  бўлди.

   Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

КАТТАХЎЖАЕВНИНГ АЙБИ КАТТАМИ?

Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши диққатига

Газетамизнинг шу йил 27 февраль сонида каминаи
камтариннинг “Ғолиб қолиб…” сарлавҳали мақолам эълон қилинган эди.
Унда “Ёшлар шахмат тахтаси” мусобақасининг Сирдарё тумани босқичидаги
ғирромликлар танқид тиғи остига олинган эди. Орадан 40 кун ўтиб, таҳририятнинг
неча бор огоҳлантиришларидан кейин ниҳоят, Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши
раисининг ўринбосари Мурод Хаитов имзоси билан жавоб хати, иттифоқ Сирдарё
тумани Кенгашининг раиси Ғайрат Хусайинов (фамилиялар матнда битилганидек
берилмоқда)нинг иттифоқ вилоят Кенгаши раиси Шавкат Зайниддиновга  йўллаган “Билдиришнома”си ҳамда
Ёшлар иттифоқи вилоят ҳамда Сирдарё тумани кенгашларининг ҳамкорликда
ўтказилган йиғилиши баённомаси ва унга илова қилинган суратлар галереяси етиб
келди.

Воқеа тафсилотларини батафсил битишимизнинг сабаби бор. Биринчидан, Ёшлар иттифоқи “тўртинчи ҳокимият” чиқишларига нописанд тарзда қарамоқда. Буни жавобнинг қарийб икки ойга яқин вақт орасида берилаётганидан ҳам англаш мумкин. (Газетамизнинг ўтган йилги сонларида танқидий чиқишга нописанд қараган Шавкат Зайниддинов номига очиқ хат ҳам чоп этилган эди. Афтидан, вилоят ёшлар ташкилоти раҳбарининг танқидларга аллақачон эти ўлиб қолган кўринади). Энг асосийси, жавоб хатида танқидда кўтарилган бирорта муаммо ечимини топмаган.

Келинг, аввал каттагина жавоб
хатида келтирилган фикрлар билан таништирайлик. Мана, ўша жавоб. “Жорий
йилнинг 22 февраль куни “Ёшлар шахмат тахтаси”нинг вилоят турнири
бўлиб ўтди. Вилоят босқичига қадар барча туман, шаҳарларда мазкур турнирнинг маҳаллий
босқичлари ўтказилди. Жумладан, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё тумани
Кенгашида “Ёшлар шахмат тахтаси” 2019 йилнинг 20 февраль куни
ташкиллаштирилди. Турнир якунига кўра, туман босқичида ёш тоифаси бўйича 12
нафар ғолиб вилоят босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди.

Мақолада кўрсатилган туман босқичида
бўлиб ўтган ноҳақликлар бўйича Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё тумани
Кенгашида жорий йилнинг 15 март куни вилоят Кенгаши маънавий-маърифий ишлар
бўйича раис ўринбосари М.Хаитов, вилоят Кенгаши бўлими мудири Ж.Шербоев, туман
халқ таълими бўлими мутахассиси К.Отажонова ва туман етакчилари иштирокида йиғилиш
ўтказилди. Унда туман Бахт шаҳарчасидаги 39-умумтаълим мактаби ёшлар етакчиси
М.Каттахўжаевнинг ўз вазифасига совуққонлик билан қараганлиги муҳокама этилди.

Йиғилиш якуний қарорига кўра,
39-умумтаълим мактаби ёшлар етакчиси М.Каттахўжаев томонидан йўл қўйилган
камчиликлар ва ўз вазифасига совуққонлик билан қараганлиги ҳисобга олиниб,
вазифасида қолиш ёки қолмаслик юзасидан вилоят Кенгашига маълумот киритилган.

Мазкур йиғилиш қарори бўйича
вилоят Кенгашининг навбатдаги йиғилишида бир тўхтамга келинади.

Вилоят Кенгашининг йиғилиши қарори
бўйича қўшимча маълумотлар тақдим этамиз”. (Жавоб матни газета услубига
мос тарзда қайта ишланди).

 Ёшлар иттифоқи Сирдарё тумани  Кенгаши раиси Ғайрат Хусайиновнинг иттифоқ
вилоят Кенгаши раиси Шавкат Зайниддиновга 
йўллаган “Билдиришнома”сида М.Катта-хўжаев шаънига танқид ўқлари
ёмғирдай ёғдирилган. Мана, ўша “Билдиришнома”дан парчалар: “…Бахт
шаҳрида жойлашган 39-умумтаълим мактаби ёшлар етакчиси М.Каттахўжаев ушбу
мусобақага совуққонлик билан қараганлиги, яъни мусобақанинг ички босқичини
ўтказмаганлиги ва “Ёшлар шахмат тахтаси” мусобақасини ўтказиш
юзасидан тузилган ишчи гуруҳига ҳеч қандай маълумотлар тақдим этмасдан мусобақанинг
мактаблараро босқичига ва туман босқичига умумтаълим мактабидан танлаб олинган
ўқувчи-иштирокчиларни таъминлаганлиги кузатилди.

Бундан ташқари, М.Каттахўжаев
томонидан яна бир қатор тадбирларда иштирок этмаслик ҳолатлари мавжуд.
Жумладан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотлари тизимида олиб
борилаётган сардорларнинг фаолияти, билим кўникмаси, лидерлик қобилияти,
эришган натижалари, таклиф-ташаббусларини баҳолаш, илғор тажрибаларни
оммалаштириш, фаол сардорларни рағбатлантириш ва иш самарадорлигини ошириш мақсадида
“Энг намунали синф сардорлар Кенгаши”, “Энг намунали мактаб
сардорлар Кенгаши” танловларида, ёшларимизни ўзликни англаш, миллий ва
умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида китобхонлик
маданиятини кенг оммалаштириш мақсадида “Зукко китобхон”  интеллектуал 
кўрик-танловининг мактаблараро босқичларида ва “Мен нечун
севаман” шиори остида ўтказилган иншолар танловида ҳам иштирок
этмаганлиги, таълим муассасалари жойлашган МФЙдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож
оилаларга ёрдам бериш мақсадида ташкил этилаётган “Саховатли ёшлар”
гуруҳлари ҳам ушбу таълим муассасаси томонидан ташкил этилмаган ва бу ҳақда
туман Кенгашига ахборот берилмаганлиги, М.Каттахўжаев доимий равишда туман
Кенгаши томонидан ташкил этилган умумий йиғилишларда қатнашмаслиги ёки
ходимларга нисбатан қўпол муомалада бўлиш ҳолатлари доимий кузатилиб келинган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб,
Сиздан 39-умумтаълим мактаби ёшлар етакчиси М.Каттахўжаевнинг ишда қолиш ёки қолмаслик
масаласини ҳал қилиб беришда амалий ёрдам беришингизни сўрайман”.

“Билдиришнома”даги
айрим танбеҳларни ўқиш асно бизда бир неча саволлар туғилди. Ғайрат Хусайинов
таъкидлаганидек, М.Каттахўжаев ўз ишига шунча совуққон бўлса, нега у ҳақида
Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раисига олдинроқ огоҳ қўнғироғи чалинмади.
Газетада эълон қилинган битта танқидий мақоладан кейин ёшлар етакчисининг бутун
кирдикорлари маълум бўлдими? Қолаверса, ўша М.Каттахўжаев номзодини етакчиликка
танлаш ва тасдиқлашда ўртоқ Ғайрат Хусайиновнинг ўзи бошида турганлиги оддий ҳақиқатдир.
Қолаверса, “Билдиришнома”даги яна бир факт ўйлантириб қўйди.
“Ёшлар шахмат тахтаси” мусобақалари бўйича ишчи гуруҳи тузилган
бўлса, мактаблараро босқичда бирорта вакил қатнашиши, М.Каттахўжаевни ҳушёр
торттириши керак эди. Ўшанда бу ғавғолар юзага қалқиб чиқмасди. Фактларга
таяниб, бизда шундай фикр пайдо бўлди: туман Ёшлар иттифоқи қошида тузилган
ишчи гуруҳи ё умуман ишламаган, ё хўжакўрсинга фаолият олиб борган.

 Жавоблар пакетини кўздан кечириш мобайнида бизда
яна бир ҳақли савол туғилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят ва Сирдарё тумани
кенгашлари қўшма йиғилишида М.Каттахўжаев қатнашган-қатнашмаганини аниқлай
олмадик. Чунки мажлис баённомасида етакчи шаънига билдирилган танқидлардан бошқа
нарсани учратмадик. Агар М.Каттахўжаев йиғилишда қатнашган бўлса, унга сўз
берилиши, нега бундай фаолият юритаётгани ҳақида фикр билдириши керак эди.
Афтидан, қўшма йиғилиш ҳам усиз хўжакўрсинга ўтказилганга ўхшайди.

Газета ўз танқидий чиқишида
бирор кишининг номини ёмонотлиққа чиқаришни мақсад қилиб қўймайди. Балки жамият
ривожига тўғаноқ бўлаётган камчиликларни аниқлаб, бартараф этишга бел боғлайди.
Биз мазкур танқидий мақола бўйича давом этаётган жараённи кузатишда давом
этамиз. Ёшлар иттифоқи вилоят ва Сирдарё тумани Кенгашлари Каттахўжаевга чора
кўриб, қутиладими ёки бошқа йўлини топадими, яқин кунларда билиб оламиз.

            Муҳаммадали
АҲМАД,

Сирдарё
ҳақиқати

газетаси
 

2019 йил 10 апрель, 26-сон

Сирдарё
ҳақиқати

газетаси
 

Бошқа хабарлар