Оғу гирдоби

31

Оқаётган сувда баъзан гирдоб борлиги билинмайди. Лекин унга тушиб қолган нарсани айлантириб, ўзининг домига тортиб кетади. Инсон ҳаётида ҳам баъзи иллатлар гирдоб сингари турмуш тарзини издан чиқаради.

Гиёҳвандлик – ана шундай иллатлардан биридир. Бу иллат сабаб ҳар куни миллионлаб инсонлар ҳаётдан кўз юммоқда, минглаб ногирон болалар дунёга келмоқда, минглаб одамларнинг турмуши издан чиқмоқда. Бундай ҳолатни шундай ифодалаш мумкин бўлади: гиёҳвандлик – бало. Балоки, инсоннинг ўзи ўйлаб топган, ечими ҳам ўзининг қўлида бўлган, аммо уни англаб етмаётган бало.
Таассуфли жиҳати шундаки, дунё миқёсида амалга оширилаётган курашга қарамай, ушбу иллат илдизларини батамом йўқотиш имкони бўлмаяпти. Бунинг эса кўплаб омиллари мавжуд. Жумладан, шундай моддалар билан савдо қилиш катта даромад манбаига айланган. Кимларнингдир дод-у фарёдига, кимларнингдир ҳаёти эвазига келаётган бу сармоялар турли мудҳишликларга сарфланмоқда.
Мамлакатимизда гиёҳванд­ликка қарши курашиш, наркотик моддаларни етиштириш, ноқонуний тарқалишининг олдини олиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, наркотик моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашда ҳуқуқ-тартибот идоралари фаол иштирок этмоқда.
Мана шундай лавҳалардан бири.
… Тошкент маҳаллий аэропортининг учиш залида «Тошкент-Самарқанд» йўналишидаги авиарейс билан учиб кетишга чоғланган йигирма беш ёшлардаги йўловчи ўзининг бежо ҳаракати билан кўпчилик, шу жумладан, ҳуқуқ тартибот ходимларининг ҳам диққатини тортди. Шахсий кўрикдан ўтаётганида Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти ЖХТБ ҳамда Тошкент маҳаллий аэропорти авиация хавфсизлиги хизмати ходимлари Азлар Қувоновнинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) шими ўнг чўнтагида «parlament» сигарет қутисида 5,96 грамм гиёҳванд модда ҳамда 9 дона дори воситасининг капсуласи борлигини аниқлашди.
ИИВ ЭКБМнинг хулосасига кўра, Азлар Қувоновдан далилий ашё тариқасида олинган, тўқ-яшил рангли, ўзига хос ҳид­­га эга модда таркибида гиёҳванд тетрагидроканнабинол мавжуд бўлиб, 5,96 грамм қуритилган ёғсимон массанинг 1,3112 грамми канабис мойи экани маълум бўлди.
Ушбу ҳолат юзасидан А.Қувоновга нисбатан Жиноят Кодексининг 276-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлар ўтказилди ва жиноят иши мазмунан кўриб чиқишлик учун судга юборилди.
Мамлакатимизда жиноят кўчасига кирган фуқаро борки, албатта, қонуний жазосини олиши муқаррар. Хўш, бу жиноят фош бўлмаганда аҳвол қандай кечарди? У бу моддани нима учун Самарқандга олиб кетаётганди, сотишгами ёки ўзи истеъмол қилармиди?
Азлар Қувоновнинг айтишича, Нурафшон шаҳрига иш билан борганида темир йўл кесишмаси ёнидан ўтаётиб, марихуана ўсимлигига кўзи тушади. Қизиқиш устун келиб, ундан бир қисмини юлиб олади. Тошкент шаҳрига келиб, уни қовуради ва шу моддани тайёрлайди. Унинг мақсади спиртли ичимлик ичган вақтида марихуана гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилиш эди.
Бу Азларнинг иқрори. Аммо унинг аниқ нияти ўзигагина аён. Нима бўлганда ҳам бир нарса маълум: бу заҳри қотил туфайли инсон тубанлик ботқоғига ботиши, инсонийлик қиёфасини йўқотиши аниқ. Ёхуд уни Самарқандга олиб бориб, кимгадир сотса, шу йўл билан мўмай даромадли бўлар эди. Аммо кимларнингдир отаси ёки акаси, турмуш ўртоғининг гиёҳванд­лик балосига дучор бўлишига, бир оиланинг тинч­лиги бузилиб, ҳаёти жаҳаннамга айланишига, оналарнинг кўзёшлари оқишига, болаларининг ёрқин келажак ҳақидаги орзулари барбод бўлишига сабабчи бўларди.
Энди-чи? Унинг ўзи оғу гирдобига тушиб, ҳаётининг энг гуллаган даврида «жиноятчи» деган тамғага эга бўлиб ўтирибди…
Айтмоқчи бўлган гапимиз шуки, ушбу иллатга қарши барчамиз биргаликда курашсак, яқинларимизни, ён-атрофимиздагиларни унинг гирдобига тушиб қолишидан асраган бўламиз.

Зафар СУЛТОНОВ,
Тошкент халқаро аэропорти
ЖХТБ ТБ терговчиси

Бошқа хабарлар