ЎҚУВЧИЛАР ҚАНДАЙ ОВҚАТЛАНИШЯПТИ?

80

Бугун келажак эгаларини ҳар
томонлама комил инсонлар қилиб тарбиялаш ҳақида кўп гапирилмоқда. Аммо амалда
бунинг учун барча тегишли чоралар кўриляптими? Айтайлик, мактаб ўқувчиларининг
сифатли овқатланишлари таъминланяптими? Қўшкўпир туман ҳокимлигининг «Ҳаёт
кўзгуси» газетасида чоп этилган «Мактаб ошхоналарини
кўрганимизда…» мақоласида ана шу саволларга жавоб изланади.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

МАКТАБ ОШХОНАЛАРИНИ КЎРГАНИМИЗДА…

Ўқинг…Намуна олинг!

 «Нонни увол қилма, нонни ушоғи ҳам нон», «Тўғри
овқатланиш қоидаларига риоя қилинг», «Озодалик соғлик гарови», «Ёқимли иштаҳа»…
туманимиздаги 2-сон мактаб ошхонасига  кириб борар эканмиз, девордаги шундай сўзлар
эътиборимизни тортди. Тасвирлар орқали ифодаланган сўзларни ўқиган ўқувчи
албатта, шуларга амал қилиши табиий. Сабаби, нафақат мактаб синфлардаги
баннерлар балки, мактаб ошхонасидаги баннерлар ҳам ўқувчини гигиеник жиҳатдан
тарбиялаб, унинг овқатланиш маданиятини оширишга хизмат қилади. Тадбиркор
Боймурод Эшчонов ташаббуслигида ошхона 14 та стол ва етарлича стуллар, иссиқ
сув узатувчи арестон мосламаси билан таъминланган. Ошхонанинг мактаб маъмурияти
томонидан таъмирланиб, иссиқ шароитларга эга қилиб қўйилганлиги қувонарли
албатта. Айниқса, ошхонада барча ўқув қуроллар, ичиш учун қайнатилган сув,
тушлик учун эса арзон ва сифатли пишириқлар,  булочкаларнинг гигиена қоидаларига
тўла риоя қилинган ҳолатда сотилаётгани соғлом турмуш тарзига риоя қилинаётганидан
далолатдир. Яна бир эътиборли жиҳати шуки, ўқувчиларнинг кўча-кўйда сотиб
оладиган ярим тайёр ва бошқа овқатларнинг организм учун зарарли томонлари ҳам
борлиги, айниқса, гамбургер, чизбургер, хот-дог, сосиска ва колбаса, сухарик,
сақич каби сотилиши таъқиқланган маҳсулотлар баннерларда кўрсатиб қўйилган.

– Ҳар куни учинчи соатдан кейин 15 дақиқалик танаффус
бўлади, –дейди ўқувчи Малика Назариева. – Мактаб ошхонасига кириб овқатланиб чиқишга улгурамиз. Ошхонанинг
тозалиги, нарх-наволарнинг ҳам арзонлиги бизга маъқул келади.

Хуллас, бу ердаги шароитларни
кўриб, барча мактаб ошхоналари ҳам шундай бўлса керак, деган фикрга келдик.
Аммо…

Ошхонами ёки ёйма бозор…

Ўқувчилар учун қандай егулик маҳсулотлари
савдоси йўлга қўйилганлиги билан қизиқиб, 4-сон мактаб ошхонасига кириб бордик.
Қарабсизки, савдо растасида ўқув қуроллар, унга аралаш сотилаётган сақич,    ўқувчилар
истеъмоли учун зарарли бўлган  маҳсулот (сухарик,  ҳатто юзга суртиладиган крем ва атирларнинг
борлиги хафсаламизни пир қилди. Ўқувчиларнинг тушлиги учун эса бирорта овқат ёки
қайнаган сув, чой кўзга кўринмади. Фақатгина бир килограмм чиқадиган  қўлбола пирог  сотувда экан холос. Сухарик ёзувли пакетчаларни ушлаб турган ўқувчиларни суҳбатга
тортганимизда, улар нархи 500-1000 сўм атрофида сотиладиган арзон ва сифатли сўмса, бошқа
қайноқ егуликларни ҳоҳлашларини айтишди. Яна бир ўқувчи эса олдинлари 2000 сўмга сўмса ва бошқа овқатларни сотувга қўйишганини, нархи эса қимматроқ
бўлгани учун сотиб олишга имкони йўқлиги ҳақида гапирди. Сабаби унинг оиласида
2 нафар фарзанд шу мактабга келар экан. Хўш, мактабдаги тушлик муаммосини ким ҳал
қилади? Ўқувчилар тушлиги ва ўқув қуролларини ўз зиммасига олган тадбиркор
мактаб маъмуриятининг талабларини қай даражада бажаряпти? Эрталаб ва пешинда ўқувчиларга
дарс берадиган ўқитувчилар қаерда овқатланади? Хуллас бу саволларга жўяли жавоб
тополмадик. Тадбиркор Ойсара Қурбонбоевани суҳбатга чорлаганимизда эса
олдинлари турли таомлар пиширганини ва таомлар на мактаб ўқувчилари на ўқитувчилари
томонидан бирон марта ҳам сотиб олинмаганлигини куйиниб гапирди. Шу ўринда битта
савол туғилади? Нарх арзон, сифатли овқатни қайси ўқувчи ёки ўқитувчи  сотиб олмас экан? Ўқувчиларнинг фикри ошхона ходимининг фикрини қай тарзда оқлаяпти?  Мутлақо гигиена
талабларига жавоб бермайдиган ошхона деворларида тўғри овқатланиш билан боғлиқ
бирорта баннерни учратмадик. Сотув растаси атрофи кийим-кечак, кераксиз
нарсаларга тўла. Ошхонада махсус столлар эмас,  балки 5 та парта  ўрин олган холос.

         Ўқувчилар хавфсизлигига ким жавоб беради?!

– Ошхонамиздан тенгдошларим билан 500 сўмга булочка, 1000
сўмга гўштли пирашкалар сотиб оламиз, – дейди 25-мактаб
ўқувчиси Чарос Султонова. – Орада ролтон шўрваси билан
биргаликда чой ҳам тайёрлаб беришади. Уларнинг ҳамёнбоплиги, сифати бизни қониқтиради.

         Мактаб
ошхонасига кириб ўқувчилар тушлиги учун шу егуликларнинг тайёрланаётганига ҳам
бироз хурсанд бўлдик. Оч қоринга кимга ҳам гап ёқарди? Боланинг яхши ўқиб-ўрганиши, дарсликларни вақтида ўзлаштириши учун
тушликнинг ўрни катта. Ошхона шароити билан танишганимизда у ерда овқат тайёрлаш
учун бирорта қулай шароитнинг гувоҳи бўлмадик. Эски замондан қолган,
ишламайдиган газ плиталар ва бошқа матоҳлар ошхонадан ўрин олган холос. Тўғри
овқатланиш қоидалари акс этган бирорта баннер бу мактаб ошхонасида ҳам кўринмади.
Овқатланадиган стол-стуллар эса талабга жавоб бермайди. Қувонарли томони шуки, ўтган йил муассасага тоза ичимлик суви тортилиб, ўқувчилар
ундан фойланаётган экан. Иссиқ ва совуқ сув узатадиган  ҳамда қўл ювиш мосламаси ўқувчилар хизматида.  Мактаб маъмурияти ошхона билан боғлиқ
камчиликларни туман халқ таълими бўлимига хат  орқали йўллаганларини айтишди.  Хўш, бунинг натижаси қани? Газ плита бўлмаган жойда қандай овқат пишириш мумкин? Якка
тадбиркор Гавҳар Сапаева шундай дейди: Ошхона бирор шароитга эга бўлмасада, йўқдан
бор қилиб, ўқувчиларни тушлигини таъминлаб беришга ҳаракат қиляпмиз. Агар
ошхона етарлича овқат тайёрлай олмасак, болалар йўлнинг нариги бетида жойлашган
дўконларга боришга ҳаракат қилишади. Улар билан боғлиқ хатар келиб чиқмаслиги
учун имконим борича егуликлар сифати ва сонини оширишга ҳаракат қиламан.

Хўш, мактаб ошхонаси етарлича овқат
тайёрлаб беролмаётганини баҳона қилиб,  йўл қоидаларига амал қилмай дўконларга югуриб
кетаётган ўқувчилар хавфсизлигига ким жавоб беради? Уларни қанотлантирадиган овқатларни
пиширишга шароит қани? Бунга ким жавобгар?

Аҳвол ўша-ўша

5-мактаб ошхонасидаги вазият ҳам
бизни қониқтирмади. Овқат тайёрлаш учун 
газ плитаси мавжуд эмас. Сосискали хот-доглар бозори авжида. Тўғри
ошхонада ўқувчилар учун арзон пирашка (500 сўм) , хот-дог(1000 сўм)лар
сотилаётган экан, аммо арзон хот-дог ичидаги
сосискалар инсон саломатлигига путур етказмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.
Булардан ташқари ошхонанинг керакли стол-стуллар билан таъминланмаганидан
дилинг хижил бўлади. Бир сўз билан айтганда мактабдаги ошхона ҳам талабга жавоб
бермайди. Қўлидан келганча ҳаракат қилаётган ёш тадбиркор бор имкониятларидан
келиб чиқиб арзон, ҳамёнбоп овқатларни тайёрлашга ҳаракат қилмоқда. Бироқ,
шароитсиз жойда қилинган ҳаракатдан кимга наф.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки,
дарсларда ўқувчиларга «соғлом авлод асослари», «Саломатлик сабоқлари», «соғлом
оила асослари» каби кўпгина дарсликлар орқали соғлом овқатланиш тартиби,
санитария ва гигиена қоидалари, зарарли одатлар ва уларни олдини олиш, қўлни
ювиш тартиби бўйича тушунтиришлар олиб борилади. Афсуски, бу сўзлар  айрим мактаб ошхоналарида  ўзининг амалий ифодасини топгани йўқ. Энг
ачинарлиси, кузатувларимиз давомида 4-,5-, 25-сон мактабларида Ўзбекистон
Республикаси давлат санитария-эпидемиология марказининг қарорига асосан мактаб
ошхонасида сотилиши таъқиқланган маҳсулотлардан чипслар, кириешка ва
хрустяшкалар, сақич, хот-догларнинг сотувга чиқариб қўйилаётганига гувоҳ бўлдик. Ошпазларнинг бирортаси эса оқ халат ва
махсус бош кийимда кўринмади.

Ошхоналардаги бундай ҳолатга нафақат
мактаб раҳбарлари, балки шу ерда ишлайман, тадбиркорлик қиламан деганлар   ҳам  айбдордир. Пулни ҳалол топиб, нонни ҳалоллаб
ейишга нима етсин. Хўш, ушбу камчиликлар қачон тузатилади?

    Мақсадимиз
камчиликларни айтиб, бировни изза қилиш эмас, ошхоналардаги аҳволни яхшилаб,
фарзандларимизни тўғри ва соғлом овқатланишларини кафолатлаш. холос.

                                                                               Руҳия ИСМОИЛОВА,

Назокат  МАШАРИПОВА,

 «Ҳаёт кўзгуси» газетаси

мухбирлари

2019 йил 13 апрель, 10-сон

«Ҳаёт кўзгуси» газетаси

Бошқа хабарлар