Ўзаро ҳамкорлик кучаймоқда

96

Халқ таълими вазирлиги газетанинг шу йил 2 март сонида чоп этилган «Тарбия учун фақат мактаб масъул(ми?)» сарлавҳали мақола юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:

«Ўқувчи-ёшларнинг тарбияси билан боғлиқ бўлган ушбу мақола мавзусининг ҳақиқатан долзарблигини таъкидлаган ҳолда, таълим муассасаси ва ота-­оналарнинг масъулиятига доир ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам мавжудлигини айтиш жоиз. Агар ҳар бир киши бу қонуний ҳақ-ҳуқуқларни ва мажбуриятларни тўлиқ англаса, жамиятнинг ҳар бир бўғинида, айниқса, мактабгача таълим муассасаси, умумтаълим ҳамда ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасаларида муаммоларга ечим топилади.
Мақолада таъкидланганидек, «…баъзи ота-оналар фарзандининг ўқишидан хабар олмайди, қандай таълим олаётганига қизиқмайди. Улар учун бола ярим кунини мактабда ўтказса бўлди». Аммо қонун бўйича ота-она фарзандининг ахлоқи, ўзини тутиши, хавфсизлиги, саломатлиги, ақлий-жисмоний ривож­ланиши учун ғамхўрлик қилиши шарт. Жумладан, мамлакатимиз Конституциясининг 64-моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурлиги, «Оила» кодексининг 73-моддасида ота-оналар фарзандини тарбиялаш учун масъуллиги, «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенцияда оилада бола ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиниши белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, умумий ўрта таълим мактабининг ички тартиб қоидаларида ҳам мактаб маъмурияти, унинг педагогик жамоаси, ўқувчилари ва ота-­оналарнинг ҳуқуқ-мажбуриятлари алоҳида кўрсатиб ўтилган. Ҳар ўқув йили бошида ички тартиб қоидаларнинг талаблари билан педагогик жамоа, ўқувчилар ва ота-оналар таништирилади, ўқувчиларнинг мактабдан ташқари пайтдаги ҳолати учун уларнинг қонуний жавобгарлиги кўрсатилиб, мазмуни билан танишган ота-оналар ўз бурчини яна бир бор эсга олганини имзоси билан тасдиқлайди. Зеро, «Таълим тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, вояга етмаган болаларнинг ота-оналари ёки қонуний вакиллари боланинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишлари шарт ҳамда уларнинг тарбияси, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олиши учун жавобгардир.
Бугунги кунда жойларда ота-она, мактаб ва маҳалла ўртасида ўзаро ҳамкорлик кучайтирилиб, уларнинг ваколати доирасида касбий ва шахсий ­масъулиятини оширишга хизмат қилувчи тадбирлар ташкил қилинмоқда».

Вазир ўринбосари

Д.Кенжаев

Бошқа хабарлар