ШАФФОФЛИККА АСОСЛАНИБ…

16


Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ахборот хизматлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган “Ахборот хизматлари фаолиятига оид назарий ва амалий аспектлар” мавзусида икки кунлик ўқув-семинар ташкил этилди.

Давлат ва хўжалик органлари ахборот хизматлари томонидан сифатли ахборот ва таҳлилий материалларни тизимли ва тезкор равишда тайёрлаш, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини содда тилда тушунтириш бугуннинг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. Тадбирда ушбу ўқув-семинар белгиланган вазифаларни самарали амалга оширишда ўзига хос методик ёрдам бўлиб хизмат қилиши алоҳида таъкидланди. Давлат ва хўжалик бошқаруви соҳасида очиқлик ва шаффофликка асосланган самарали қарорлар қабул қилиш тизимини жорий этиш, ахборот олишда мансабдор шахсларнинг жамият олдидаги ҳисобдорлиги, очиқлиги ва масъулиятини ошириш зарурлиги қайд этилди.

Ўқув-семинар давомида 50 дан ортиқ давлат бошқаруви идораларининг 70 нафарга яқин ахборот хизмат ходимлари ОАВ билан ўзаро самарали ҳамкорлик қилиш, улар учун ахборот материалларини тайёрлаш каби йўналишларда билимларини ошириш имкониятига эга бўлдилар. Давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ахборот ишининг ўзига хос жиҳатлари, ахборот хизматларининг асосий мақсад ва вазифалари, турли ОАВ билан ишлаш принципларини муҳокама қилиш, пресс-релиз тайёрлаш қоидалари, матбуот анжумани ва брифинглар ўтказиш каби қатор муҳим масалалар бўйича назарий билимларини мустаҳкамладилар. Шунингдек, “Ахборот хизматлари фаолиятига доир қонунчилик: миллий ва хорижий тажриба”, “Ташкилот фаолиятида учрайдиган стериотиплар. Уларни бузишда ОАВ роли”, “Инқирозли ҳолатларни моделлаштириш: ОАВ ва ахборот хизматлари ўртасидаги ҳамкорлик қандай амалга оширилади?” каби бир қатор мавзуларда машғулотларда қатнашиб, келгусидаги фаолият учун зарур ахборотларга эга бўлдилар.

Муқаддас РАЗЗОҚОВА,

“Ishonch”  мухбири

Бошқа хабарлар