ЗИЁ САРЧАШМАСИ

28

«Бухоро китоб олами» қалбларни нурафшон этмоқда

«Бухоро китоб олами» савдо мажмуасини бухороликлар яхши билади. Очилганига икки йил тўлаётган ушбу маърифий маскан китобсеварларнинг маънавий эҳтиёжларини, аҳолининг канцелярия маҳсулотларига талабларини юқори даражада қондиряпти. ­Эътиборлиси, илгари Бухоро шаҳридаги «Варахша» меҳмонхонасига қарашли умумий овқатланиш шохобчаси бўлган, айни пайтда Эъзоз Бобомуродов раҳбарлигидаги йирик савдо мажмуаси жойлашган муҳташам бино фақат шу мақсадгагина хизмат қилмайди. Бир йилга яқин вақт ичида бу ерда турли йўналишларда яна қатор муассасалар иш ­бошлади.

Қалдирғоч сайёҳлик агентлиги

«Anor travel company» сайёҳлик агентлиги ҳақида айни шундай таърифни қўллаш мумкин. Йил бошидан буён фаолият кўрсатаётган мазкур агентлик юртдошларимизга ички ва ташқи туризм, чет элликларга эса Ўзбекистон бўйлаб саёҳат йўналишларида хизмат кўрсатмоқда. Хусусан, агентликнинг «Етти пир» силсиласидаги қадамжоларга, шунингдек, Самарқанд, Хива сингари кўҳна шаҳарларга уюштираётган сайёҳлик сафарлари ҳар жиҳатдан мароқли ўтяпти. Бундан ташқари, Феруза Раҳмонова раҳбарлик қилаётган муассаса дас­туридан Туркия, Таиланд, Малайзия, Индонезия, Европадаги қатор мамлакатларга саёҳатлар ҳам ўрин олган. Ўз навбатида, улар тарихий мас­канлар, табиат, соҳилбўйи туризми йўналишларидан иборат. Чунончи, юртдошларимиз агентлик кўмагида Туркия ва Мисрнинг қадимий гўшаларини томоша қилиб, табиат қучоғида, Қизил денгиз бўйларида ҳордиқ чиқаришяпти. Таиланднинг Пхукет, Патайя сингари ороллари гўзаллигидан баҳра олишмоқда.
Бундан ташқари, агентлик хорижлик саёҳатчиларга «Буюк ипак йўли» йўналишида транспорт, меҳмонхона, овқатланиш, гид-экскурсавод хизматларини кўрсатяпти. Табиийки, тез орада бу ташкилотнинг фаолият миқёси янада ошади. Зеро, шу каби турагентликларнинг кўпайиб, самарали ишлаши орқали мамлакатимизда туризм равнақи таъминланиши аниқ. «Анор» бренди остида секин-аста танилаётган ушбу муассасанинг таъсисчиси эса «Бухоро китоб олами» бўлиб, унинг бош офиси айнан зиё маскани билан бир манзилда жойлашган.

Шу ердан хорижга «учирма»

Чет элда ўқишни кўпчилик хоҳлайди. Лекин бунга эришиш осон эмас. Айни шундай ниятдаги йигит-қизлар «Бухоро китоб олами»га бориб, тегишли мутахассисларга мурожаат этишса, кифоя. Аниқроғи, бир йилдан бери ушбу корхона билан умумий масканда хизмат кўрсатаётган «ASIA EDUCATION» компанияси барча хоҳловчиларга Хитой, Жанубий Корея, Полша ва Малтадаги ўттиздан ортиқ олий ўқув юртининг бакалавриат ҳамда магистратура йўналишларида таҳсил олишга кўмаклашади. Хўш, бу қандай амалга ошади?
Компания раҳбари Шоҳобиддин ­Садриддиновнинг айтишича, чет элдаги муайян таълим даргоҳлари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган ва шунга кўра инглиз тили бўйича IELTS сертификатига эга юртдошларимиз бевосита «ASIA EDUCATION» ёрдамида ўша билим масканларига имтиҳонсиз ҳам қабул қилиняпти. Бунинг учун дастлаб мазкур компанияга мурожаат этган шахснинг ҳужжатлари тайёрланиб, хорижий ОТМга юборилади. Сўнгра шартнома тузилади. Томонлар келишувига мувофиқ ўқиш қайси хорижий тилда бўлиши талабанинг ихтиёрида. Мабодо у тегишли тилни билмаса, 1-курсда бепул ўргатилади. Қайсидир мутахассислик бўйича ўқишнинг ўзи эса пуллик. Бундан ташқари, компания йигит-қизларга виза олишга ёрдам беради. Талабалар чет элдаги таҳсил чоғида бирон муаммога йўлиқса ҳам «ASIA EDUCATION»га суяниши мумкин.
«Бу ташкилотнинг кўмагисиз ҳам хорижда ўқиса бўлади-ку?!» деган савол туғилиши табиий. Шунга жавоб тариқасида бир мисолни келтирсак. Чин юртидаги Сичуан санъат ва фан университети (Sichuan university of arts and science)нинг компьютер технологиялари факультети талабаси, бухоролик Умидали Жабборов ўқиши учун бир йилда 722 АҚШ доллари тўлаяпти. Агар у «ASIA EDUCATION» имкониятларидан фойдаланмаганида 1733 доллар сарфлашига тўғри келарди. Ўз навбатида, ётоқхона харажатлари 650 долларга тушар эди. Бунинг ўрнига ўша йигитнинг ётоқ учун тўлови уч ярим баробар арзон миқдорни ташкил этмоқда.
Умуман, Бухородаги компания имкониятларидан фойдаланишнинг шу сингари афзалликлари кўп. «ASIA EDUCATION» мутасаддилари фаолият кўламини янада кенгайтириш ниятида. Хусусан, яқин келажакда уларнинг халқаро таълим ҳамкорлиги дастуридан Америка, Ғарбий Европа ва Россиядаги олий таълим даргоҳлари билан худди шундай битимлар тузиш режалаштирилмоқда.

Талабга мос танлов

Дарвоқе, яқинда «Бухоро китоб олами» МЧЖ таъсисчилигида эркаклар кийим-кечаклари дўкони очилди. Бунинг учун икки миллиард сўмга яқин ­маблағ сарфланди. «Атланта» номли ушбу йирик савдо масканида ҳозир юздан ортиқ турдаги маҳсулотларни кўриш мумкин. Шу тариқа эркаклар ва ўғил болаларга мос турли бичим ҳамда ўлчамдаги бош, оёқ, маросим, спорт кийимлари, уст-бош, костюм-шимлар харидорларга манзур бўлмоқда. Юртимиз, Туркия, Хитой, Вьетнамда ишлаб чиқарилган бундай сифатли, кўркам, нисбатан арзон либослар чегирмалар асосида, шунингдек, «1+1=3» кўринишидаги акциялар, бонуслар орқали ҳам сотиляпти. «Атланта» ходимлари «Талабга мос танлов» шиори остида иш юритишмоқда.
Хуллас, «интилганга толе ёр» деган шиорга қатъий амал қилаётган бухоролик тадбиркорлар китобнинг зиё, илм ва маърифат чашмаси эканини теран англаб етишган. Эҳтимол, эришилаётган ютуқлар сири шунда бўлса, ажаб эмас.

Рустам ИБРОҲИМОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар