“Orto tavalut kunin blan tabriklima…”

177


Ўзбек тилининг гўзаллиги асрлар оша сайқалланиб боргани айни ҳақиқат. Афсуски, бугунги кунда она тилимизга бўлган эътибор, айниқса, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг назаридан четда қолмоқда. Бу ҳолатни уларнинг ёзишмаларида кузатиш мумкин. Ўзбек тилининг қонун-қоидасига тўғри келмайдиган сўзларни нафақат ижтимоий тармоқлар, балки фирма, МЧЖ ва бошқа корхоналарнинг номланишида ҳам учратамиз. Журналист Юлдуз Ҳожиеванинг мақоласида ана шундай ҳолатлар ҳақида сўз боради.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

САВОДСИЗЛИКНИ КИМЛАР ТАРҒИБ ҚИЛЯПТИ? УНГА ҚАРШИ ҚАНДАЙ КУРАШМОҚ КЕРАК?

Тил — миллатнинг дунёда борлигини билдирадиган бирламчи омил. Имло қоидаларига риоя қилсак, она тилимизни авайлаган, ривожлантиришга ҳисса қўшган, ҳурмат кўрсатган бўламиз. Кўпчилик бу масалага майда иш деб қараши мумкин, аммо бугунги эътиборсизлигимиз келажакда ўзимизга қимматга тушиши ҳеч гапмас. Нима учун?

Бу саволга жавоб топиш учун қайси алифбо, қайси тилда ёзилганига бир қарашда тушуниш мушкул бўлган мана бу матнга эътибор қаратишни истардик: «Orto tavalut kunin blan tabriklima bahtli bogin 100lani qarwlab umrin uzo bosin sen talaga yoll x4qa4onotori bomasin». Ижтимоий тармоқ орқали тарқалган ушбу табрик — ўзбек тили учун жуда шармандали ҳол. Шуни ёзган одам мактабга борганмикан, она тили ўқиганмикан, деган савол туғилади. Тилимизни ерга ураётган, тай­ёр ҳарфларимиз қолиб, янги белгилар «ижод қилаётган» бу каби ёшлар, афсуски, оз эмас. Интернетда кўпчилик «табрикнома»дан кулди. Аммо айни «фазилат» аксарият ёшларимизга хослигини инобатга олсак, ташвишга тушмай иложимиз йўқ.

Шу ўринда рус ёзувчиси Николай Карамзиннинг жуда долзарб фикри ёдга тушади: «Она тили ўқитиш халқ таълимининг бош йўналишини эмас, балки унинг бутун моҳиятини ташкил қилиши керак». Дарҳақиқат, юртимизда қайси соҳа бўлмасин, хоҳ математика, хоҳ биология ёки нанотехнология бўладими — барчасида ўзбек тили пухта ўргатилиши зарур.

Она тилимизнинг имкониятлари, маъно нозикликларини ифодалашдаги салоҳиятини билиш учун тилшунос бўлиш шартмас. Ана шу хазинадан қачон ўринли фойдаланамиз? Бугунги авлод тилимиз ҳақида қандай фикрда? Алмойи-жалмойи «ашулалар» яратаётганлар, тушунарсиз «номлар» ўйлаб топиб, бинолар пештоқига қистираётганлар ёки ижтимоий тармоқларда «доно» фикрлар тарқатаётганларга тилимизни хорлашга ким рухсат берди? Ҳеч ким рухсат бермаган бўлса, кимдир бу бошбошдоқликни жиловлайдими?

Ижтимоий тармоқлар саводсизликни эмас,

саводхонликни тарғиб этсин

— Фикримизча, аксарият ҳолларда турли иллатлар, таҳдидларни келтириб чиқараётган асосий сабаблар билан эмас, балки уларнинг оқибатларига қарши курашиш билан чекланиб қоламиз, — дейди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори Абдулҳай Собиров. — Тилга муносабатда ҳам ана шу ҳолат кузатилади. Бунинг сабабларини санаб ўтсак. Бугун бутун дунё глобаллашувга интиляпти, қулайлик учун янги-янги техникалар ихтиро қилинмоқда. Аммо бундай қулайликлардан ўрнида фойдаланиш керак. Қолаверса, ижтимоий тармоқлар саводсизликни тарғиб этишга эмас, унга қарши курашишга, тилимизни ёйишга хизмат қилиши лозим. Тилимизга нисбатан нотўғри муносабатда бўлиш, она тилини пухта билмаслик мана шундай шармандали ҳолларга сабаб бўлаётир.

Бундай иллатлардан қутулишнинг яна бир йўли катта авлодни замонга мослаштиришимиз керак. Дунё тилшунослигида бугун брендология, нейминг каби йўналишлар ишламоқда, бизда эса йўқ. Яъни брендларнинг номлари, турли атамалар билан ишлайдиган махсус ходимлар ўзбек тилшунослиги учун жуда зарур. Тилни сийқалаштириб, қашшоқлаштириб юбораётган ҳолатлар телевидение, газета-журналларда ҳам учрайди.

Саводсизликдан қутулишга умид қилса бўладими?

Албатта, бу ҳолатлар ўткинчи. Жорий ўқув йилидан бошлаб университетимизда компьютер лингвистикаси йўналиши очиляпти. Бундай мутахассислар айнан ижтимоий тармоқларда ўзбек тилининг софлиги учун курашишади, ўзбекча сўзлар, бирликларни киритиб, назорат ўрнатишади.

Русча ёки инглизча сўзни интернетга киритаётсак, автоматик тарзда уларнинг тўғри ва бехато шакли чиқиб келади. Бизда-чи? Нега ўзбекча матн таҳрири вариантлари тилимизга нисбатан татбиқ этилмайди?

Интернетда кўплаб тилларнинг базаси яратилган. Жумладан, ҳамма учун очиқ бўлган, кўп тилли, интернет-энциклопедияси — википедияда 4,5 миллиондан зиёд инглизча маълумот бор. Уларнинг бари хатосиз маълумотлар. Ўзбек тилининг эса ҳали тўлиқ википедиясини киритолганимиз йўқ. 

Университетимиз ректори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов бугунги кунда бир эзгу ташаббусни, хайрли таклифни — Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Тил инспекциясини тузишни илгари суряпти.  Агар ушбу таклиф маъқулланса, тилимиз ривожида янги босқич бошланади. Ана шунда тилимизни ҳимоялаб барча соҳаларда назорат ўрнатишга, йўл қўйилган хатоларни тузатишга, қўполликлар учун чоралар кўришга имконият яратилади.

Тилимиз оёғидаги тош

«Умидграндфарм», «Саидадента», «Софmilky» каби номларда ўзбекча, русча ва инглизча сўзлар аралаш қўлланилган. Аммо шу кўриниш юқоридаги тилларнинг бирортасининг қонун-қоидасига тўғри келмайди. Хўш, нима учун бундай номлар ёмғирдан кейинги қўзиқориндай болаламоқда? Ахир, маҳсулот ёки фирма номи учун она тилимизда муносиб сўз ёки бирикмалар топилмайдими?

Миллий қонунчилигимизда фирма, МЧЖ, очиқ турдаги акциядорлик жамияти, ёпиқ турдаги акциядорлик жамиятларига, тегишли ташкилотларга ном танлаш ихтиёрий дейилган. Назаримда, ана шу тамойил тилимиз оёғидаги тошга айланган. Буни олиб ташлаш вақти келди. Ваҳоланки, бундай номлар содда, тушунарли, миллийликка асосланган, тарихий илдизга эга бўлиши, соҳани ифодалай олиши лозим. Юқорида таъкидлаганимиз Тил инспекцияси иш бошласа, бу борада ҳам жиддий ўзгаришлар бўлади, албатта.

Ибн Арабшоҳдан ўқиб қолдим

Соҳибқирон тилга нисбатан доимо ҳурматда бўларкан. Ҳатто ҳузурига келган чет давлатлар элчиларидан исмигача сўраркан. Иттифоқо, бир элчининг кириб келиши, туриши Амир Темурга ёқмабди. «Исминг не?», дея сўрабди элчидан. «Байсақ», дебди элчи. «Исмингни маъноси не?», деб савол берибди яна Темурбек. «Билмайман. Ота-онам шундай қўйган», елка қисибди Байсақ. Шунда Темурбек ғазабланиб: «Ўз исмининг маъносини билмайдиган одам икки мамлакат ўртасида қандай элчилик қилади?!», дея уни ҳайдаб чиқариб юборган экан. Тилга ана шундай гўзал муносабати туфайли Соҳибқирондан Боғи шамол, Боғи дилкушо, Боғи жаҳоноро, Боғи баланд каби муаззам номлар қолган. Бу номлар ҳозиргача тилимизнинг гўзаллиги, латофатини намоён этиб турибди.

Бобурмаҳ, Навоийакфа, Глинкадента

Тадбиркорлар кўпайса, халқ бойийди. Аммо ана шу ишбилармонлар билиб-билмай тилимизга озор етказишаётгани, улуғ шахсларга нисбатан ўта ҳурматсизлик қилишаётганини ўйлаб кўришармикан? Мисол учун, йўналишли таксиларда Бобур номидаги маҳалла деб ёзиш ўрнига «Бобурмаҳ» деган ғалати ном ихтиро қилинган. Миллатимиз фахри саналган буюкларнинг исмига бўлар-бўлмас сўз қўшиб, турли номлар ясаб бўлмайди. Буларни халқимизга кенгроқ тушунтиришимиз керак.

Гувоҳи бўлганингиздек, муаммо кўп, аммо калаванинг ипини тополмаймиз. Менимча, калаванинг учи, бутун умидларимиз рўёби — Тил инспекциясининг ташкил этилишидадир.

Она товуқ, она қўй, от ва туя сути. Тилимиз шу қадар қашшоқми?

Яқинда Гулистон шаҳрида Тўра Сулаймонга бағишланган анжуман бўлди. Тадбир «Тўра Сулаймон — тилшунос» деб номланди. Аслида ушбу бетакрор ижодкор ўз шеърларида халқ бойлигини ортмоқлаб келаётган экан. Унинг ижодида шу қадар гўзал сўзлар, халқона жумлалар борки, бу бойлик ҳозиргача халқ тилида қолиб кетмоқда, адабий тилга олиб ўтилмаяпти.

Жумладан, Тўра Сулаймон туя сути, от сути, она қўй, она товуқ каби бирикмаларни ишлатишга жуда  қаттиқ қаршилик қилган. Нега от сути дейсизлар, қимиз бор-ку, туя сутини ифодаловчи қумрон бор, дея ижодкорларни ушбу сўзлардан унумли фойдаланишга даъват қилган. Хўроз, макиён, товуқ, жўжа каби сўзлар ушбу парранданинг ёши, жинси ҳақида ҳам тўлиқ маълумот беради. Аммо барибир она товуқ деймиз. Она қўйнинг ўрнига совлиқ сўзи ушбу тушунчани акс эттиради-ку?!

Демак, тилимизни халқаро миқёсга олиб чиқишимиз учун ҳали бажарадиган ишларимиз жуда кўп. Бунинг учун жамики зиёлилар курашиши, фақат тилшуносларга юклаб қўймасдан, барча бир ёқадан бош чиқариши зарур.

Юлдуз ҲОЖИЕВА,

«Маhаllа»

2019 йил 11-18 апрель, 18-сон

«Маhаllа» газетаси

Бошқа хабарлар