ЎЗБЕКИСТОНДА ҚОЗОҒИСТОН ЙИЛИ ОЧИЛДИ

35

у қардошлик ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти ­Шавкат ­Мирзиёев ва Қозоғис­тон Рес­публикасининг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев 2017 йилда олий даражадаги мулоқотлар сўнгида 2018 йилда Қозоғистонда Ўзбекистон йили ва 2019 йилда Ўзбекистонда Қозоғис­тон йилини ўтказишга келишиб олган эди.
Бу халқларимиз ўртасидаги ҳамкорлик тарихида ноёб воқеа сифатида қардошлик муносабатларини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

«Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида 15 апрель куни Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг расмий очилиш маросими бўлди.
Президент Шавкат ­Мирзиёев ва Президент ­Қосим-Жомарт Тоқаев нутқ сўзладилар. Давлат раҳбарлари Қозоғистонда Ўзбекистон йили доирасида фаоллашган маданий-гуманитар алоқалар халқларимизни янада яқинлаштирганини таъкидладилар. Мазкур йирик тадбир халқларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаб, азалий дўстликни улуғлашдек муштарак мақсадларга эришишда муҳим ўрин тутишини қайд этдилар.
Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг очилиши стратегик шериклик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб, ишонч ва ўзаро қўллаб-қувватлаш кучайиб бораётганидан далолат беради. Ушбу муҳим воқеа халқларимиз ўртасидаги абадий ва самимий дўстлик, маданий ва маънавий яқинлик рамзидир, деди Шавкат Мирзиёев.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистонда Қозоғистон йили дои­расида ўтказиладиган тадбирлар қардош халқларимиз маданий алоқаларини янада мустаҳкамлашини қайд этди.
Ўзбекистон Республикасида Қозоғистон йили очиқ, деб эълон қилинди.
Маълумки, Қозоғистонда 2018 йилда кенг нишонланган Ўзбекистон йили доирасида иқтисод, туризм ва маданий-гуманитар соҳаларда кўплаб тадбирлар, маърифий учрашувлар, турли фестиваль ва ижодий кечалар ўтказилди. Икки мамлакат санъат намояндаларининг ўзаро ташрифлари амалга оширилди. Ўзбек Миллий академик драма театри, Навоий вилояти ижодий жамоаларининг гастроль сафарлари қўшни Қозоғистон вилоятларида катта қизиқиш билан қарши олинди.
Бугунги кунда мамлакатларимиз олий таълим тизимида ҳамкорликка оид 50 дан зиёд битим ва келишувлар амал қилади. Мамлакатимиздаги 400 га яқин мактабда қозоқ тили ўқитилади, олий таълим муассасаларида қозоқ тили, математика, физика ва бошқа фанлар бўйича педагог кадрлар тайёрланади. Чимкент шаҳрида 2018 йилнинг май ойи­­да Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ва Қозоғистон халқ ассамблеяси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Бу икки мамлакат ҳудудида ўзбек ва қозоқ тилларини ўрганишдаги ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитиш имконини берди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 13 мартда «Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Шунинг баробарида Қозоғис­тонда сўз мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллиги катта тантана қилинди. Бу адабиёти ва маданияти бир дарёдан сув ичган, азалдан қавм-у қариндош бўлган халқларимиз ҳаётидаги муҳим воқеадир. Мамлакатимизда Қозоғистон адабиёти ва маданияти марказининг очилиши эса ушбу соҳадаги ҳамкорлик бардавомлигининг яна бир тасдиғи бўлди.
Дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда Ўзбекистон – Қозоғистон парламентлараро дўстлик гуруҳлари ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, 2018 йил ноябрь ойи­­да икки мамлакат парламентлари қуйи палаталари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиши қонун ижодкорлиги муносабатларида янги даврни бошлаб берди. Бу, ўз навбатида, савдо-иқтисодий, ижтимоий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётир.
Мамлакатимизда Қозоғис­тон йилига катта тайёргарлик кўрилди. Унинг доирасидаги тадбирлар санъат, фан, таълим ва тадбиркорлик соҳалари вакилларига ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, билим ва тажриба алмашиш учун янги уфқлар очади. Маданиятларимиз бир-бирини бойитишига, халқларимиз янада яқин бўлишига хизмат қилади.
– Бу йил Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг кенг нишонланиши ҳудудлар ўртасидаги маданият, ижтимоий-гуманитар ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқади, – деди Қозоғистон Рес­публикаси маданият ва спорт вазири Аристанбек Муҳамедиули. – Кўплаб маданий тадбирлар, икки мамлакат санъат усталари ва театр жамоаларининг гастроль сафарлари ташкил этилади.
Бутун дунёда мамлакатларимизнинг бой тарихи билан танишиш, бетакрор урф-­одат ва анъаналарини ўрганиш, меъморий ёдгорликлари мисолида асрий тамаддун ютуқларидан баҳраманд бўлиш истагида бўлган сайёҳлар сони йил сайин ортиб бормоқда. Шу боис ҳам бугун туризм соҳасидаги ҳамкорлик биз интилаётган муҳим йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасида ўтказиладиган қўшма тадбирлар ва лойиҳалар айни шу каби ҳамкорлик учун ҳам мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Очилиш маросими катта концерт дастури билан давом этди.
Шу билан Қозоғистон Рес­публикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи якунланди.

З.ЖОНИБЕКОВ,
У.ШОНАЗАРОВ,
ЎзА мухбирлари

Бошқа хабарлар