ЎЗИМИЗНИ ҲУРМАТ ҚИЛИШНИ ҚАЧОН ЎРГАНАМИЗ?

58


Зиёлиларимиз ўзбек тилининг мавқеини мустаҳкамлашга жиддий киришганга ўхшайди. Сабаби кейинги пайтларда оммавий ахборот воситаларида  ўзбек тилини асраш тўғрисида мақолалар чоп қилиниб, ижтимоий тармоқларда фикрлар билдирилмоқда. Аслида ҳам ўзбек тилининг умрбоқийлигини таъминлаш долзарб масала саналади. Она тилимиз – миллий ўзлигимиз тимсолидир. Уни асраш – ўзликни асраш, ҳурмат қилиш –ўзимизни ҳурмат қилишдир. Назокат Машарипованинг мақоласи ҳам шу ҳақда.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

СЎЗЛАШУВ ЎЗЛИГИМИЗГА ХОС БЎЛСИН

ёхуд тилимизга беҳурматлик билан қараётганлар хусусида

– Короче, менга бир килограмм печение беринг. Иложи бўлса тезроқ, ишга успет қилишим керак.

Рўзғор ташвиши билан дўконга кирдим. Сотувчи билан олди-сотди қилаётган харидорнинг русча-ўзбекча аралаш сўзлари эътиборимни тортди. Мен ҳам у-бу нарса харид қилдим-да, автобус бекатига йўл олдим. У ерда ҳам шу аҳвол. Телефонда гаплашаётган йигит кимгадир «нима, чунмадим, доказать қиласанми?, бўпти пака» дея ўзини атрофдагиларга «замонавий» сўзлашаётганини кўз-кўз қиларди. Кимлардир бунга эътибор берди, кимлардир назарига ҳам илмади. Чунки кўпчилигимиз алмойи-алжойи сўзларни кундалик ҳаётимизда қўллашга кўникиб қолганмиз-да…

Кўча-кўйда кимлардир билан муомалага киришгудек бўлсак, «проблема»,  «например», «отвечаю», «давай», «Окей» каби чет сўзларининг ишлатилишига гувоҳ бўламиз.

Бугун тилимиз шу даражада оқсоқланиб қолдики, баъзан у талаффуз қилаётган сўзни қулоғимиз эшитмайдиган, ўзимиз тушунмайдиган даражага етдик. Энг ачинарлиси, ўзбек тилининг ноадабий қатламини ташкил қилувчи жаргон ва вулгар сўзларини талаффузимизда қўллаб, уларни яхши фазилат дея санаётганимиздир. Чет сўзларни тилимиз билан қориштириб айтсам, маданиятли, замонавий инсон бўлиб кўринаман дейдиганлар наҳотки,  миллий ғуруримиз, ифтихоримиз тимсоли бўлган ўзбек тилимиз ривожига тўсиқ бўлаётганини тушунишмаса. Ўзимизга бир саволни бериб кўрайлик: Қайси миллат кишиси чет элда ўзининг миллий сўзи билан ўзбекча сўзларни аралаштириб гапирар экан?…Жавоб: Ҳеч ким.

Ахир ўзимизнинг бой тарихга эга, не-не синовлардан ўтиб, сайқалланиб келаётган ўзбек тилимиз бор.  

Абдулла Авлонийнинг «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган оинайи ҳаёти тил ва адабиётидир. Миллий тилни йўқотмак  миллатнинг руҳини йўқотмакдур» деган сўзларигни эсга олайлик. Унда тил миллий манфаат эканлиги, миллатнинг борлиги шу халқнинг тили билан боғлиқ эканлиги қайд этилган. Шундай экан, нега бугун бизнинг кимлигимизни кўрсатиб турадиган ўзбек тилимизга беписандларча муносабатда бўляпмиз? Кундалик ҳаётимизда ўзбек тилини қўпол бузиш ҳолатларининг келиб чиқаётганлиги, соф ўзбек тили меъёрларига амал қилинмай, сўзлашув маданиятининг бузиб қўйилаётганлиги ачинарли ҳолат эмасми? Бизни нима мажбур қилибдики, тилимизнинг бой имкониятларидан фойдаланмай, жаргон ва вулгар сўзларга мурожаат қиламиз. Бу нафақат ўзбек тилини яхши билмаслик, сўзларини ўринли қўлламаслик, балки бошқа тилларга бўлган ҳурматсизликнинг бир кўриниши сифатида талқин этилмайдими?!

Грамматик қоидаларга солинган, қатъий талаффуз нормаларига эга ўзбек тилимиз бор. Ҳар биримиз анашу тил ва нутқ имкониятларидан тўғри фойдалансак, нафақат ўзимизнинг маданиятимизни, балки ўсиб келаётган ёш авлод қалбида тил бебаҳо қадрият, миллат ғурури эканини  шакллантирган бўламиз. Зеро, тил миллатнинг онги ва хотираси, руҳияти, маънавий-маърифий қиёфаси, ўтмишининг инъикоси эканини унутмайлик.

Назокат МАШАРИПОВА. 

2019 йил 29 март,  9-сон

«Ҳаёт кўзгуси» газетаси

Бошқа хабарлар