“БУНИ “ЧУВ” ТУШГУНИМЧА БИЛМАДИМ”

155


ёхуд ҳақиқатан ҳам қувват бағишлайдими?

Сўнгги вақтларда қувват бағишловчи ичимликларнинг рекламаси ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпайиб кетди. Қадамингизда эътиборингизни тортадиган реклама баннерларидан тортиб, турли кўринишдаги акцияларнинг барчаси диққатингизни ўғирлайди. Хўш, ушбу ичимликлар аслида ҳам қувват бағишлайдими, йўқми? Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш  жамиятлари федерацияси етакчи мутахассиси Айжамал Жолдасбаеванинг мақоласидан шу саволга жавоб топасиз.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

“O‘LIM  KOKTEYLI”

yoxud aksiyalar ortidagi og‘ular

 “Энергетик ичимлик нима?”, “Энергетик ичимлик истеъмол қиласизми?” каби мавзуларда ижтимоий тармоқларда сўровнома ўтказиб, охирги йилларда энергетиклар аҳоли орасида кенг тарқалганига гувоҳ бўлдик. Табиийки, бу ҳолатда оммавий ахборот воситаларида тинмай айланаётган рекламалар ва “мега акциялар”нинг ўрни катта. Хўш, аслида энергетик ичимликлар тарғиб қилинаётгани инсон учун фойдалими?

Бугун телевизорнинг бирорта канали йўқки, турли энергетик ичимликларни кўкларга кўтариб реклама қилмаётган бўлса. Бунинг устига шаҳар кўчалари, дўконлар пешайвонлари, қўйингки, кўзга ташланадиган жойлар ҳам энергетик ичимликларнинг «қувват» берувчи хусусияти акс этган жимжимадор ёзувлар ва уни ичишга чорловчи суратлар билан безатилган баннерларга тўлиб кетган. Бу шубҳасиз, ҳар бир кишининг онгига таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Истайсизми йўқми чанқаганингизда ранго-ранг рекламаларга учиб, энергетик ичимлик харид қилганингизни билмай қоласиз. Бугун кўпчиликнинг қўлида ушбу ичимликни кўриш одатий ҳол. Шунча ташвиқот камлик қилганидек, охирги пайтларда ушбу тоифадаги ичимликларни сотиш учун кўплаб “акциялар” ўтказиш урфга айланди. Телевидениеда эса халққа машҳур актёрлар, қўшиқчилар, актрисалар уларни кўз-кўз қилишдан чарчамаяпти. Энергетик ичимликни ортидан автомашина эгасига айланганлар эса, бошқаларнинг ҳавасини келтириб, «акциячилар»га ҳамду сано айтишмоқда.

“…Сотиб ол, “Тошкент Cити”дан квартира ютиб ол”

Бу чорловни эшитган ҳар қандай инсонда қизиқиш ортиши аниқ. Арзимаган 10-15 минг сўм сарфлаб, ҳашаматли хонадон соҳибига айланишни ким ҳам истамайди, дейсиз? Аммо, ўша тарғиб қилинаётган ичимликнинг таркиби қандай, уни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш соғлиққа зарарли эмасми? Қолаверса, маҳсулотни чиқарган компания ҳеч қачон ўз зарарига ишламаса керак. «Мега акция»ларга қўйилган ютуқлар, олинадиган фойданинг юздан бирини ҳам ташкил этмаслиги кундай равшан-ку.

Аслида, тарғиб қилинаётган қопқоқчалар ҳеч қандай ютуқли эмас. Шунчаки, минглаб харидорларнинг фойдалими-фойдасизми номаълум бўлган ичимликни сотиб олишга сарфлаган маблағидан арзимаган улуш, холос. Бошқача айтганда, ҳар қандай ҳолатда ҳам харидор ютқазади. Кимдир автомашина ёки бирор қимматбаҳо совға эгасига айланди ҳам дейлик. Аммо ўн минглаб, юз минглаб харидорлар баландпарвоз чорловларга алданди, холос. Чунки, тўлиқ ютуқли қопқоқлар 6 та ёки 5 та бўлади. Энди ўйлаб кўринг, Ўзбекистонда 33 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, демак пулингизни ҳавога совураётганингиз турган гап. Энг ҳайратланарлиси шундаки, ижтимоий тармоқларда “Ситро”нинг 6-қисмини топиб беринг, суюнчиси бор, ёки “WF” дан илтимос, 5 та қопқоқ қисмини топишга ёрдам беринглар” деган “постлар” тез-тез учраб турибди. Бундан унумли фойдаланишга уринаётган кимсалар эса сохта қопқоқларни пуллашаётгани қулоққа чалинаётир.

Алишер Полвонов (21 ёш):

– Энергетик ичимликларни хуш кўрмайман. Аммо шу акциясига қизиқиб сотиб оламан. Менимча, шу пайтгача олган энергетик ичимликларимнинг пулига автомобиль харид қилсам бўлардиёв. Буни “чув” тушгунимча билмадим. Шунчалик кўп харид қилдимки, аммо негадир ютуқли қопқоқдан дарак йўқ. Шунда “Facebook” ижтимоий тармоғи орқали ютуқли қопқоққа суюнчи бор, деб пост ёздим. Кўпчилик менда бор, қанча берасиз деб ёзди. Бошида ҳазиллашишяпти деб ўйладим. Аммо қизиқиш устун келиб, улардан бири билан учрашдим. Чиндан ҳам менда етишмаётган қопқоқ унда бор экан. Суюнганимдан айтган пулини бердим. Ўзимда йўқ хурсандман. Компанияга борсам бу қопқоқ “сохта” эканини айтишди. “Уддабурон”ни эса ҳалигача қидираман. Шунча пулларимга куйдим. Негаки кунига 3 ёки 4 та энергетик ичимлик сотиб олардим.

Ачинарлиси, қопқоқ йиғиш шунчаки қизиқиш эмас, баъзи ишқибозлар учун асосий мақсадга айланаётганидир. Албатта, телевизорда самарқандлик йигитнинг машина ютгани, навоийлик омадли киши маиший техникалар, нукуслик бахти чопган скутер ютгани хусусидаги реклама роликлари барчанинг ҳавасини ошириши турган гап. Шу ўринда қуйидаги маълумотни билиб олсак зарар қилмасди. Жорий йилдан бошлаб “Реклама тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган ва унинг 221-моддасида энергетик ичимликлар бўйича чекловлар жорий қилинди. Унга кўра, эндиликда қуйидагилар тақиқланади:

– соат 7-00 дан 22-00 га қадар энергетик ичимликларни телевидение ва радио орқали реклама қилиш;

– реклама қилиш мақсадида энергетик ичимликлар намуналарини ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар орасида текин тарқатиш;

– асосан ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар учун мўлжалланган тадбирларга ҳомийлик қилиш, агар бунда энергетик ичимликларнинг номидан, товар белгисидан ёки тасвиридан фойдаланиладиган бўлса;

– ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар орасида энергетик ичимликларнинг номи, товар белгиси ёки тасвири туширилган товарларни (футболкалар, бош кийимлар, ўйинларни ва шу кабиларни) тарқатиш, шу жумладан сотиш;

– асосан болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган босма нашрларда, шунингдек, тиббиёт, спорт ва таълим муассасаларида энергетик ичимликларни реклама қилиш.

Қувватбахш ичимликлар чиндан қувватбахшми?!

Европа давлатлари аллақачон бундай ичимликлардан воз кечмоқда. Улар энергетик ичимликларни “ўлим коктейли” деб аташади. Маълумот учун шуни айтиш лозимки, тилга олинаётган ичимликлар организмга қўшимча қувват бермайди. Фақат бу воситалар таркибидаги моддалар организмнинг ички резервига йўл очади. Соддароқ қилиб айтганда, ичимлик ҳеч қандай қувватга эга эмас, фақат ўз ресурсларингиздан фойдаланади.

Муҳаббат Жамшидова (шифокор):

– Бугун бозорларимизда қувватбахш ичимликлар сотуви кўпайиб кетди. Айниқса, акциялари ҳаммани қизиқтирмоқда. Аммо уларнинг таркибини кўпчилик билмайди. Энергетик коктейллар таркибига одатда катта миқдорда синтетик кофеин, доривор ўсимликлардан олинадиган фаол биологик табиий воситалар (лимон, женшень ва ҳ.к), шунингдек, С, РР, В2, В5, В6, В12 витаминлари қўшилади. Бундай ичимликлар кайфиятни кўтаради, чарчоқни қолдиради ва ақлий фаолиятни яхшилашга ёрдам беради. Унинг таъсири қаҳвадан икки баробар кўп сақланади, деб ҳисоблашади. Бироқ, тиббиёт ходимлари бу фикрни ёқламайди. Негаки, энергетик ичимлик соғлиқ учун қаҳвадан кўра хавфлироқ. Қўшимча қувват бахш этадиган ичимликларни истеъмол қилиш билан инсон турли касалликларни чақиради. Қон босими, юрак-қон томир тизимида муаммоси борларга бундай ичимликларни қабул қилиш қатъиян ман қилинади. Бу ичимликлар таркибида қувват берувчи моддалар билан бир қаторда инсон саломатлигига хавф солувчи кофеин, гуарана, таурин каби моддалар ҳам мавжуд. Бошқа кучайтиргичлар каби кофеин асаб тизими ишдан чиқишига олиб келади. Белгиланган меъёр бузилиши тахикардия, депрессия, невроз ошиши каби қўшимча аломатларни келтириб чиқариши мумкин.

Маҳбуба Камолова:

– Энергетик ичимликларни умуман харид қилмайман. Чунки бундан икки йил олдин укам битта корхонада қоровуллик қиларди. У тунда ухлаб қолмай деб энергетик ичимликларни кўп ичарди. Биз ҳам эътиборсиз бўлганмиз. Бир куни уйқудан турмади, шуни ўйласам ҳалигача қалтираб кетаман. Укам вафот этди. Чунки энергетик ичимликларни ҳаддан зиёд кўп ичганлиги учун, юраги ўйноқи бўлиб қолган экан. Буни экспертизадан кейин билдик.

Энергетик ичимликлар таркибида инсон организми учун хавфли моддалар борлигини билдик. Айнан ушбу моддалар инсон организмига қанчалик таъсир қилади?! Таурин энергетик ичимликларда, албатта, бўлиши шарт элемент. У мушак тўқималарида тўпланадиган аминокислота бўлиб, ичакдаги ёғлар эмулсиясига ёрдам беради. Энергетик ичимликнинг бир банкасида 400-1000 мг миқдоргача бўлади. Асаб бузилишига олиб келади. Кофеин организмни зўриқтиришга, турли асаб ва юрак касалликларини келтириб чиқаради. Мелатонин, матеин, инозит – бу воситалар уйғунлигидаги ичимлик организмни жисмоний ва ақлий зўриқиш билан ишлашга мажбур этади.

Энергетик ичимликлар (шу тоифадаги барча маҳсулотлар) бугун жаҳон бозорини тарк этмоқда. Чунки асосий мақсад инсон саломатлиги. Ушбу ичимликлар вақтинчалик йўқотган чарчоқ  ичимлик таъсири тугагач, икки баробар ортади. Натижада, организм чарчоқни йўқотиш учун яна қувват талаб этади. Шундай экан, табиий ҳаракатда бўлиш учун сунъий воситалардан меъёридан ортиқ фойдаланиш ҳаёт тарзига жиддий зарар етказишини асло унутмаслик лозим. Хулоса ўзингиздан…

Айжамал ЖОЛДАСБАЕВА,

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

 жамиятлари федерацияси етакчи мутахассиси

2019 йил 17 апрель, 15-сон

“Oila va jamiyat” газетаси

Бошқа хабарлар