“ТОМ БОШИДА ТОҒОРА…”

130


Бугунги кунда мамлакатимизда китоб мутолаасига катта эътибор қаратилмоқда. Аммо китоб дўконларини айланиб бирор бир китоб харид қилмоқчи бўлсангиз “усти ялтироқ, ичи қалтироқ” китобларга ҳам дуч келасиз. Манзура Шамснинг “Жамият” газетасида чоп этилган мақоласида шу ҳақда сўз боради.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

ШЕЪРЛАРИМДАН КЎРА СИГИРИНГИЗДАН

КЎПРОҚ ФОЙДА БОР

Китоб – инсоният ихтиролари ичида энг қадими, энг нодири ва энг мўътабаридир. Зеро, бир китоб дунёга келгунига қадар қанча одам заҳмат чекади, тунни тонгга улаб ишлайди. Умуман, китоб муқаддас манба. Бульгаков таъбири билан айтганда “Қўлёзмалар ёнмайди”. Бирор манба китобга айландими, у қаерда, қачон бўлмасин, бир куни қўлга олинади, ўқилади. Айни пайтда дунёда миллионлаб ноширлар миллиардлаб китобларни нашр қилишяпти.  Қўлга китоб олганда унинг ичидаги оламга ошуфта бўлмаган, варақларнинг ўзига хос ифоридан баҳра олмаган бўлмаган одам бўлмаса керак.

Бугунги кунда мамлакатимизда китоб ўқишга қизиқиш анча жонланди. “Китобхон оила”, “Ёш китобхон” сингари танловлар келажак авлодни қўлга китоб олишга қизиқтирмоқда. Айниқса, техника тараққиёти бу соҳани ҳам четлаб ўтмади. Китобларнинг электон нусхалари, аудиокитоблар жорий этилди. Бу қўлда китоб олиб юришга имкон бўлмаганда ҳам мутолаа учун имконият яратади.

Ҳар гал китоб дўконига кирар эканман, қуруқ чиқишга ҳижолат бўламан. Ўзим учун бўлмаса, фарзандларим учун бирор манба харид қилишга ошиқаман. Турмуш ўртоғим ҳам болаларнинг китоб ўқишига алоҳида эътибор қаратади. Улар билан мусобақага китоб ўқийди. Бугунги кун китобхонининг диди, савияси баланд, аммо… Баъзан китоб дўконларига кирсам, чиройли муқовали, пўрим китобларга ҳам дуч келаман. Уларни варақлаб кўриб, ашаддий детиктив, олди-қочди гаплар, ҳиргойигаям тушмайдиган шеърлар ўқийман. Эссиз, эссиз… Буни биров сотиб олмаслигини, талабаларга пуллаш даври ҳам ўтганини китоб чоп қилдираётганларнинг ўзи ҳам билади. Назаримда, уч-тўртта китоби чиққан деган ном олиш, қариндош-уруғ, қўни-қўшнига тарқатиб, таниш топиб, бирорта хонандага айттириш учун чоп эттиришса керак. Кейинги китобнинг номи радиода “хит” бўлиб, тингловчиларни хит қилган қўшиқ номи билан чиқиб туради. Майли, ҳар ким билганича яшайди. Нашриётларга ҳам иш керак. Лекин китоб деган мўъжизанинг қиммати-чи? Қоғознинг уволи, нашриётда ишлайдиганларнинг меҳнати-чи?

Мен ҳам шеърлар машқ қилиб адабиётга кириб келганман. Ҳалигача тўлқинланган, ҳайратланган лаҳзаларимни қоралаб қўяман. Бир куни қайнотам: “Агар китоб чиқармоқчи бўлсанг, бирорта сигиримизни сотардик, яна тортиниб юрмагин”, деб қолади. Шунда: “Ота, менинг шеърларимдан кўра сигирингиздан кўпроқ фойда бор”, дедим. Чунки ўзимни истеъдод сифатида тан олмайман. Шундай экан, ёзганларимни бошқаларга қандай юқтира оламан. Бу гапни айтишдан мақсадим, мақтаниш эмас.

Китоб ўқиб одам ҳам дам олиши, ҳам руҳи юксалиши, ҳам идроки теран тортиши керак. Битта мағизли гап излаб, қирқ бетлик тўпламни ўқиб чиқиши керак эмас. Афсуски, ёшларни чалғитадиган бундай манбалар кўп. Муқовада чиройли сурат, қалин ва сифатли қоғозлар… Ичи эса “Том бошида тоғора…” Бунақа китоб чиқариб ном қозонишнинг ҳам даври ўтди, шекилли. Чунки бугунги китобхонни алдаб бўлмайди. Шундай муаллифлар борки, шеър ёзди, қўшиқ айтди, кино ёзди, роль ўйнади… Уч-тўрт сўм моддий бойлик орттирмаган бўлса, маънавиятга ҳеч нарса бермади. Энди китоб чиқариб машҳур бўлиш қийин. Шундай экан, фарзандларининг уч-тўрт машқини олиб, нашриётга югураётган ота-оналар аввал уларга китоб олиб берсин. Улар китобнинг улуғ манба эканини англасин. Ёши бир жойга бориб, ижодга кириб келган муаллифлар қуда-андаларига, қариндошларига тўпламларини тарқатмоқчи бўлса, шунинг ўрнига Навоийнинг китобларини совға қилсин, халқ оғзаки ижоди намуналари том-том бўлиб нашрдан чиқаяпти, шуларни совға қилсин. Шунда кўпроқ савобга эришган бўларди. Майли, замон шундай. Ҳамма истаган ишини қилади, китоб чиқаришнинг ёмон томони йўқ, деймиз! Барибир китоб чиқармоқчи бўлаётган ёшлар, катталарга айтишни истаганим шу: китобнинг муқаддаслигини унутманг, у бизнинг ҳавойи гапларимиз билан тўлдириладиган манба эмас.

Манзура ШАМС

2019 йил 19 апрель, 15-сон

“Жамият” газетаси

Бошқа хабарлар