МАРЖОНА

211


Тоғ бағрида жойлашган мўъжазгина бир қишлоқда бугун тўй. Қиз-жувонлар қаторида Маржона ҳам борди. Қадди-қоматига ярашиб турган бежиримгина қизил кўйлаги яноқларини яна ҳам гулдай яшнатиб юборганди.

Аёллар уни бирин-кетин мақтай кетишди. Уларнинг бундай муомаласи Маржонанинг яримта кўнглини бироз кўтаргандек бўлди…

Тўй тугагач, келин янгалар қий-чув қилишиб, тўрт-беш аёлни “чимилдиқ осар”га чақириб қолишди. Уларнинг ичида Маржона ҳам бор эди. Барчанинг юзида кулгу. Тўйнинг ширингина қувончи. Маржонанинг ҳам юз-кўзларидаги ғамгинлик бироз чекинган, қалби  шодликка тўлган эди.

– Ҳой, қайси бирингиз чаққон, мих жуда баландда экан, бўйи новчароғинг бўлса, келиб чимилдиқ торларини бойлаб қўйинглар, – деди Ойниса ая.

Маржонанинг дили яйраб, Ойниса аянинг айтганини бажариш учун шайланди.

– Бахт берсин шу икки ёшга, – дея Маржона табассум билан чимилдиқ торларини боғлашга урина кетди. Лекин кутилмаганда хонага аюҳаннос солиб келган келин холанинг гапларидан тош каби қотиб қолди.

– Ҳой, Ойниса ая, сиз вакила бўлмай ҳар бало бўлинг, кўзингиз қаёқда эди ўзи, келиб-келиб шунга ҳам боғлатасизми, эридан айрилган бевага-я? Нима бало, жиянимни ҳам унга ўхшаб бахтиқаро қилмоқчимисиз. Атрофингизда шунча эрли жувонлар турса-ю, сиз…

Келиннинг холаси келиб, зарда билан Маржонанинг қўлларидан  чимилдиқ торини юлқиб олди.

– Ўзингнинг ҳам ақлинг йўқми? Жияним ҳам сенга ўхшаб эрсиз қолишини истаяпсанми? Ўрнингни бил-да!…

Маржонанинг бўғзига аччиқ фарёд тиқилди. Кўзларидан шошқатор ёшлар қуйилди. Бирорта ҳам сўз айтолмай, бошини пасга эгиб, маъюс ва вазмин қадамлар билан кўча томон ошиқди.

Зим-зиё қора тун қўйнида кетар экан, йўл бўйи кўз ёшларидан бутун вужуди дарё каби сел бўлиб оқди. Кўз олдида ўзининг бахт тўйидаги “чимилдиқ осар” гавдаланди. Аммо бундай ирим-сирим ҳамма қиз бахтига ҳам мос тушавермас экан. Сабаби…

Ўшанда Маржонанинг киражак чимилдиқ торларини ҳамма ҳавас қилса арзигулик, бахтли-тахтли бир хонадоннинг соҳибаси бойлаган эди-да…

Дилафрўз ЎРОЗОВА

Бошқа хабарлар