Сайловга тайёргарлик қандай?

109

Жорий йилнинг май ойида ўтказиладиган фуқаролар йиғинлари ­раислари (оқсоқоллари) сайловига тизимли равишда тайёргарлик кўрилмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлигида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2019 йил 15 февралда қабул қилинган «Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига асосан пойтахтимизда мазкур жараёнга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан амалга оширилаётган ишларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Республика комиссияси аъзоси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ­Қудратилла Рафиков, Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари Светлана Ортиқова, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳамда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раиси ўринбосари Шавкат Жавлонов иштирокида сайловни ташкил этиш ва ўтказиш ­бўйича тадбирлар режаси, сайлов бюллетенларини тайёрлаш, сайловни адолатли ва кўнгилдагидек ўтказиш мақсадида ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Йиғилишда қайд этилганидек, пойтахтимизнинг барча туманларида сайлов бевосита ўтказиладиган манзил ва объектлар рўйхатини шакллантириш ишлари сусткашлик билан бажарилмоқда. Туман комиссияларининг эътиборсизлиги оқибатида аксарият ишчи гуруҳлар раҳбарлигига сайлов қонунчилигидан, бу тадбирнинг моҳиятидан деярли бехабар шахс­лар тайинланган, ҳудуд аҳолисининг аксарияти сайлов ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас.
Айрим ҳудудий комиссиялар янги таҳрирдаги Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисидаги қонуннинг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламларига етказишда масъулиятсизликка йўл қўймоқда.
– Бу йилги фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови жамиятни янада ислоҳ қилиш ва демократлаштириш, мамлакатни модернизациялаш шароитида бўлиб ўтади, – дея таъкид­лади Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Республика комиссияси аъзоси, Касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков. – Бугун дунё ҳамжамиятининг нигоҳи бизга қаратилган. Шундай экан, ўта муҳим жараён ҳисобланган фуқаролар йиғинлари раислари сайловларини зўр уюшқоқлик билан ўтказиш учун барча чораларни кўришимиз зарур.
Танқид ва таҳлил руҳида ўтган тадбирда жойларда аниқланган муаммоларни бартараф этиш учун зудлик билан тегишли чоралар кўриш ҳамда амалга оширилган ишлар самарадорлигини кучайтириш мақсадида туман ҳокимликларига вазифалар белгиланди.
Шунингдек, сайловлар жараёнида тиббий хизмат кўрсатувчи пунктлар ташкил этиш, сайловчиларнинг вақтини ҳисобга олиш, сайлов участкаларини шай ҳолатга келтириш, сайлов бюллетенларини тайёрлаш борасида мутасаддиларга тавсиялар берилди.

Аъзамжон АБУЛФАЙЗОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар