Назарий ўрганиб, амалий кўникма ҳосил қилишди

92

Жиззах вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгашида бўлиб ўтган давра суҳбатини вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси ­Нусратилла Пардаев кириш сўзи билан очиб, иштирокчилар эътиборини давлатимиз томонидан хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, шунингдек, бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, яратилган ҳуқуқий асосларга қаратди.

Тадбирда Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерацияси меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Нодира Каримова хотин-қизлар, ёшлар ва болалар меҳнатига оид муҳим халқаро конвенциялар, мамлакатимизда хотин-қизлар учун яратилган муносиб меҳнат шароитлари, қўшимча имтиёз ва кафолатлар, шунингдек, меҳнат муҳофазасига оид маърузасида муҳим маълумотларни келтириб ўтди.
Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Назира Мухторова кейинги йилларда вилоятда аёллар ва ёшлар учун яратилаётган янги иш ўринлари, тадбиркорлик, уй-жой учун берилаётган имтиёзли кредитлар ҳақида батафсил тўхталиб, тадбир иштирокчиларини хотин-қизлар ва ёшлар масаласи билан боғлиқ улкан, устувор вазифаларни амалга оширишда ҳамкорликка чақирди.
«Jizzax Textile» масъулияти чекланган жамияти хорижий корхонаси касаба уюшма қўмитаси раиси Моҳира Облоқулова ҳамда «Жиззах пластмасса» акциядорлик жамияти назорат бўлими раиси Ойдинисо Арзиева ўзлари фаолият кўрсатаётган корхоналарда меҳнат муҳофазаси бўйича қилинган амалий ишлар, хотин-қизлар учун яратилган шарт-шароитлар, берилган имтиёзлар ҳақида тўхталиб ўтдилар.
Вилоят тиббий меҳнат эксперт комиссияси ходими, эксперт, шифокор-хирург Малик Мукаровнинг слайд тарзида тайёрлаб келган маърузаси тадбир қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди. У касб касаллик­лари, бахтсиз ҳодиса туфайли олинган жароҳатлар, турли тоифа ва даражадаги ногиронликлар тўғрисида қатор рақам ва мисолларни келтириб, жойларда меҳнат муҳофазасига бўлган эътибор ва талабни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Жиззах шаҳридаги «Jizzax Textile» ҳамда «Бону ширинликлари» масъулияти чекланган жамиятларида меҳнат муҳофазаси бўйича қилинган ишлар, хотин-қизларга, ёшларга яратилган шарт-шароитлар билан танишув ҳам қизғин руҳда кечди.

Бошқа хабарлар