МУШТИПАР АЁЛ ЎЗИНИ “БЕВА” ДЕЙИШЛАРИНИ ИСТАМАЙДИ…

153


Юртимизда аҳолини, айниқса, ёшларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Шунга қарамай айрим юртдошларимизнинг осон даромад топиш илинжида чет элларга кетиши ҳолатлари ҳамон учрамоқда. Расмий равишда кетиб, оиласига фойда келтираётганлар ҳам бисёр. Уларнинг омадини берсин. Аммо кимнингдир гапи билан бориб чет мамлакатларда сарсон-саргардон бўлиб, на ўзига, на оиласига ва на жамиятга фойда келтирмай юрганлар ҳам орамизда қанча. Журналист Холбиби Сафарованинг мақоласида шу ҳақда сўз боради.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

МУСОФИРНИНГ МУСИБАТИ

Ёхуд ўзга юртнинг чорбоғидан ўз юртингнинг шувоғи яхши

Икки йил муқаддам таҳририят топшириғи билан Навоий вилояти Навбаҳор туманига борганимизда, маҳалла раиси ҳамроҳлигида Россиядан ўпка силига чалиниб қайтган йигитнинг хонадонида бўлиб, у ва оила аъзолари билан суҳбатлашгандик. Яқинда яна ўша маҳаллага йўлимиз тушди. Бемор йигитни сўраб-суриштирсак, афсуски, у ўтган йили кузда вафот этибди…

Ўшанда йигитнинг отаси Норқул бобо ўғлига минг тушунтирмасин, хорижда ишлаш фикридан қайтмагани ва ноилож рўзғоридаги биргина сигирини сотиб, унга йўлкира берганини айтганди. Орадан бир йил ўтмай, оғир дардга мубтало бўлиб қайтган фарзандини ўйлаб адои тамом бўлган ота: “У ёқдан бир сўм ҳам жўнатмади, пули керак эмас, ўзи соғ-саломат келса бўлди эди, сигирга ачинмайман, паҳлавондек ўғлимнинг дард туфайли ушоқдек бўлиб қолганига куяман”, дея зорланганди…

Норқул бобонинг ўғли-ку, чалажон бўлса-да, юртига қайтди, омонатини ўз уйида топширди. Аммо яна қанча юртдошларимизнинг жони олис ўлкаларда, дийдалари дийдорга зор бўлиб узилмоқда. Балки улар сўнгги нафасигача яқинларини кўришга умидвор бўлиб, кўзи очиқ кетгандир. Куни кеча Россияда музлаб қолган йигитнинг жасади ҳақида хабар тарқалди. Унинг ёнидан шахсини тасдиқловчи ҳужжатини топишди. Ҳужжатдан эса унинг навоийлик экани аниқланди, холос.

Балки икки ой аввал бедарак кетган йигит ўлмагандир, суяклар бошқа шахсга тегишлидир, — дейди Хатирчи туманидаги Абдураҳмон Пўлатов номидаги маҳаллада яшовчи Фароғат Барноева. — Чунки бизнинг маҳалламиздан хорижга кетиб, ўн йилдан ортиқ дараги бўлмаган, ҳамма “ўлди” деган фуқаро ўтган йили қайтиб келди. Чекка қишлоқларда бундай ҳодисаларни кўп учратасиз. Афсуски, ҳозир ҳам хорижга ишлагани кетиб, йиллар давомида бирон марта яқинларига телефон қилмаган, ҳеч ким кўрмаган-билмаган, ўлик-тириклиги номаълум одамлар бор.

Бутун бошли инсон хорижга кетяпти, унинг ортида ота-онаси, оиласи, фарзандлари қоляпти. Кунлар, ойлар, йиллар ўтаверади. Онаизорнинг кўзи йўлда, ота бечора ўлим тўшагида ўғлининг дийдоридан умидвор бўлиб, жон беролмаяпти. Муштипар аёл ўзини “бева” дейишларини истамайди, кунларни тунларга улаб, фарзандларининг отасига интиқ. Улғайиб қолган болалар “дада” деган сўзни эшитса, юраги ўртанади, лекин отасининг чеҳрасини эслашга қийналади, ахир ўша пайтлар жуда кичкина эди-да… Бу ҳолатни кўз олдига келтириш даҳшат, жигаринг ҳаётми-йўқми, билмай яшаш— фожиа…

Пул ҳаётдан афзалми?

Оммавий ахборот воситаларини кузатсангиз, ноқонуний равишда хорижга кетган инсонларга алоқадор бундай фожиалар жуда кўплигига амин бўласиз. Афсуски, олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот, тушунтириш ишларига қарамай, ҳозир ҳам кўпчилик ўз тақдирини таваккал қилиб, ноқонуний равишда хорижга ишлагани кетмоқда. Чет элда мўмай даромад топишни хаёл қилганлар маҳаллада ўтказилаётган тадбирларда айтилаётган гаплардан хулоса қилмаса ҳам, ОАВда тарқатилаётган хабарлардан ҳушёр тортмаганига ҳайрон қоламиз.

Ўтган ҳафта Қозоғистоннинг Жамбил вилоятидаги “Олмаота — Тошкент” автомобиль йўлининг 181-километрида йўналишдаги автобус ҳаракатланиб келаётганда бошқарувини йўқотиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этилди. Оқибатда 3 нафар ўзбекистонлик фуқаро ҳаётдан кўз юмди. Жорий йилнинг 17 апрелида ОАВ сурхондарёлик тўрт йигитнинг Россиянинг Екатеринбург шаҳрида газдан заҳарланиб вафот этгани тўғрисида хабар тарқатди. Йигитларнинг энг ёши каттаси 1989 йилда туғилган экан, қолганлари ҳали ўттизга ҳам тўлмаган. Улар атиги икки кун аввал шаҳарга ишлагани келишган…

Бу нима? Тақдирми? Ахир тақдирни ҳам инсон ўз қўли билан яратади-ку. Бу йигитларга ўз юртида иш йўқмиди? Очиғи, бу саволга кўплар “ўзимизда хориждагидек ҳақ тўламайди”, дея жавоб беради. Аммо маоши оз бўлса-да, суғурталанган иш ўрнига эга бўлиб, оила бағрида яшаш дарбадарликдан афзал эмасми?

Ўзга юртнинг чорбоғидан ўз юртингнинг шувоғи яхши

Коллежни тамомлагач, етти йил давомида Қозоғистон ва Россияда ишладим, — дейди Навбаҳор туманидаги “Келачи” маҳалласидан Аброр Ибрагимов. — Очиғи, шунча ишлаб, бой бўлмадим. Аммо: “Ўзбекистонда иш йўқ, иш топсанг, ойлиги яхши эмас” деган тушунча билан юравердим. Бошимдан яхши-ёмон кунлар ўтди. Бир куни интернет орқали “Yoshlar — kelajagimiz” Давлат дастури қабул қилингани ҳақида ўқиб қолдим. “Юртимга қайтиб, шу дастур асосида кредит олиб, тадбиркорлик қиламан” деган қарорга келдим. Рости, уйга келиб, токи кредитни олгунча: “Ҳал бўлмаса, яна хорижга кетаман” деган фикрда эдим. Шукрки, бир ойнинг ичида 200 миллион сўм кредит олдим. Унинг ярмига Ёшлар иттифоқи ҳузуридаги жамғарма кафил бўлди. Олган пулимга нон ва ширинликлар тайёрлаш цехини ишга туширдим, беш нафар тенгдошимни иш билан таъминладим. Бугун ота-онамнинг бағрида, ҳотиржам ишлаяпман. “Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан”, деганлар, мен бегона юртда кўп қийинчилик кўрдим, Ватаннинг, яқинларимнинг қадрини англадим.

Бу — эндигина 23 ёшга тўлган йигитнинг хулосаси. Ўз юртидан ўзга юртни аъло билаётган бошқа ватандошларимиз ҳам мусофирлик мусибатига учрамасдан, ўз ҳаётларининг қадрига етиш тўғрисида хулоса чиқарсалар қанийди…

Холбиби САФАРОВА

Mahalla

2019 йил 25 апрель-2 май, 20-сон

«Mahalla» газетаси

Бошқа хабарлар