Ягона мақсад йўлида

83

Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси томонидан бир қатор хорижий турдош касаба уюшма ташкилотлари билан жиддий ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, жумладан, 2017-2018 йилларда Халқаро Евроосиё металл ишчилари Федерацияси ва унга аъзо Россия машинасозлар, Украина машинасозлар ва асбобсозлар ишчилари, Қирғизистон кон-металлургия саноати ходимлари, Қозоғистон тоғ-металлургия саноати касаба уюшмаси – «Казпрофметалл», Тожикистон тоғ-металлургия саноати ишчилари касаба уюшмалари билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Келишувлар имзоланган.

Тошкент шаҳрида яқинда ташкил этилган Халқаро Евроосиё металл ишчилари Федерацияси Марказий қўмитасининг 47-йиғилиши мазкур халқаро алоқаларни янада ­мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Маълумки, Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Халқаро Евроосиё металл ишчилари Федерациясининг 1994 йилдан буён аъзо ташкилоти ва таъсисчиларидан биридир. Туркия пойтахти Анқара шаҳрида жойлашган мазкур ташкилотга 1994 йил 13 февралда асос солинган бўлиб, у металл саноати ишчилари халқаро касаба уюшмаларининг бирлашмаси ҳисобланади.
2011 йил март ойида Халқаро Евроосиё металл ишчилари Федерациясининг VI Қурултойи­­да Федерациянинг Президенти этиб сайланган «Турк Металл» касаба уюшмасининг ёш ва фаол раҳбари Певрул Кавлак 2014 ва 2017 йилларда ҳам ушбу лавозимга қайта сайланди.
Бугунги кунда Евроосиё минтақасининг 19 та мамлакатидаги 20 миллиондан ортиқ ишчиларни бирлаштирган 79 та касаба уюшма ташкилоти Федерацияга аъзо ҳисобланади. МДҲ мамлакатлари, шунингдек, Болгария, Босния, Македония, Албания, Туркия, Иордания, Эрон ва Шимолий Кипр давлатларидаги ташкилотлар шулар жумласидандир.
Федерациянинг асосий мақсади бандлик кафолатини таъминлашга эришиш ва металл саноати ишчилари фаровонлигини ошириш, уларга хавфсиз меҳнат шароитлари яратиш, шу билан бирга, ишчилар ва уларнинг оилаларини ижтимоий ва маданий томондан ривожлантиришдан иборат.

Ташкилот томонидан энг самарали усул сифатида кенг кўламли ўқув дастурлари олиб борилади. 1994 йилдан бугунги кунга қадар Анқара шаҳридаги Федерациянинг ўқув марказида «Замонавий дунёдаги меҳнаткашлар ва касаба уюшмаларининг интеграцияси» мавзуида бўлиб ўтган семинарларда аъзо мамлакатлардан 60 мингдан ортиқ меҳнаткашлар ва касаба уюшма фаоллари иштирок этди.
Федерация, шунингдек, миллий касаба уюшмаларига касаба уюшмаси фаолиятининг марказлашган тури бўйича замонавий моделга ўтишда ёрдам кўрсатади. Чунки фаолиятнинг мазкур тури бозор иқтисодиёти шароитида ўз самарасини исботлади.
Бундан ташқари, турли хил касаба уюшма лойиҳа ва дастурларини биргаликда амалга ошириш учун Федерация ахборот алмашинувини таъминлаб беради, металл саноати ишчиларига оид масалаларда миллий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади, уларни моддий ва маънавий томондан қўллаб-қувватлайди, аъзо ташкилотларга ижтимоий-иқтисодий масалаларда амалий кўмак беради.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг катта мажлислар залида бўлиб ўтган мазкур ташкилот Марказий қўмитасининг 47-йиғилишида «Турк Иш» Туркия касаба уюшмалари Конфедерацияси Президенти Эргун Аталай, Халқаро Евроосиё металл ишчилари Федерацияси Президенти Певрул Кавлак, бош котиби Исмаил Дурсун, Россия, Украина, Беларусь, Арманистон, Болгария, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Шимолий Кипрдаги турдош касаба уюшма ташкилотларидан жами 31 нафар аъзо иштирок этди.
Йиғилишда, шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти ва бўлим мудирлари, касаба уюшмалари Республика кенгашлари ҳамда тасарруфдаги ташкилотлар раҳбарлари қатнашди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қ.Рафиков йиғилишни кириш сўзи билан очди. Ўз навбатида, Халқаро Евроосиё металл ишчилари Федерацияси Президенти Певрул Кавлак Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбариятига самимий қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик билдирди.
Марказий қўмита аъзолари ўз фаолияти юзасидан, қолаверса, мамлакатларидаги ижтимоий-иқтисодий йўналишдаги ривожланиш тўғрисида маълумот бердилар.
Йиғилишдан сўнг Ўзбекис­тон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси ҳамда бир ­нечта мамлакатлар турдош касаба уюшма ташкилотлари ўртасида ўзаро ёрдам ва ҳамкорлик тўғрисида Келишувлар имзоланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси номидан ташкил қилинган қабул маросимида меҳмонларга Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси ­Республика кенгаши раи­­си А.Хакулов эсдалик совғалари топширди. Тадбирда, шунинг­дек, Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси муо­вини Сержан Эвжин қатнашди.
Дастурга асосан хорижлик меҳмонларнинг Самарқанд ва Тошкент шаҳридаги тарихий ва диққатга сазовор жойларга ташрифи уюштирилди.

Шодия АЮПОВА,
Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика
кенгашининг ташкилий ишлар бўйича бош мутахассиси

Бошқа хабарлар