ШАРМАНДАГА ШАҲАР КЕНГ ЭМАС

135


ёхуд кўзгуда акс этган ҳақиқатлар


XXI ASR ижтимоий-сиёсий газетаси ўз саҳифаларида инсонларнинг турмуш тарзи, муаммо ва талабларини ёритишга кенг имкон бериб келяпти. Янги ташкил этилган “Одамлар нима дейди?” рукнида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид янгиликлар, ижтимоий тармоқларда кўпчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлаётган мавзулар, шунингдек, таҳририятга келаётган шикоят, таклиф ва мулоҳазалар чоп этиб борилмоқда. Жавҳарбек  ҚОДИРОВ саралаган қуйидаги материаллар ҳам Сизни асло бефарқ қолдирмайди.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

 

ОДАМЛАР НИМА ДЕЙДИ?

Шармандага шаҳар кенг эмас

Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига “ҳомийси ҳар қандай кишини “ўтирғизиб қўйишга қодир”лиги билан” таҳдид қилган сохта тадбиркорнинг ўзи ўн беш сутка “ўтиришга” мажбур бўлди.

Гап шундаки, “Жиноят ҳақиқати ва адолат” деб номланган янгича тизим асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва ҳокимият вакиллари иштирокида Бектемир тумани Нурафшон маҳалласидаги (“Қўйлиқ” деҳқон бозори атрофида) ҳолатлар ўрганилаётганда турли спиртли ичимлик­лар ва психотроп моддалар билан савдо қилиш ҳолатлари аниқланиб, мазкур ҳолатлар бўйича ўзларини “тадбиркор” деб билган шахсларга тегишли тушунчалар берилаётган вақтда ўзини Т.Ш. деб таништирган шахс сектор раҳбарларидан ҳам “ҳурмати баландлиги”ни рўкач эта бошлади.

Мазкур шахс ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва давлат ташкилотларида “ҳомийлари” борлигини, керак бўлса, “сизларни ўтирғизиб қўйишим мумкин” дея ишчи гуруҳга таҳдид қилиб, кескин қаршилик кўрсатди ва куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлади.

Ҳолат юзасидан Т.Ш.га нисбатан тўпланган далил ва ҳужжатлар ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмалари Бектемир тумани маъмурий суди томонидан кўриб чиқилиб, айбдорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси билан 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Ўзбекистон Республикаси МЖтК 198-моддасининг 1-қисми билан энг кам иш ҳақининг 1 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланиб, давлат фойдасига ундирилди.

Бугун тинч ва осойишта, фаровон ҳаётимизга рахна солаётган, нафси йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган кишиларнинг борлиги ҳам, афсуски, ҳақиқат. Энг ачинарлиси, улар буни тан олишни истамайди. “Шармандага шаҳар кенг” нақлини ўзига шиор қилиб олгани билан уларнинг кимлиги элга ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига кундай равшан.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
Манба: ishonch.uz

“Акция”лар: кимгадир фойда, бошқаларга зиён

“Энергетик ичимликлар нима?”, “Энергетик ичимлик­ларни истеъмол қиласизми?”, “Энергетик ичимликларнинг қанчалик “мухлисисиз?”. Ижтимоий тармоқлар орқали ушбу сўровномани ўтказиб, шунга амин бўлдикки, айнан охирги йилларда ушбу ичимликлар аҳоли ўртасида кенг тарқалган ва таъми ёқмаса ҳам олишга мажбур бўлмоқда. Табиийки, ўзингиз сезганингиздек “оммалашувига” албатта, оммавий ахборот воситалари орқали узатилаётган, тинмай бот-бот такрорлаб кўрсатилаётган “мега акциялар”нинг таъсири катта. Хўш, энергетик ичимликлар биз учун қанчалик фойдали?!

“…. Сотиб ол, “Тошкент Cити”дан квартира ютиб ол”

Ҳа, сиз ҳам қизиқишни бошладингизми?! Албатта, ким ҳам бундай “чорлов”лардан кейин қизиқмайди. Аммо айрим юртдошларимиз таъми ва таркибини билмасдан туриб, сотиб олмоқда. Энг ҳайратланарлиси шундаки, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардаги гуруҳларда ва шахсий саҳифаларида “Ситро”нинг 6-қисмини топиб беринг суюнчиси бор, эвазига 2000 доллар бераман” ёки “WFдан илтимос 5 та қопқоқ қисмини топишга ёрдам беринглар” деган “постлар” тез-тез учраб туради. Айниқса, ўсмирларнинг бунга қизиқиши юқори. Аслидачи?! Чиндан ҳам бу қопқоқчалар ютуқлими?! Йўқ, албатта. Бу акцияларда қатнашиб топганингиздан кўра, кўп нарсани ютқазасиз. Чунки, тўлиқ ютуқли қопқоқлар ўзингиз айтганингиздек 6 ёки 5 қисм бўлади. Энди ўйлаб кўринг, Ўзбекистонда 33 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, демак пулингизни ҳавога сарфлашингиз турган гап. Охирги пайтларда, “интернет троллари” томонидан сохта қопқоқларни сотаётганлар ҳам кам эмас.

Алишер Полвонов (21 ёш):

– Энергетик ичимликларни хуш кўрмайман. Аммо шу акциясига қизиқиб оламан. Акциялар бошланганидан бери харид қиламан. Менимча, шу пайтгача олган энергетик ичимликларимнинг пулига шу автомобиль ёки уйга бош­ланғич тўлов, умуман ўзимга керак барча маиший техникаларни сотиб олсам бўларди. Буни “чув” тушганимча билмасдим. Негаки бу ичимликларнинг барча қопқоқлари бор, фақатгина ўша омадли қопқоқлар кам. Facebook ижтимоий тармоғи орқали ютуқли қопқоққа суюнчи бор, деб пост қўйдим. Кўпчилик “Менда бор қанча берасиз?” деб ёзди. Бошида ҳазиллашиб ёзяпти деб ўйладим. Бир тарафдан қизиқиб кўрдим ва улар билан учрашдим. Айтган пулларини бердим. Ўзимда йўқ хурсандман. Компанияга борсам бу қопқоқлар сохта эканини айтишди. “Уддабурон”ларни эса ҳалигача қидираман. Шунча пулларимга ачиндим. Негаки кунига 3 ёки 4 та энергетик ичимлик сотиб олардим.

Бу қопқоқ йиғиш шунчаки қизиқиш эмас, эндиликда ишқибозлар учун бу асосий мақсадга айланаётган эди. Албатта, телевизорда самарқандлик машина ютган, навоийлик маиший техникалар, нукуслик скутер ютиб турган реклама роликларини кўриб ҳавасингиз ортади. Ютуқли совринлар тугаб қолмасидан олдин ўша “топилмас қопқоқни” топишни хоҳлайсиз. Аммо ҳар бир нарсада меъёр бўлса жуда яхши. Ахир ўтмаган “маҳсулот”ни инсон саломатлигини ўртага қўйиб, сотишнинг оқибати ачинарли бўлиши мумкин.

 Жорий йилдан бошлаб “Реклама тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган ва унинг 221-моддасида энергетик ичимликлар бўйича чекловлар жорий қилинди. Унга кўра, эндиликда қуйидагилар тақиқланади:

– соат 7-00 дан 22-00 га қадар энергетик ичимлик­ларни телевидение ва радио орқали реклама қилиш;

– реклама қилиш мақсадида энергетик ичимликлар намуналарини ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар орасида текин тарқатиш;

– асосан ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар учун мўлжалланган тадбирларга ҳомийлик қилиш, агар бунда энергетик ичимликларнинг номидан, товар белгисидан ёки тасвиридан фойдаланиладиган бўлса;

– ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар орасида энергетик ичимликларнинг номи, товар белгиси ёки тас­вири туширилган товарларни (футболкалар, бош кийимлар, ўйинларни ва шу кабиларни) тарқатиш, шу жумладан сотиш;

– асосан болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган босма нашрларда, шунингдек тиббиёт, спорт ва таълим муассасаларида энергетик ичимликларни рек­лама қилиш.

Ўзимизнинг чойдан қўймасин

Энергетик ичимликлар (шу тоифадаги барча маҳсулотлар) бугунги кунда жаҳон бозорини тарк этмоқда. Чунки асосий мақсад инсон саломатлиги. Саломатликни уй ва автомобиль ўрнига қайтиб ололмаслигини яхши билади. Вақтинчалик чарчоқларни халос этиш ўрнига табиий маҳсулотларни истеъмол қилиб, танага дам берганимиз яхши. Негаки саломатлик бебаҳо бойликдир. Жисмоний меҳнат билан шуғуллангандан сўнг бундай ичимликларни ичса, одам чарчоқ ҳиссини туймаслиги мумкин. Аммо ушбу ичимликлар вақтинчалик йўқотган чарчоқ эртанги кун учун ёки ичимлик таъсири ўтгандан сўнг икки баробар ортади. Натижада, организм чарчоқни йўқотиш учун яна қувват талаб этади. Шундай экан, бундай ичимликларни қабул қилиш ҳаёт тарзига жиддий зарар етказишини асло унутмаслик лозим. Хулоса ўзингиздан…

Айжамал Жолдасбаева,
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя
қилиш жамиятлари федерацияси етакчи мутахассиси
ЎзАдан қисқартириб олинди.

ЖУРНАЛИСТЛАР ҲАМ ТАДБИРКОР

“Андижоннома” газетаси тахририяти биноси ҳовлисидаги иссиқхона яқин кунларда ўзининг биринчи ҳосилини беради. Ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш қандай бўлишини журналистларимиздан ҳам ўргансак арзийди” – деб ёзади Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Тўлқинжон Каримов  ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида.

“САЙТ” НОМИНИ СОТДИ

Таҳририятга 29 апрель куни Китоб туманидаги маҳалла фуқаролар йиғини раисларидан бири қўнғироқ қилиб, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Л.Тангриев имзоси билан 26.08.2018 да №1250 рақами билан гувоҳнома тақдим этилган “www.nasafnews.uz” веб-сайтиданман деб ўзини таништирган шахс  Президентимизнинг шу йил 23 апрелдаги  “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини “таъминлаш” баҳонасида ҳудуддаги бир нечта МФЙ ҳамда мактаб раҳбарларини чалғитиб аввал шартнома имзолаттирган, сўнг эса нақд пул талаб қилган…

Таҳририятга уларни “чув” туширган фуқаронинг исми-шарифи маълум, лекин айбсизлик презумпцияси нуқтаи назаридан эълон қилишни лозим топмадик. Қолаверса, ушбу ҳолат юзасидан ваколатли идоралар ўз текширувини олиб боришяпти. Бу ҳақда махсус мақола тайёрлашни ҳам режалаштиряпмиз.

ЛОЛАНИ ЮЛСАНГИЗ… ҚАМАЛАСИЗ!

Қозоғистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган “Грейг” ва “Кауфман” лолаларини ноқонуний юлиш, автойўллар  бўйида ва бошқа жойларда сотиш ҳолларини аниқлаш мақсадида мунтазам рейд тадбирлари уюштирилмоқда. Буни минтақавий коммуникациялар хизматида ўтган брифингда Туркистон вилоят полиция департаменти маҳаллий полиция хизмати бошқармаси табиатни муҳофаза қилиш гуруҳининг катта инспектори Н. Туманбаев маълум қилди. 

Лолани юлганлар Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 339-моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортилади. Жиноятни содир этган шахс ҳаракати далилланган тақдирда суд қарори билан ОҲКнинг 3 000 баравари миқдорида жарима солиш ёки қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин. Йил бошидан бери вилоят аҳолиси ноқонуний узган 57 дона лола мусодара қилинди, – деди Н. Туманбаев.

Шунингдек, Туркистон вилояти ўрмон хўжалиги инспекцияси бўлим раҳбари Х. Жўрабеков лолаларни ҳимоя қилишга оид чоралар ҳақида маълумот берди.

Сирдарё – Туркистон Давлат минтақавий боғи туризм бўлимининг раҳбари Ғ. Назарбек эса табиат қўйнида ҳордиқ олишга чиққанлардан кўпчилиги ижтимоий тармоқларда лола билан тушган суратини эълон қилаётганини айтиб, табиатнинг бебаҳо бойлигини кўз қорачиғидек асрашга даъват этди.

Манба: “Жанубий Қозоғистон” газетаси

УЙЛАР ҚУРДИК, ТЎЙЛАР ҚИЛДИК…

– 50 сўтих иссиқхона ташкил қилувдик. Мана, кам бўлмадик. Шунинг орқасидан уйлар қурдик, тўйлар қилдик.

– Фермер хўжалигимиз кенгайиб боряпти. Фойда ҳам ёмон эмас. Шунинг ҳисобидан бу йил бир қиз чиқариб, бир ўғил уйлантирдик.

– Кредит олиб, қандолат цехи ташкил қилганмиз. Ёмон эмас. Бу йил ўғлимиз университетни битиради. Унга уй қуриб, кейин уйлантиришимиз керак.
         Радиода ҳар куни шундай интервьюларни эшитаман. Бирон киши “Бу йилги даромад ҳисобидан аёлим (хўжайиним) иккимиз Мисрга (ё Дубайга), Парижга (ё Хитойга), Тожмаҳални кўришга бормоқчимиз”, демайди-я!

 Ҳусан КАРВОНЛИнинг  
Фейсбукдаги саҳифасидан олинди.

 Материалларни 
Жавҳарбек  ҚОДИРОВ саралади.

2019 йил 2 май, 17-сон

XXI asrгазетаси

Бошқа хабарлар