ИСТЕЪМОЛЧИЛАР МАДАНИЯТИ ЮКСАЛМОҚДА

203


Бугунги кунда истеъмолчилар маданияти юксалиб бормоқда. Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи чораги давомида истеъмолчилардан жами 2 минг 645 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг катта қисми маҳсулот сифати талаб даражасида эмаслиги билан боғлиқ. Журналист Шаҳноза Раҳимхўжаеванинг мақоласида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинган.

Мақоланинг тўлиқ матнини қуйида ўқинг.

СИФАТСИЗ “COBALT” ЯНГИСИГА АЛМАШТИРИБ БЕРИЛДИ

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига жорий йилнинг биринчи чорагида истеъмолчилардан жами 2 минг 645 та мурожаат келиб тушган. Мазкур ариза ва шикоятларнинг 88,3 фоизи ижобий ҳал этилиши натижасида истеъмолчиларга жами 1 миллиард  783 миллион  698 минг сўмдан зиёд етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди. 10 та мурожаат асосида суд органларига даъво аризалари киритилиши натижасида 10 миллион 693 минг сўм моддий ва маънавий зарарлар истеъмолчилар фойдасига ҳал этилди.

Нуқсони бор экан

Олиб борилган таҳлил натижаларига кўра, энг кўп мурожаатлар савдо соҳаси билан боғлиқ. Фуқароларнинг аксарияти маҳсулот сифати талаб даражасида эмаслигидан азият чекишмоқда. Бунга мисоллар талайгина. Уларнинг айримларига тўхталиб ўтмоқчимиз.

Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 ишонч телефони орқали Бухоро вилояти Қоракўл тумани Сайёт қишлоғида яшовчи фуқаро З.Мавлоновнинг оғзаки мурожаати рўйхатга олинган. Унда истеъмолчи Бухоро шаҳар Моҳи-хоса кўчаси 22-уйда жойлашган «Ситора авто савдо» масъулияти чекланган жамияти автосалонидан «Cobalt» русумли автомашинани шартнома орқали харид қилгани, аммо унинг нуқсони борлигидан норозилигини билдирган.

Ушбу мурожаат Бухоро шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари томонидан ўрганилганда ариза ўринли экани, автомашинанинг чиндан ҳам нуқсони борлиги аниқланди. «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 13- ва 14-моддаларига асосан, истеъмолчига янги «Cobalt» русумли автомашина олиб берилди.

Буюртма ҳам, пул ҳам йўқ

Фарғона вилояти Бағдод тумани Нурли йўл кўчаси 28-уйда яшовчи М.Ҳошимовнинг аризасида баён қилинишича, «Умид савдо файз инвест» масъулияти чекланган жамияти Фарғона ҳудудий филиали ва М.Ҳошимов ўртасида 2018 йил 30 апрелда тузилган аванс тўлови тўғрисидаги шартномага асосан, «Chevrolet Nexia-3» автомашинаси буюртма қилинган. Истеъмолчи 36 миллион 25 минг сўм бошланғич тўловни амалга оширган бўлса-да, шартномада кўрсатилган муддатда «Chevrolet Nexia-3» автомашинаси етказиб берилмаган. Охир-оқибат М.Ҳошимов шартномани бекор қилиб, тўлов қилинган сумма қайтарилишини сўраб МЧЖга ариза билан мурожаат қилган. Бироқ шартномада кўрсатилган тўловнинг қайтарилиш муддати ўтса ҳам тўланган маблағ қайтарилмаган.

Фарғона шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўрганиш давомида «Умид савдо файз инвест» МЧЖ Фарғона ҳудудий филиали раҳбариятига тегишли тушунтиришлар берилди. М.Ҳошимовнинг эътирозлари инобатга олиниб, «Chevrolet Nexia-3» автомашинаси учун тўланган маблағ тўлиқ қайтариб берилди.

— Икки йил аввал фуқароларимиз аксарият ҳолларда фақатгина коммунал соҳасидаги муаммолар бўйича мурожаат қилишар эди, — дейди Фарғона шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Нодиржон Тошканов. — Бугунги кунга келиб савдо-сотиқ, соғлиқни сақлаш, транспорт, алоқа хизматлари сифати бўйича ҳам сезиларли даражада аҳоли мурожаатлари келиб тушяпти. Ўтган йили вилоят бўйича 1049 дона ариза ва мурожаатлар кўриб чиқилиб, 616,8 миллион сўм маблағлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган. Юқоридаги мурожаат ҳам тажрибамизда жуда кам кузатиладиган ҳолат эди. Одамлар йиллар давомида автомашина олишга навбатда туриб, ҳатто шартномани ҳам ўқимасдан, тушунмасдан кеч бўлса-да, олганига рози эди. Эндиликда шартнома шартларини бузган ҳар қандай автосалон, ширкат, транспорт хизматини кўрсатувчи корхона раҳбарияти ҳам мурожаатчилар «эътибори»дан четда қолмаяпти. Бу эса фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги ва истеъмол маданияти юксалиб бораётганидан далолат беради.

Музлаткичнинг «миси» чиқди

Қашқадарё вилояти Ғузор тумани «Шерали» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро М.Мейлиеванинг мурожаати ўрганиб чиқилганда, унинг истеъмолчи сифатида ҳуқуқи бузилгани аниқланди. Фуқаро «Универсал меъмор агро қурилиш» хусусий корхонасидан кредит эвазига сотиб олган қиймати 2 миллион 400 минг сўмлик «SINO» АЖ томонидан ишлаб чиқарилган музлаткичнинг кафолат муддати тугамасдан қайта-қайта бузилиб қолгани учун сотувчига мурожаат қилади. Товарни алмаштириш ёки пулини қайтаришини сўрайди. Лекин сотувчи ҳар хил важларни баҳона қилиб, харидорнинг қонуний талабларини бажармайди. Ходимлар томонидан  ўрганиш давомида сотувчига қонун талаблари тушунтирилди. Бироқ шунда ҳам сотувчи қонун талабларини ихтиёрий равишда бажаришни истамагани туфайли аризага оид тўпланган ҳужжатлар Косон туман судига юборилди.

Суд иш ҳужжатларини кўриб чиқиб, истеъмолчи ҳақ эканини тасдиқлади. Сотувчидан кафолат муддати давомида нуқсони аниқланган товарнинг қийматини (2 миллион 400 минг сўм) ва истеъмолчи фойдасига 202 минг 730 сўм маънавий зарар учун ундириш ҳақида қарор қабул қилди.

Бир қарашда мурожаатлар сонининг юқорилиги турли соҳаларда юзага келаётган муаммоларнинг ортаётганини кўрсатади. Лекин чуқурроқ таҳлил қиладиган бўлсак, бунга истеъмолчилар маданиятининг анча юксалиб бораётганини ҳам сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Фуқароларимизнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга уриниши эса анча қувонарли ҳолат. Шунда мутасаддилар ҳам ўз камчиликларини бартараф қилишга интилади.

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА

«Mahalla»

2019 йил 2-9 май, 21-сон

«Mahalla» газетаси

Бошқа хабарлар