МУҚАДДАС ҚАДАМЖОДАГИ МУАММОЛАР

112


Самарқандда муборак қадамжолар, мўътабар масканлар жуда кўп. “Ҳазрати Довуд” зиёратгоҳи шулар жумласидан. Нурободдаги ушбу маскан ҳақида турли ривоят-у афсоналар бор. Бу ердан зиёратчиларнинг қадами узилмайди. Аммо бу жойга келувчиларга яратилган шароитлар талаб даражасида эмас. Ҳазрати Довуд” мажмуаси раҳбари Шуҳрат Шарипов зиёратгоҳни обод қилиш бўйича амалга ошириладиган ишлар режаси хақида ўз фикрларини билдирди. Журналист Ёрмамат Рустамов томонидан тайёрланган мақоладамазкур қадамжо, у ердаги мавжуд муаммолар ва уларни тезкор бартараф этиш лозимлиги ҳақида сўз юритилган.

“ҲАЗРАТИ ДОВУД” ЗИЁРАТГОҲИДА ҚАНДАЙ СИНОАТ ЯШИРИН?

Ёхуд қадамжодаги бугунги ҳолат нега мутасаддилар эътиборидан четда?

Самарқанд замини азалдан буюк муҳаддису алломаларга бешик бўлган. Шу боис ҳудудда муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, авлиёю анбиёлар номи билан боғлиқ мўътабар масканлар бисёр. Улар орасида “Ҳазрати Довуд” зиёратгоҳини алоҳида қайд этиш ўринли. Нуробод туманидаги Оқтов ва Довуд тоғлари ўртасидаги Оқсой дарасида жойлашган маскан ҳақида турли ривоятлар, афсоналар мавжуд. Жумладан, бу ердаги денгиз сатҳидан қарийб 1 минг 250 метр баландликда жойлашган Довуд ғори ҳам Ҳазрати Довуд (а.с.) номи билан боғланади.

Ғор ҳавоси ҳақиқатдан шифобахшми?

Сўнгги йилларда зиёратгоҳда кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Шу боис бу ерга келувчилар сони ҳам йилдан-йилга ортиб бораётир. Кимдир қадамжога томоша қилиш, кимдир зиёрат, яна бошқаси ўз дардига шифо излаб келади.

Зиёратгоҳнинг шундоққина юқорисида Ҳазрати Довуд номи билан аталадиган ғор мавжуд. Унда Ҳазрати Довуднинг қўл ва оёқ панжаларининг изи қолган, дейишади. Ғорга етиб бориш учун 1 минг 300 та зинадан юқорига кўтарилиб, сайҳонликка чиқилади ва яна тоғнинг бошқа тарафидаги 200 та зина орқали пастга тушиб, ғорга кирилади. Бу ерга келувчиларнинг айтишича, ғор ичида чин ихлос билан қилинган ният амалга ошар экан.

— Мен бундан бир ой олдин зиёратгоҳга нафас йўлларидаги хасталик туфайли шифо излаб келгандим, — дейди қашқадарёлик Ҳасан Жўраев. — Мана, кўп ўтмай, дардимга шифо топдим. Ҳозир соғлиғим жойида, ҳеч нима безовта қилмаяпти. Ҳудуднинг баҳаво табиати, ғордаги ўзига хос синоат бунга сабаб бўлди, десам, адашмайман.

Хўш, чиндан ҳам Ҳазрати Довуд ғори инсон саломатлиги учун фойдалими? Умуман, бу каби фикрларга аниқ далил борми?

Мазкур ғордаги маъданли тошлар мутахассислар томонидан ўрганилганда, уларнинг таркибида одам организми учун ниҳоятда фойдали элементлар борлиги маълум бўлди, — дейди шифокор Муродим Умрзоқов.Ғордаги тошлардан чиқаётган хушбўй ифор, атрофда эсиб турадиган майин шабада зиёратчиларга таъсир қилиб, улардаги айрим хасталикларни енгиллаштириши мумкин. Бундан ташқари, агар нимагадир қаттиқ ихлос қўйиб, астойдил ишонилса, киши руҳи тетиклашиб, касаллик ҳам чекинади. Мазкур қадамжога ташриф буюраётганларнинг аксарияти бу ерга ана шундай ихлос, эътиқод ва ишонч билан келади. Ҳар не бўлса-да, ғордаги тоза ҳаво танга қувват бўлиб, киши саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади.

Зиёрат баҳона — “соққа” ғанимат

Муқаддас қадамжода бўлганимизда, бир жиҳат дилимизни хира қилди. Яъни бу ердаги бугунги ҳолат, зиёратчилар, сайёҳларга яратилган шароитлар, юмшоқ қилиб айтганда, талаб даражасида эмас. Энг биринчи муаммо — қадамжога олиб борадиган йўлдаги тирбандликдир. Бунда йўл-патруль хизмати ходимларининг саъй-ҳаракатлари ҳам етарли бўлмаяпти. 50-60 та автомобилга мўлжалланган автотураргоҳ тўлиб кетгани боис бошқа уловлар йўл четида шунчаки қолдириб кетилган.

Оқсойга ярим тунда кириб келдик, — дейди хоразмлик ҳайдовчи Самариддин Пўлатов.Машина билан ичкарига қўйишмади. Автотураргоҳга қўйишга эса иккиландим, сабаби машинадан бирор нарса йўқолса, мутасаддилар жавоб беришмас экан. Шу боис йўл четида тўхташга мажбур бўлдик. Транспорт воситалари киритилмаётган ҳудуддан то зиёратгоҳгача бўлган 650 метрлик масофага 200 га яқин “Damas” машинаси қатнови йўлга қўйилган. Ҳайдовчилар икки минг сўм йўлкира эвазига манзилга элтиб қўйишади.

Одамлар билан суҳбатлашсангиз, уларнинг аксарияти қадамжода тартибнинг йўқлигидан норози. Биргина дам олиш учун мўлжалланган ўн кишилик сўри 150-200 минг, сал каттароғи 400 минг сўмдан ижарага берилмоқда. Зиёратгоҳга элтадиган йўлакларда атторлик моллари, доривор гиёҳлар, китоб, нон ва ширинлик маҳсулотлари ерга қўйиб сотилмоқда. Ошхоналардаги ҳолат ҳам санитария-гигиена қоидаларига мутлақо жавоб бермайди. Тайёрланаётган таомларнинг нархи жуда қиммат. Бурчак-бурчаклар чиқиндиларга тўла.

Муаммоларни бартараф этишга ҳаракат қиляпмиз, бироқ баъзи камчиликлар борки, озроқ вақт талаб қилади,дейди “Ҳазрати Довуд” мажмуаси раҳбари Шуҳрат Шарипов.Яқин вақт ичида тепаликка олиб чиқувчи ва ғорга тушувчи йўлакларга зиналар, темир тўсиқлар ўрнатилади. Бундан ташқари, бу ерга кузатиш камералари ўрнатилиб, таҳоратхона бунёд этилади. Қисқа фурсатда тепаликка олиб чиқадиган канат йўли ҳам қурилади. Хитойлик инвесторлар билан бу борада ҳамкорлик қиламиз.

Режалаштирилган юмушлар амалга оширилса, яхши, албатта. Зеро, “Ҳазрати Довуд” зиёратгоҳи нафақат самарқандлик, балки республикамизнинг барча ҳудудларидан келувчи зиёратчилар билан доимо гавжум бўлади. Боз устига, бу ерга хорижий меҳмонларнинг, юртимизнинг қадимий манзилларига қизиқувчи сайёҳларнинг ташрифини инобатга олсак, қадамжодаги мавжуд шароитни яхшилаш, хавфсизликни таъминлаш, қўштирноқ ичидаги “тадбиркорлик субъектлари” фаолиятини назоратга олиш, умуман, юқоридаги манзарани тез фурсатлар ичида ҳал этиш зарурлиги ойдинлашади. Ўйлаймизки, бу борадаги камчиликлар мутасаддилар эътиборидан четда қолмайди. Биз эса, мавзуга яна қайтамиз.

БИЛАСИЗМИ?

Ҳазрати Довуд аслида ким бўлган?

Тарихий манбаларга кўра, Ҳазрати Довуд милоддан аввалги 1035 йилда бугунги Исроил ҳудудидаги Байт-Лаҳем (Вифлием) шаҳрида туғилиб, милоддан аввалги 965 йилда Қуддуси Шариф (Иерусалим) шаҳрида вафот этган тарихий шахсдир. Унинг бу ерда бирлашган кучли давлат барпо этиб, қарийб 40 йил хукмронлик қилгани маълум.

Қайд этилишича, Довуд ёшлигидан довюраклиги ва дили поклиги туфайли Аллоҳнинг суюкли бандасига, кейинроқ Пайғамбар даражасига эришган. Улуғ бобокалонимиз Алишер Навоий ўзининг “Тарихи анбиё ва ҳукамо” номли асарида у билан боғлиқ қуйидаги ривоятни келтиради: “Бир куни муножотда Довуд (а.с.): “Эй худо, сенинг учун қандай яшасам, сенга маъқул бўлади”, деди. “Мени кўпроқ эсла, мен севганларни севгил, одамларга ўзингга лозим кўрганингни лозим кўр, узоқда бўлган қардошларингга тегишли бўлган аёллардан қўлингни торт,” деган овоз келди”. Бу билан Ҳазрат Навоий инсон Аллоҳ таолога чин дилдан итоат қилса, ҳамиша унинг ёди билан яшаса, охиратини ўйласа, ёмон ишлардан сақланади, ўзидаги ёмон унсур ва иллатлардан қутулишга ҳаракат қилади, дея таъкидлайди.

Яратгувчи Довуд (а.с.)га темирчилик, совутсозлик каби ҳунарларни ҳам каромат қилади. Шу боис темирчилар уни ўзларининг пири, деб ихлос қилишган. Айтилишича, Аллоҳ таоло Довуд (а.с.)га темирни хамирдек юмшоқ қилиб берган эди. У зот темирни оловга солиб тобламасдан, болға билан урмасдан, нимани хоҳласалар, қўллари билан шуни ясай оларди.

Ҳазрати Довуд аввал бани Исроилга йўлбошчи, сўнгра мамлакатга подшоҳлик қилган. Аллоҳ таоло томонидан унга “Забур” китоби ноил қилинган ва шу тариқа, ул зот Пайғамбарлик даражасига эришган. Айни пайтда Довуд (а.с.)га “Забур” билан бирга ғоятда гўзал ва ёқимли куй ҳам юборилади. Шунингдек, Аллоҳ таоло унга қушларни ҳам бўйсундириб қўйган эди. Қушлар ҳам ул зотга қўшилиб, Аллоҳ таолога эртаю кеч тасбеҳ айтарди.

 Саҳифани “Mahalla” мухбири

Ёрмамат РУСТАМОВ

тайёрлади

2019 йил 2-9 май, 21-сон

«Mahalla» газетаси

Бошқа хабарлар