Оташқалб инсон умри

70

Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, улар болалигидан юрагига катта мақсадларни тугиб улғаяди. Шу мақсадлар йўлида келажак сари залворли қадамлар ташлайди. Уларнинг бу қадамлари бежиз кетмайди, жамиятда ўз акс-садосини беради. Бўри Алламуродов ҳам ана шундай эзгу интилишлар билан яшаган, ўзининг чақмоқдек умри давомида ёшлар ташкилотидаги оддий йўриқчиликдан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг раиси лавозимигача бўлган катта ҳаёт ва фаолият йўлини босиб ўтишга улгурган оташқалб инсонлардан бири эди.

Бойсун қирларида туғилган Бўри Алламуродовнинг болалиги Сурхон – Шеробод чўлларида ўтди. У чўл бағрида ҳаёт яратиш, ризқ ундириш учун кўчиб келган одамларнинг тортаётган машаққатларини кўриб тўлқинланарди. Шунда унинг ёш юраги бу одамларга ёрдам бериш истаги билан ёнди. Ҳали мактабнинг 8-синфида ўқиётган йигит синфдош дўстларини тўплаб, ўқувчилар ишлаб чиқариш бригадасини тузди. Улар 1962 йилда ҳозирги Музработ туманидаги «Янгиобод» хўжалиги ҳудудида 20 гектар ерга маккажўхори, кейинги йилларда пахта экиб, юқори кўрсаткичларга эришади. Бу ёшларнинг донғи республиканинг ўша пайтдаги раҳбари Шароф Рашидовнинг қулоғига етиб боради. Республика раҳбари Сурхондарё вилоятига сафари чоғида Бўри Алламуродов ва у бошлиқ бригада аъзолари билан ҳам шахсан учрашиб, дилдан суҳбатлашади, уларни янада улкан довонларга руҳлантиради. Ўша даврларда бу ёшларнинг ташаббуси бутун мамлакатга намуна сифатида эътироф этилган эди. 11-синф ўқувчиси Бўри Алламуродов Ўзбекистон Олий Кенгаши Президиумининг фахрий ёрлиғи билан мукофотланади.
– Бўри Алламуродовнинг мамлакат биринчи раҳбарининг назарига тушиши бежиз эмас эди, – дейди Сурхондарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси Абдукарим Аҳмедов. – «Бўлар бола бошидан» ­дейди халқимиз. Бўри ёшлигидан ғайратли, билимдон, истараси иссиқ йигит эди. У мактабда ҳам аъло баҳоларга ўқиди. Республика фан олимпиадалари ғолиби бўлди. 1964 йили мактабни олтин медаль билан тугатиб, Тошкент қишлоқ хўжалиги институти ҳамда Бутуниттифоқ қиш­лоқ хўжалиги академия­сида шу соҳа бўйича таҳсил олди. Кейинчалик Сурхондарё вилояти ёшлар ташкилоти биринчи котиби, Респуб­лика ёшлари ташкилоти марказий қўмитаси масъул ходими, бўлим мудири, биринчи котиби лавозимларида фаолият юритди. Кейинчалик Сурхондарё вилояти қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи, Сирдарё вилояти партия қўмитаси иккинчи котиби, 1987-90 йилларда Наманган вилояти партия қўмитасининг биринчи котиби, 1990-93 йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси лавозимларида самарали меҳнат қилди. У қаерда, қандай масъулиятли лавозимларда ишламасин, ўзига топширилган вазифаларни ҳалоллик билан бажариб, халқнинг ҳурмат – иззатига сазовор бўлди.
Замон ўз юкига елка тутолган, давр талабларига «лаббай» деб жавоб беролган жасоратли инсонлардан ўз қаҳрамонларини яратади. Бўри Алламуродов ҳам тезкор давр талаблари билан ҳамнафас яшай олган инсон эди. У меҳнатдан, ­қийинчиликлардан чўчимади. Ёниқ юрак билан яшади.
У киши мустақил Ўзбекистон Касаба уюшмаларига раҳбарлик қилган йиллари тизим ривожига катта ҳисса қўшди. Бўри Алламуродов мамлакатимиз Касаба уюшмаларининг жаҳон миқёсида ўрни бўлишини орзу қиларди. Вақти келган экан, у кишининг орзуси амалга ошди. Яқинда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси аъзолигига қайта қабул қилинди. Ўтган йил охирида Конфедерация президенти Михаил Шмаков Тошкентга келганида Бўри Алламуродовнинг номини ҳурмат билан ёдга олди. Инсон ўз халқига хизмат қилиш нияти билан камол топади. Бўри ака ҳам ўз ҳаёт йўлини шундай улуғ ният билан бошлаган эди ва умри давомида ана шу мақсад билан яшади.
Давр киши олдига улкан вазифалар қўйиб, уларнинг натижасини кутади. Бу жараёнда инсонга она юртга бўлган муҳаббати фавқулодда куч-ғайрат бера олади. Бўри Алламуродов ҳаёти бунинг яққол исботидир. Зеро, эл-юрт учун бахшида бўлган инсон ҳаёти асло унутилмайди. Бундай умр чироқлари инсоннинг хотирасини мангу ёритади.

Нортўра ЭРГАШЕВ

Бошқа хабарлар