ЎЗБЕК РАЗВЕДКАЧИСИНИНГ ЖАСОРАТИ

81

Иккинчи жаҳон уруши даврида ўзбек разведкачилари мислсиз жасоратни амалга оширишган. Афсонавий қаҳрамонлардан бири, ҳамюртимиз Баҳром Иброҳимовдир. Айнан шу инсоннинг хизмати туфайли фашистлар Германияси Марказий Осиёда “Учинчи фронт” деб аталмиш қабиҳ режасини амалга ошира олмаган. Журналист Тўлқин Ҳайитнинг Давлат хавфсизлик хизмати фахрийси Пўлатжон Бобомуҳаммедов билан суҳбати газетхонлар қалбида ушбу ватандошимиз жасорати билан фахрланиш ҳиссини уйғотади.

Мақоланинг тўлиқ матнини қуйида ўқинг.

 

“УЧИНЧИ ФРОНТ”

Афсонавий ўзбек разведкачисининг Марказий Осиёда немис фашистлари агрессив ғояларини йўққа чиқаргани хусусида

9 май — Хотира ва Қадрлаш куни

Тарих саҳифаларида сирлилигича қолиб кетаётган шундай воқеалар борки, уларни ўрганиб, тўлиғича халқимизга етказиш учун узоқ йиллар қаттиқ меҳнат қилишимизга тўғри келади. Масалан, “кўҳна” ва “янги” замонлар тўқнашуви йилларида, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши даврида, қўшни Афғонистонда содир бўлган қирғинбаротлар жараёнида жаҳоннинг манаман деган разведкачиларига чап бериб, уларни ғафлатда қолдириб, парокандаликка учратган нолегал ўзбек разведкачилари ҳақида нималар биламиз?! Шу маънода, бугун афсонавий қаҳрамонларимиздан бири, ўзбек разведкасини жаҳонга кўз-кўз қилган ҳамюртимиз Баҳром Иброҳимовнинг нолегал разведка борасидаги фаолияти ва мислсиз жасоратларини бор бўйи билан кўрсатишимиз лозим, деб ўйлаймиз.

Айнан шу инсоннинг узоқ йиллик машаққатли фаолияти туфайли фашистлар Германияси Марказий Осиёда “Учинчи фронт” деб аталмиш қабиҳ режасини амалга ошира олмаган. Бугун биз бу борада ўқувчиларга ишончли манбаларни, ҳақиқий тафсилотларни етказиш мақсадида мазкур соҳа мутахассисларидан бири, Давлат хавфсизлик хизмати фахрийси Пўлатжон Бобомуҳаммедов билан суҳбатлашдик.

— Пўлатжон ака, сиз билан 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни байрами арафасида суҳбат қураётганимизнинг рамзий маъноси бор. Сабаби, бу кун инсоният тарихида ўчмас из қолдирган ўша машъум Иккинчи жаҳон урушида фронт ва фронт ортида хизмат қилганлар ёдга олинади. Шак-шубҳасиз, ушбу урушда ғанимларга қақшатқич зарба бериб, тор-мор этишда ўзбек халқи улкан ҳисса қўшганлиги айни ҳақиқат. Жумладан, ўзбек разведкачиси Баҳром Иброҳимов фашистларнинг “Учинчи фронт” очиш режасини йўққа чиқаришда асосий шахс бўлган, десак, муболаға эмас. Бинобарин, мана шу “Учинчи фронт” ҳақида халқимизда деярли ҳеч қандай маълумот йўқ. Унинг ғаразли мазмун-моҳияти нималардан иборат бўлган?

— Фашистлар Германиясининг “Учинчи фронт” деб аталмиш қабиҳ режаси собиқ Совет Иттифоқининг жанубий чегаралари орқали мамлакатга бостириб кириш, Марказий Осиё республикаларида сиёсий ва иқтисодий вазиятни кескинлаштириш, мазкур минтақадаги қонуний ҳокимиятга қарши унсурлардан фойдаланиб давлатни заифлаштиришга қаратилган ғаразли ниятларни назарда тутган. Бунинг учун улар Эрон ва Афғонистон ҳудудларида муҳожирлар томонидан тузилган миллатчилик ташкилотларини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, уларни етарли қурол-аслаҳалар билан таъминлаб, пировардида мамлакатимизга қарши урушга сафарбар этишни режалаштиришган ва мазкур операцияга “Учинчи фронт” деб ном беришган. Фашистларнинг бу режасини унинг иттифоқчилари разведка хизматлари қўллаб-қувватлаган ҳамда Эрон ва Афғонистон ҳудудларида фаолият кўрсатган резидентуралари орқали муҳожир миллатчилик ташкилотларига Марказий Осиё республикаларида қўпорувчилик ишларини амалга ошириш борасида ҳар томонлама ёрдам беришган.

— Албатта, фашистларнинг яшин тезлигидаги “Барбаросса” режаси сингари “Учинчи фронт”ни очиш ҳақидаги разил ниятлари амалга ошмай қолишида ўзбек нолегал разведкаси сардори Баҳром Иброҳимовнинг хизмати беқиёс. Лекин гап шундаки, бундай катта ишни амалга ошириш учун кишидан зукколик, чуқур билим ва тажриба, бир неча тилларни мукаммал билиш, довюраклик ва улкан қобилият талаб этилади. Шундай эмасми?

— Айни ҳақиқатни айтдингиз. Баҳром Иброҳимов нолегал разведка майдонида тасодифан пайдо бўлган эмас. У Жалолиддин Мангуберди, соҳибқирон Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби афсонавий қаҳрамонлар етишиб чиққан ўзбек диёрида, дунёнинг илм-фан, тараққиёт тамаддуни марказларидан бирида — Ўзбекистон заминида туғилиб, унинг қуёшидан нур олган етук инсонлар сулоласига киради.

Ҳар бир соҳага номзод танланар экан, аввало, унинг салоҳияти ҳисобга олинади. Ақл-заковати, хотираси, дунёқараши ва қолаверса, оилада олган тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Ана шундай ажойиб хислатларни ўзида жо эта олган, бешта хорижий тилни она тилидек ўзлаштирган, моҳир нолегал разведкачи, ўз даврида ўзига хос ўзбек разведкаси мактабига асос солган, букилмас ирода соҳиби Баҳром Иброҳимовнинг мардлиги ва жасорати билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. У қалб амри ва даъвати билан мамлакатимиз учун энг қийин дамларда душманга қарши курашчиларнинг “темир” сафларига кирди, бор билими, заковати, куч-ғайратини эзгу ишга бағишлаб, сўнгги нафасигача Ватан ҳимоячиларининг эзгу анъаналарига содиқ қолди.

— Бир суҳбатимизда Давлат хавфсизлик хизмати архивида ҳамда музейида бу инсон ҳаётига оид жуда кўп нодир манбалар сақланади, деган эдингиз. Уларда Баҳром Иброҳимовнинг ёшлиги, оиласи, таълим олган ўқув юртлари ва қолаверса, қизиқишлари ҳақида ҳам маълумотлар мавжудми?

— Сиз тилга олган маълумотлар мавжуд. Хусусан, ДХХ архивидаги ҳужжатларда Баҳром Иброҳимов 1908 йил 5 май куни Самарқанд (ҳозирги Жиззах) вилоятининг Бахмал туманидаги Усмат қишлоғида таваллуд топганлиги, ота-онасидан эрта етим қолиб, Отажон исмли буваси қўлида тарбия кўрганлиги қайд этилган. Шунингдек, мазкур битикларда кучли хотирага эга эканлиги ҳам алоҳида айтиб ўтилган. Масалан, Самарқанд шаҳридаги мактаб-интернатда таълим олган йилларида ноёб истеъдоди, илмга чанқоқлиги, хорижий тилларни ўрганишга бўлган салоҳияти билан бошқа тенгдошларидан ажралиб турганлигини тасдиқловчи маълумотлар бор. 1922 йил октябрь ойида Бахмал туманидаги ўрта мактабга ўша даврнинг таниқли жамоат арбоби Инъомжон Хидиралиев ташриф буюрганида, ёш истеъдодли ўқувчи Баҳром унинг назарига тушади ва натижада айнан шу раҳбар тавсияси билан билим ва иқтидорини янада мустаҳкамлашга имкониятлар яратилади. Натижада Озарбайжоннинг Ганжа шаҳридаги педагогика билим юртига ўқишга жўнатилади. Бу ерда ҳам у туғма истеъдодини намойиш этади. Усмонли турк ва немис тилларини пухта ўрганади, дўстлари билан ҳамкорликда “Ойдин” газетасини чиқара бошлайди.

Ўқишни аъло баҳоларга тамомлаб келгач, Самарқандда нашр этиладиган “Аланга” газетасида масъул котиб лавозимида ишлайди. Ва бу ерда унинг Йўқсил тахаллуси билан ўтли шеърлар битганини кўришимиз мумкин.

— Ташқи разведка бўйича тажрибали мутахассислар, экспертлар Баҳром Иброҳимовнинг нолегал разведкага — ўта мураккаб ва қийин ишга жалб этилишининг асоси нимада эканлигига катта қизиқиш билдирадилар. Чунки бу соҳага ҳамма ҳам таклиф этилмайди, одатда, бундай ишларга минг бир синовлардан ўтган ўта юқори савияли, билимли ва уддабурон, ҳар қандай вазиятдан имкон топиб чиқиб кета оладиган шахсларгина қабул қилинади.

— Ҳақ гапни айтдингиз, умуман, махсус хизмат тизимига, айниқса, унинг ташқи разведка йўналишига номзод танлашда ҳамма замон ва даврларда ҳам ўта жиддий талаблар қўйилган. Аслида, ҳақиқий разведкачи — она Ватанини жонидан севадиган, хизмат бурчига ниҳоятда содиқ, фидойи ва комил инсон бўлмоғи даркор. Булардан ташқари, разведкачига хос фазилатлар: юксак билим ва эрудиция (ақл-заковат), воқеа ва ҳодисаларни чуқур таҳлил этиш, ўзини бошқара олиш, бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтганда сир бой бермаслик, синчковлик, кузатувчанлик, кам гапириб, кўп тинглаш каби жиҳатлардир. Шу билан бирга, разведкачи саноқли сониялар ичида ягона ва тўғри қарор қабул қилишга қодир бўлиши керак. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, Баҳром Иброҳимовда юқорида қайд этилган энг олижаноб фазилатларнинг барчаси мужассам эди.

Бундан ташқари, бизгача етиб келган маълумотларга кўра, Баҳром Иброҳимовнинг бундай масъулиятли касбни танлашида ўша даврдаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий вазиятларни яхши идрок этган, бой ҳаётий ва касбий тажрибага эга бўлган ҳамюртимиз Мирзахўжа Ўринхўжаевнинг салмоқли ҳиссаси бўлган. Баҳром Иброҳимов уни самимий устоз сифатида ҳурмат қилган, панд-насиҳатлари, кўрсатмалари ва тавсияларига қулоқ тутган. Шуни ҳам эътиборга олиш лозимки, ўша даврда, яъни 1930-йилларда Марказий Осиё республикаларига, шу жумладан, Ўзбекистонга қарши разведкавий хатти-ҳаракатлар, асосан, Эрон, Афғонистон ва Хитой ҳудудларидан туриб, Буюк Британия ва бошқа хорижий давлатлар махсус хизматлари томонидан амалга оширилган. Марказий Осиё республикаларига қарши қаратилган тажовузкор кучларнинг пайини қирқиш, амалга оширмоқчи бўлган режалари ҳақида олдиндан маълумот тўплаш учун бир қанча ёшларнинг ичидан 24 ёшли Баҳром Иброҳимов номзоди муносиб топилгани унинг ўта иқтидорли эканидан дарак беради.

— Шу ўринда бир савол туғилди. Навқирон йигитнинг фақат истеъдодигина ҳисобга олинмаган бўлса керак. Шоир, журналист, ношир йигит танлангани ҳам тўғридек, назаримда. Чунки ижодкорлиги унга тўқима таржимаи ҳол тузишда, чет элда зиёли кишилар ўртасида обрў қозонишида асқатгандек кўринади. Лекин хорижга чиқарилиши олдидан яна қандайдир махсус тайёргарликлардан ҳам ўтган бўлиши керак. Бу тўғрида манбалар борми?

— Архив манбаларига кўра, унга “муҳожир” деган тўқима ёрлиқ ҳам ўйлаб топилган. У гўёки шоир, ёзувчи ва таржимон бўлиб, Шўро ҳокимиятининг “душмани” сифатида қувғинга учраган ва Бирлашган давлат сиёсий бошқармасининг (ОГПУ) тазйиқларидан қўрқиб, жонини сақлаш мақсадида хорижга кетишга мажбур бўлган.

Унинг хорижий давлатлардаги 23 йиллик фаолияти мобайнида тўқима таржимаи ҳоли ҳам, маънавий ва жисмоний тайёргарлиги ҳам панд бермаганлиги фикримизнинг ёрқин далили, деб ўйлайман. Шу билан бирга, Баҳром Иброҳимов энг оғир вазиятларда, бошига аёвсиз азобу уқубатлар тушган паллада ҳам она Ватанига бўлган чексиз меҳр-муҳаббати туфайли бардош берган. Бу ҳақда разведкачимизнинг ўзи ёзиб қолдирган ён дафтарида шундай битиклар бор: “У ёқдан тирик қайтмаслигим мумкинлигини идрок қилардим. Аммо халқ фарзандига хос бурч ҳисси, одамийлик, виждоним оғир синовларга бардош беришимга, олдимга қўйилган мураккаб вазифаларни уддалашимга ёрдам берди”.

— Демак, айтиш мумкинки, Баҳром Иброҳимов, аввало, ўз касбига садоқати билан Марказий Осиёни, хусусан, бизнинг диёримизни уруш олови майдонига айлантирмоқчи бўлганларнинг пайини қирқишда жонбозлик кўрсатган миллий қаҳрамонимиздир.

— Ҳақиқатдан шундай. Унга марказ томонидан Эрон, Туркия ва Афғонистонда фаолият олиб бораётган туркистонлик муҳожирларнинг ишончини қозониш, имконият бўлган тақдирда, Европа мамлакатларидаги, жумладан, Франция, Германия ва АҚШ ҳудудларида истиқомат қилувчи муҳожирлар ташкилотлари билан муносабат ўрнатиш вазифаси юклатилган. Бу иш айтишга осон. Бир кўнгилни ўзингизга қаратиш учун қанчалик овора бўласиз. Айтайлик, асли тошкентлик, Туркистон муфтийси Садриддинхўжа Шарифхўжаев (асли исми Садридинхўжа Махсум Шарифхўжа Қози ўғли) ишончини қозониш осон иш эмасди. Лекин Баҳром Иброҳимов нафақат унинг ишончини қозонди, балки энг яқин одамига айланиб, муфтийнинг барча имкониятларидан фойдаланишга эришди.

Муфтий Садриддинхўжа 1923 йилда Шўролар ҳокимиятига қарши курашда айбланиб, Тошкентда қамоққа олинган, лекин қочишга муваффақ бўлган ва фаолиятини Эронда давом эттирган.

1932 йилда Баҳром Иброҳимов нолегал разведкачи сифатида мазкур мамлакатга чиқарилганда, унга топширилган муҳим вазифалардан бири муфтий Садриддинхўжа билан яқин муносабат ўрнатиш, ишончини қозониш белгиланган. Разведкачимиз ушбу топшириқни аъло даражада бажариб, Садриддинхўжанинг ишончли одами, ўнг қўлига айланган. Ўша пайтларда муфтий Англия разведкасининг Машҳад шаҳридаги резиденти Хамбер Лянсело Георг билан яқин алоқада эди. Баҳром Иброҳимов муфтийнинг бевосита ёрдами туфайли инглиз разведкачиси билан ҳам ишончли муносабатлар ўрнатишга муваффақ бўлди. Бундан ташқари, у Садриддинхўжа эшоннинг раҳнамолигида ўша даврда бошқа муҳожирлар қаторида “Шарқ” (Туркистон миллий иттифоқ жамияти) номи билан аталган ташкилотнинг асосчиларидан бири бўлиб қолади. Натижада разведкачимиз мазкур жамият ҳамда унинг раҳбарлари муфтий Садриддинхўжа ва бошқалар мамлакатимизга қарши олиб борган фаолиятларини уларнинг ичида туриб кузатиш имкониятига эга бўлади, қўлга киритган муҳим маълумотлари ҳақида марказни ўз вақтида огоҳлантириб туради.

— Бугунги саодатманд кунларга етиб келишимизда Баҳром Иброҳимов, унга ўхшаш мард ва жасур аждодларимизнинг салмоқли улуши бор. У фашизм балоси Ўзбекистон осмони ва заминига ёпирилишидан сақлаб қолишда кўксини қалқон қилиб, ўзбек разведкасининг нималарга қодир эканлигини намойиш этди. Шундай эмасми?

— Нолегал разведкачи саноқли дақиқаларда муҳим қарорга кела билиши, ўта қийин вазиятлардан ирода кучи билан чиқиб кета олиши, ҳаёти қил устида турган бўлса-да, ўзини “очиб” қўймаслик хислатларига эга бўлиши лозим. Бундай нозик, мураккаб хислатлар, айниқса, Баҳром Иброҳимовнинг 1932 йилда “Истиқлол” миллий озодлик ҳаракатининг “Жанговар бешлиги” таркибига кирган ҳолатида, 1930 — 1940 йилларда немис ва япон махсус хизмат ходимлари билан яқин алоқа ўрнатганида, Марказий Осиё республикаларига юборилаётган жосусларнинг ишларига чек қўйилишида, умуман олганда, Иккинчи жаҳон урушига қадар, урушнинг дастлабки йилларидаги фаолиятида ҳар жиҳатдан яққол намоён бўлган.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, фашизм балосининг Ўрта Осиё республикалари ҳудудига кириб келишининг олдини олишда, мамлакатимиз жанубий чегараларида уруш оловини ёқиш каби разил ниятларни барбод этишда Баҳром Иброҳимовнинг ҳиссаси ниҳоятда улкан.

— Ўқувчиларимизни “Учинчи фронт” ҳамда унинг барбод этилиши билан боғлиқ сирли манбалар қизиқтириши муқаррар. Мутахассис сифатида айтинг-чи, Баҳром Иброҳимов ҳушёрлик қилмаганда “Учинчи фронт” очилиши мумкинмиди?

— Германиянинг собиқ Иттифоққа қарши уруш очиши Афғонистондаги ҳукумат доираларида ва у ердаги айрим муҳожирларда Туркистонни шўролар тузумидан озод этишга умид уйғотди.

Ҳатто айрим қўрбошилар Марказий Осиё ҳудудига бостириб кириш учун ҳаракатлар бошлаб юбордилар. Манбаларда таъкидланишича, афғон ҳукуматининг аксарият намояндалари Германиянинг бу урушда ғолиб чиқиши ҳақидаги фикрларини яширмаганлар. Урушдан сўнг Германиянинг ўша пайтлардаги элчиси Г.Пильгер Москвадаги Бутирка қамоқхонасида берган маълумотига кўра, 1942 йилдан бошлаб немис элчихонаси СССР ва Ҳиндистон бўйича махфий маълумотларни эркин ола бошлаган.

Англиянинг Афғонистондаги элчиси Ф.Вайли маълумотларига кўра, Афғонистон Бош вазири Ҳошимхоннинг иккиюзламачи сиёсат олиб бораётгани маълум эди. Собиқ Иттифоқ элчиси Михайловнинг Москвага юборган маълумотномасида эса олмон ва япон махсус хизматлари ходимлари бу ҳаракатда туркман ва ўзбек қўрбошиларидан фойдаланиш йўлларини қидираётганлари айтилган. Юқорида қайд этилган ва шунга ўхшаш бошқа тарихий далиллар ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиб кўрилса, ўша даврда “Учинчи фронт”нинг очилишига сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий асослар мавжуд бўлганлигини англаш қийин эмас.

Шундай экан, Баҳром Иброҳимовнинг юқорида қайд этилган ёвуз кучлар ичида бўлганлиги ва уларнинг ғаразли саъй-ҳаракатлари ҳақида марказни ўз вақтида огоҳ қилиб турганлиги “Учинчи фронт”нинг очилишига қарши асосий ғов бўлди, десак, мутлақо тўғри.

— Шу ўринда муҳимроқ масалага эътибор қаратсак, яъни Туркистон муҳожирларининг стихияли эмас, балки бирлашиб, ягона мақсад учун ҳаракат қилишлари ҳам олдиндан режаланган ва чуқур ўйланган бўлиши керак. Бундай ҳаракатни, албатта, мухолиф кучлар орасидаги сардорлар, бошқача айтганда, лидерлар бошқаради. Ўша пайтда уларга бошчилик қилиши мумкин бўлган шахс ким эди?

— Ўша вақтларда айрим муҳожир ташкилотлар раҳнамолари доирасида муҳожирларнинг лидери сифатида Шермуҳаммадбекнинг эътироф этилиши тўғрисида фикр-мулоҳазалар бўлган. Ундан ташқари, Бухоро амири Саййид Олимхоннинг қудаси Мубоширхон Тарозий ҳам муҳожирлар ичида раҳбар сифатида эътироф этилган. Аммо Афғонистон ва Эрон мамлакатларида ўша даврда фаолият олиб борган собиқ Иттифоқ, Германия, Буюк Британия ва бошқа давлатлар миссиялари вакилларининг қайд этишларича, Туркистондан чиққан муҳожирлар орасида лидерлик мақомини Шермуҳаммадбек ёки Мубоширхон Тарозий эмас, айнан Маҳмудбек (Б. Иброҳимов) эгаллаган. У айни вақтда “Абвер” (Германия ҳарбий разведкаси)нинг Кобулдаги энг ишончли резидентига айланган ҳамда Афғонистон шимолида немис разведкаси билан ҳамкорликда муҳожирларнинг энг йирик “Юнион” номли ташкилотини тузган.

Шермуҳаммадбек эса унинг қизи Саодат хонимнинг таъкидлашига кўра, бу вақтга келиб, қарши курашишнинг самара бермаслигига ишонч ҳосил қилган ҳамда ғариблик қисматига бўйин эгиб, сиёсий ва жамоат фаолиятларидан умуман воз кечган. Кўриниб турибдики, ўша даврдаги чет эл разведкалари раҳнамолигида ўзбек ва туркман муҳожирлари иштирокида ташкил этилган катта-кичик миллатчилик ташкилотларининг Марказий Осиё республикалари чегаралари орқали бостириб киришга қаратилган барча хатти-ҳаракатини муҳожирларнинг лидери сифатида Баҳром Иброҳимов назорат қилиб турган. Бу эса кўп жиҳатдан “Учинчи фронт”нинг жилови разведкачимиз қўлида бўлганлигидан далолатдир.

— Разведкачимизнинг бу қадамини “Учинчи фронт”нинг барбод этилиши йўлидаги илк босқич, деб ҳисобласак бўладими?

— Албатта, ичдан емириш осон, чунки ҳамма нарса кўз олдингда, ойнадек равшан туради. Энг муҳими ҳам шу: мақсадга эришиш, кўзланган режанинг тақдирини ўзгалар қўлига бериб қўймаслик керак. Разведкачимиз нафақат “Учинчи фронт” тайёргарликларини назоратида тутган, балки мазкур фронтнинг жанговар ҳолатини мустаҳкамлаб туриш учун немис фашистлари ва бошқа Ғарб мамлакатларидан юборилган қурол-яроғлардан иборат карвонларнинг Эрон ва Афғонистон ҳудудларининг ўзидаёқ яксон этиш операцияларига бошчилик қилган ва бу ишларни хуфиёна амалга оширишга муваффақ бўлган. Баҳром Иброҳимовнинг бу даражадаги юксак истеъдоди ўзбек разведкасининг яна бир қудратини кўрсатувчи муҳим омил, десак, асло янглишмаймиз.

Чунончи, ўша даврдаги ҳарбий вазиятни синчковлик билан кузатиб борган, “Учинчи фронт” режаларидан яқиндан хабардор бўлган машҳур разведкачи сифатида дунёга танилган доктор Рихард Зорге Баҳром Иброҳимовнинг фаолияти ҳақида “Бизнинг шарқий чегараларда “пўлат қўл” ишлаяпти. Токи у бор экан, “Учинчи фронт” ҳаргиз очилмагай”, дея ишонч билан ёзган эди.

— Таниқли разведкачининг ўзбек разведкаси вакилига юксак баҳо бериши Баҳром Иброҳимовнинг нечоғли салоҳиятли разведкачи эканлигидан дарак беради. Шунинг баробарида, бу инсон ҳақида ўз Ватанида тўқилган афсонага ҳамма ишонган кўринади, акс ҳолда, у бунчалик муҳим топшириқларни бажара олмасди.

— Баҳром Иброҳимов ўзи учун тўқилган таржимаи ҳолидаги ролини шундай моҳирлик билан ижро этганки, ҳатто немис резидентурасининг раҳбари Расмус Ўрта Осиё муҳожирларининг Ватанни шўролардан озод этиш борасидаги барча тадбир назоратини Баҳром Иброҳимовга ишониб топширган. Разведкачимизга Расмус томонидан белгиланган асосий вазифа чегара орқали ўтган немис агентлари ёрдамида Марказий Осиё республикаларидаги шўроларга қарши шахсларни аниқлаб, улар орқали Кавказ, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудларини гўёки немислар томонидан босиб олинганлиги ҳақидаги бўҳтон маълумотларни тарқатишдан иборат бўлган. Ундан ташқари, Баҳром Иброҳимовга Туркистон ҳарбий округи тасарруфидаги совет қўшинлари ҳақида маълумот тўплаш иши ҳам топширилган эди.

Аммо Баҳром ИброҳимовГерманиянинг Ўрта Осиё ҳудудларига қўпорувчилик ишлари билан шуғулланиш учун юборилган кўплаб диверсантлари ва агентлари ҳақида маълумот етказиб турган ва улар ўз вақтида махсус хизматлар томонидан зарарсизлантирилган. Баҳром Иброҳимов фашистларнинг “Учинчи фронт” операцияси бўйича бошқа тадбирларига тааллуқли барча маълумотни ҳам ўз вақтида марказга етказиб турган. Жумладан, уларнинг режасига мувофиқ, 12 минг нафар яхши қуролланган муҳожирлар қўшини Амударёдан от ва мешқопларда ўтиб, Чоржўйдаги кўприкни эгаллаб, Красноводск (ҳозирги Туркманбоши) — Тошкент трассасини бузиб, фронтга жўнатиш учун тайёрланган ёнилғи омборхоналарини портлатиши, Ўзбекистонга махфий юборилган айғоқчи-жосуслар орқали республикамизда қўзғолон тайёрлаш ҳақидаги маълумотларни СССРнинг Кобулдаги резидентурасига маълум қилган. Фашистларнинг ушбу “Учинчи фронт” операциясини Германиянинг Афғонистондаги резиденти Карл Расмус бошқарган, унга туркман миллатига мансуб айғоқчилар билан ишловчи немис разведкачиси Вицел ёрдам берган. 1942 йил 8 июлда СССР НКВД (Совет Иттифоқи Ички ишлар халқ комиссарлиги) Давлат хавфсизлиги Бош бошқармаси раҳбари номига Совет қўмондонлигининг Ғарбий фронтдаги кучини заифлаштириш мақсадида мамлакатнинг жанубий чегараларида “Учинчи фронт” очилишига тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида шошилинч хабар келади. Унда 13 октябрь куни Термиз шаҳридан 50 км. узоқликда жойлашган ҳудудда қуролли кучлар жанговар ҳолатда шай туриши ҳақида айтилади.

Шу ўринда биз Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раиси, генерал-лейтенант Ғулом Алиевнинг 1994 йилда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 49 йиллиги муносабати билан “Ватан посбонлари” газетасида чоп этилган “Разведкачиларимиз жасорати” мақоласида Баҳром Иброҳимовнинг фаолияти ҳақида қуйидаги сатрларни ўқишимиз мумкин: “Уруш даврида ўзбек — афғон чегарасининг мустаҳкам ҳимоясини таъминлаш алоҳида аҳамият касб этди. Ҳар ҳолда республика Жанубий чегаралари, қуролли қўпорувчиларнинг хуружлари ва кичик отишмаларини ҳисобга олмаганда, фашистлар Германияси разведкаси резидентурасида муваффақиятли фаолият кўрсатган ўзбек разведкачиси Маҳмудбек Ойқорли (Баҳром Иброҳимов)нинг алоҳида хизматлари эвазига тинч эди. Худди шу одам — афсонавий Баҳром Иброҳимов гитлерчиларнинг Ўзбекистон жанубида янги фронт очиш юзасидан мўлжаллаган ишларини режали равишда барбод қилиб турди”.

Хуллас, фашистлар Германиясининг Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон ҳудудида “Учинчи фронт” очиш режаси барбод этилди, ўзбек разведкачиси Баҳром Иброҳимовнинг фидойилиги туфайли Афғонистонда иш олиб бораётган Германия разведкасидан устун келинди. Мабодо, фашистлар Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудларига ҳужум қилганда, тиш-тирноғигача қуролланган душманга қарши куч топилиши қийин эди. Чунки собиқ Иттифоқнинг асосий ҳарбий кучлари Ғарбий фронтга, фашистларга қарши курашга ташланганди. “Учинчи фронт” ғояси барбод бўлгач, немис резиденти, штурмбаннфюрер Карл Расмус ўз жонига қасд қилишга мажбур бўлганини ҳам айтиб ўтиш лозим.

— Баҳром Иброҳимов фаолияти давомида кўплаб азоб-уқубат ва қийинчиликларга дуч келгани, шубҳасиз. Бу ўринда унинг Афғонистонда қамоққа олиниб, бир неча йил давомида қийноққа солинганини айтиб ўтишимиз жоиз. Бу қандай содир бўлган эди?

— Бунга ўша даврда собиқ Иттифоқнинг Афғонистон ҳукуматига юборган норозилик нотаси ҳам туртки бўлган, яъни нотада Германия ҳукуматидан мустақил бўлган Афғонистонда қўпорувчилик ҳаракатларини тўхтатиш ва уларни тарқатиб юбориш, муҳожирларнинг фаолларини ҳибсга олиш ва судга бериш талаби қўйилган эди.

Шу мазмундаги норозилик нотаси Англия ҳукуматидан ҳам тақдим этилганди. Шунга кўра, 1943 йил март ойида Афғонистон хавфсизлик органлари томонидан муҳожирларнинг 48 нафар фаоли ҳибсга олиниб, Кобулдаги “Демазанг” зиндонига ташланади. Улар ичида Баҳром Иброҳимов ҳам бор эди. Уни қаттиқ қийноққа солишади, у салкам икки йил елка ва оёқларига ўн икки килолик темир занжирлар осилган ҳолда якка авахтада сақланади. Орадан беш йил ўтиб, 1948 йили у марказнинг ўзбекистонлик разведкачилар иштирокида ўтказган махсус операцияси натижасида қамоқдан озод этилиб, разведкавий фаолиятини Покистоннинг Пешовар шаҳрида давом эттиради.

— Шароф Рашидовнинг унга Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони бериш тўғрисидаги таклиф ҳужжатга имзо чекканлиги ростми?

— Ҳа, шундай бўлган. Ўзбекистон Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ)нинг разведка бўлими бошлиғи К. А. Тенякшевнинг раҳбарлиги остида архив ҳужжатлари ўрганилиб, Баҳром Иброҳимовнинг жасорати қайд этилгач, бундан фахрланган республикамиз раҳбари Шароф Рашидов унинг Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига лойиқлиги тўғрисидаги ҳужжатга имзо чеккан. Аммо марказ 1960 йилнинг бошларида Баҳром Иброҳимовга жанговар “Қизил Байроқ” ордени бериш билан кифояланган.

— Бу инсоннинг кейинги тақдири қандай кечган?

— Ватанга қайтгач, оммавий ахборот воситаларида, жумладан, “Ўзбекистони сурх” газетасида маданият бўлими мудири, Давлат сиёсий нашриёти Шарқ бўлимида бош муҳаррир ва 1963 йилдан то умрининг охиригача Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг катта илмий ходими сифатида фаолият кўрсатди. Ўзбек разведкачиларининг янги авлодини тарбиялашда ўз ҳиссасини қўшди. “Интилиш”, “Мирзода ишқи” китобларини нашр эттирди. “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонига сазовор бўлди. Мустақиллик йилларида унга “Жасорат” медали берилиб, хотираси ёдга олинди ва умр йўлдоши Холида Иброҳимова Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси мақомига тенглаштирилди. Бугун пойтахтимизнинг обод кўчаларидан бири шу инсон номи билан юритилади. Яна бир муҳим гапни айтиш керакки, совет разведкаси топшириғини бажариш учун тайёрланган ҳарбий бўлмаган шахсга ҳарбий унвон берилмаган, аммо Баҳром Иброҳимов совет разведкаси тарихида подполковник ҳарбий унвонини олган биринчи нолегал разведкачи ҳисобланади.

Тўлқин ҲАЙИТ суҳбатлашди.

2019 йил 7 май, 93-сон

“Халқ сўзи” газетаси

Бошқа хабарлар