Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Сенатида

25

2019 йил 3-4 май кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлиснинг иккинчи кунида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг прокуратура органларининг 2018 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Сўнгра парламентнинг юқори палатаси аъзолари Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2018 йилдаги ­фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи, Тошкент вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи билан танишдилар.
Сенаторлар мажлис давомида 2019 йилда кўп тармоқли фермер хўжалик­ларини ташкил этиш ва ривожлантириш дастурига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, сув объектларига оқинди сувларни оқизиш билан боғлиқ муаммолар юзасидан Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – транспорт вазирига парламент сўрови юбориш, Тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқдилар.
Бундан ташқари, сенаторлар контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш ва уни ўташга оид қонун ҳужжатлари ижроси ҳолати ва бу соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти юзасидан Бош вазирга юборилган парламент сўрови натижаларини муҳокама этишди.
Ялпи мажлис давомида Ўзбекистон Республикасининг Польша Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчисини тайинлаш ва Олий Мажлис Сенати Кенгаши қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартириш­лар киритиш тўғрисида»ги қарор қабул қилинди. Унга мувофиқ, Абдулло Аллаев, Кароматжон Давлетова, Алишер Жалилов, Гулнора Парпиева, Шуҳрат Ражабов, Сарварбек Раҳмонов, Камолиддин Толлибаев, Эркин Эргашев, Маҳмуд Эшимбетов, Хуршид Эшмуратов ўн йил, Анвар Шукуруллаев ҳамда Ҳасан Эгамбердиевлар муддатсиз даврга Ўзбекистон Рес­публикаси Олий cудининг судьяси лавозимига сайланиши белгиланди. Бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан Қудратилло Бабаев, Умидахон Имомова, Зафар Назаров ва Нодиржон Ражабов Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ­судьяси лавозимидан озод этилди.
Олий Мажлис Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлисида 23 та масала, шу жумладан, 8 та қонун кўриб чиқилди.
Шунинг билан Ўзбекистон Респуб­ликаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати хабарлари
асосида тайёрланди.

Бошқа хабарлар