ШАРАФ ТАСМАСИ – ТИНЧЛИК РАМЗИ!

25


Хотира ва қадрлаш куни яқинлашар экан, кўча-кўйда кўксига “Георгий лентаси” тақиб олган кишиларга ҳам кўзимиз тушади. Шу чоғда “Бу ўзи қандай нишон?”, “У нимани англатади?”, “Иккинчи жаҳон урушига унинг қандай боғлиқлик ери бор?” деган саволлар кўнглимиздан ўтиши табиий. Журналист Юлдуз Ҳожиева Республика Маънавият ва маърифат маркази бош мутахассиси, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси Феруза Азимовабилан айни шу хусусда суҳбатлашди.

Мақоланинг тўлиқ матнини қуйида ўқинг.

КЎКСИНГИЗГА “ГЕОРГИЙ ЛЕНТАСИ” ЭМАС, ШАРАФ ТАСМАСИНИ ТАҚИНГ

Мамлакатимизда Хотира ва Қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. Фашизм устидан қозонилган ғалабага ҳисса қўшган, Ватанимиз мустақиллиги учун жонини, бор куч-қувватини аямаган инсонларни халқимиз асло унутмайди, уларнинг ҳар бирига муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатади.

Қизиғи, ҳар йили ана шу гўзал айёмни нишонлашимизда айрим ёт ғояларга дуч келамиз. Аниқроғи, маънавий таҳдид, ҳатто Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабани улуғлаш, фронт ва фронт ортида мардонавор курашиб, матонат ва жасурлик кўрсатган қаҳрамонларни муносиб эътироф этиш, хотирасини абадийлаштиришдек қадриятларимиз орасига ҳам суқилиб кирмоқда. Шулардан бири — Георгий тасмасини улашиш акциясидир.

Қора-олов ранг тасманинг бизга қандай алоқаси бор?

Кўча-кўйда қора ва олов рангли 5 та ҳошиядан иборат тасмани кўкси узра таққан ёхуд автомобилини шу лента билан безатган кимсаларга кўп дуч келамиз. «Георгий лентаси» дея аталувчи ушбу тасманинг бизга, юртимизга нима алоқаси бор? Қолаверса, боғичнинг Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага яқинлиги нимада?

Республика Маънавият ва маърифат маркази бош мутахассиси, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси Феруза АЗИМОВА билан суҳбатимиз ана шу саволлар доирасида бўлди.

Байрам моҳиятида иккиланиш пайдо бўлади

Тарихий маълумотларга кўра, бу тасма аслида 1769 йилда таъсис этилган Авлиё Георгий ордени билан боғлиқ. Унинг илдизи Россия – Туркия урушларига бориб тақалади. Мазкур орден Туркистонга юриш бошлангандан кейин ўлкамизда турли хунрезликларни амалга оширган, ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожикларнинг қонини тўккан рус офицерлари, генералларига берилган. Аҳоли тинчлик-осойишталигини бузган, халқларни озодликдан маҳрум этган шахсларнинг қилмишларини ўша даврда Россия империяси маъмурияти Авлиё Георгий ордени билан тақдирлаган.

2015-2016 йилларда Украинада содир бўлган фожиалардан сўнг ҳам ушбу акция яна авж олган. Тадқиқотлар Авлиё Георгий тасмасининг  Иккинчи жаҳон урушига тўғридан-тўғри алоқаси йўқлигини кўрсатади. Шундай бўлса-да, яқин тўрт-беш йилдан буён юртимиздаги айрим ташкилотлар Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозонилган кун – 9 май арафасида Георгий лентаси улашиш акциясини уюштирмоқда. Бу эса мамлакатда 9 май – Хотира ва Қадрлаш кунига бўлган муносабатнинг иккига ажралишига олиб келаётир.

Айни фикрда тарафдорлар ва рад этувчилар оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда турли кўринишдаги чиқишлар уюштиришмоқда. Ушбу бўлинишларнинг олдини олиш, халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага қўшган буюк ҳиссасини қадрлаш, эътироф этиш, абадийлаштириш ҳамда тинчлик-осойишталикни, тўкин-сочинликни авайлаб-асраш, ватанпарварликни тарғиб этиш мақсадида худди шунга ўхшаш акция уюштиришни вазият тақозо этмоқда.

Шараф тасмалари ҳилпираб турсин

Шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда, жорий йилнинг 24 апрелида Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Георгий тасмаси улашиш акцияси кескин танқид қилинди. Аксинча миллий қадриятларимизга асосланган шунга ўхшаш акцияни оммалаштириш зарурлиги таъкидланди. Зеро, Иккинчи жаҳон уруши ғалабасига жасур ва бағрикенг Ўзбекистон халқининг қўшган улкан ҳиссаси тарих саҳифаларида мангуга муҳрланган.

Айни ташаббус туфайли бугун мамлакатимизнинг турли ҳудудларида Шараф лентаси улашиш акцияси кенг жорий қилинмоқда. Жумладан, Республика Маънавият маркази, марказ қошида таъсис этилган «Маърифат» тарғиботчилар жамияти ҳам мазкур ҳаракатда фаол қатнашди, тарихий ғалабанинг моҳияти кенг тарғиб қилинди. Қолаверса, юртимиздаги бошқа ташкилотлар қатори Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ҳам Иккинчи жаҳон урушида мардонавор иштирок этган, ғалабага муносиб ҳисса қўшган юртдошларимизни хотирлаш, тинчлик ва осойишталикни қадрлашга бағишланган Шараф тасмаси улашиш  акциясини ўтказди. Мамлакат бўйлаб ана шундай кенг тус олган акцияда ҳамюртларимиз билан бир қаторда  чет эллардан ташриф буюрган турли миллатга мансуб сайёҳлар ҳам фаол қатнашишди. Айниқса, Республика Маънавият маркази, марказ қошида таъсис этилган «Маърифат» тарғиботчилар жамияти томонидан иштирокчиларга бадиий-маърифий китоблар ҳам тақдим этилгани жараёнга мазмун бағишлади.

— Пойтахтимиздаги Самарқанд дарвоза савдо мажмуасига иш билан борсам, бир гуруҳ ташкилотчилар хуш кайфиятда менга пешвоз чиқиб, кўксимга «Шараф тасмаси»ни тақиб қўйишди, — дейди Тошкент молия институти талабаси Шаҳло Кўпалова. — Ана шу пайтда ғалабага улкан ҳисса қўшган, инсониятни қуллик исканжасидан қутқарган ота-боболаримиздан фахрланиш туйғуси мени қамраб олди, ғалаба йўлида қурбон бўлганларнинг, Мустақиллик йилларида халқимиз учун жонини фидо қилганларнинг хотирасига буюк эҳтиром келтирдим. Ана шундай ҳислар туфайли курсдошларимиз билан йилдан-йилга сафлари сийраклашиб бораётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини зиёрат этиш, юмушларига ёрдамлашишга қарор қилдик.

Бизга фақат тинчлик ва омонлик керак

Бутун дунё халқларининг эзгу орзуси, хоҳиш-иродаси битта — ҳеч қачон, ҳеч қандай шаклда уруш қайтарилмасин. Бундай истак, бундай мақсад жаҳондаги барча халқларнинг манфаатларига ҳамоҳанг. Чунки инсоният урушни хоҳламайди. Бизнинг халқимизга ҳам тинчлик ва омонлик керак. Фақат тинчлик ва осойишталик бўлган, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ҳукм сурган давлатда, жамиятда фаровон ва бахтли ҳаёт қуриш, эзгу орзу-мақсадларга етишиш мумкин. Шундай экан, биз қурбонлар хотираси олдида доимо таъзим қиламиз. Кўксимиздаги «Шараф тасмаси» эса ана шу ҳурматимиз ифодасидир.

Авлиё Георгий ким?

Авлиё Георгий Фаластиннинг Рим мустамлакасидаги Лидда шаҳрида, тахминан милодий 275 йилда туғилган. Милодий 303 йилнинг 23 апрелида вафот этган.  Георгийнинг отаси рим амалдори, онаси эса маҳаллий насроний бўлган. Ўша давр анъаналарига кўра, Георгий Рим армиясида хизмат қилган ва офицер даражасигача кўтарилган, 303 йилда эса уч марта қатл этилган. Манбаларга кўра, 303 йилнинг 23 февралида император Диоклетиан Рим армиясида ислоҳотлар ўтказиб, энди бу сафда насронийларга ўрин йўқлиги ҳақида фармон чиқаради. Янгиликдан хабар топган Георгий армияда бошқа хизмат қилишни хоҳламайди ва истеъфога чиқишни сўраб императорга мурожаат қилади. Табиийки, Диоклетиан бунга изн бермай, ёш офицерга насронийликдан воз кечиши учун катта таклифлар билдиради.

Георгий собит туради, унинг ўз эътиқодига қанчалар содиқлигини билиш мақсадида, император уни қатлга ҳукм қилади. Қизиғи, у икки сафар қайта тирилади. Учинчи бор ўлим фармонида бошини танасидан жудо қилиш кўрсатилади. Шундан сўнггина Георгий бошқа уйғонмайди. Георгий лентасидаги рангларда мазкур ҳолат аниқ-тиниқ акс этган: қора – тўқ сариқ – қора – тўқ сариқ – қора. Яъни Георгийнинг ўлими (қора), унинг қайта тирилиши (сариқ), галдаги ўлим (қора), галдаги қайта тирилиш (сариқ) ва охирги ўлим (қора).

Георгий тасмаси чуқур эътиқод, қасамёд, эътиқоднинг бузилмаслиги рамзидир. Бу тахмин черков вакилларига қўл келади. Айнан шу сабабли Георгий буюк валинеъмат насроний сифатида улуғланади.

Юлдуз ҲОЖИЕВА

тайёрлади.

2019 йил 2-9 май, 21-сон

«Mahalla» газетаси

Бошқа хабарлар