Эъзоз-эҳтиромдан яйради диллар

104

Пойтахтимизда Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб уруш қатнашчилари, меҳнат фахрийлари ва бир гуруҳ ёшлар иштирокида тадбир ташкил этилди. «Нуроний» жамғармаси бошқаруви раиси ўринбосари Хайринисо Мирзажонова тадбирни очиб берар экан, фахрийларни байрам билан муборакбод этди.

Нуронийларга ҳомийлар томонидан эсдалик совғалари тақдим этилди. Шунингдек, «Дори-дармон» акциядорлик компанияси ҳисобидан тайёрланган 45 дона, умумий нархи 9 млн. сўмлик махсус дори-дармон олиш учун сертификат тарқатилди. Ўзбекистон халқ артистлари Мансур Тошматов, Марям Сатторова, Ҳуррият Исроилова, Хайрулла Лутфуллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Марат Ҳакимов, Мақсадхон Юнусова ва бошқа санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар кўнгилларга завқ улашди.
Юртимизда 3,5 миллион пенсионерлар умргузаронлик қилишаётган бўлса, уларнинг 878 нафари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлари, 29 минг нафари эса меҳнат фронти фахрийларидир. Катта ҳаёт таж­рибасига эга бу табаррук отахон ва онахонларни «Нуроний» жамғармаси фаолиятини ривожлантириш ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнига жалб этиш доимий эътиборда.
– Халқимиз азалдан ҳар бир масалада кўпни кўрган, табаррук ёшли инсонлар билан кенгашиб иш кўрган, – дейди Муҳаббат ая Раҳимова. – Бу анъана бугунгача яшаб келаётгани бизни хурсанд қилади. Кексаларга эътибор деганда мен, биринчи навбатда, шу нарсани тушунаман. Ўзбекистонда истиқомат қилаётган ҳар бир нуроний чин маънода бахт­­ли, десам янглишмайман. Чунки, ҳар доим бизни йўқлашади, ғамхўрлик кўрсатишади, дуоларимизни олишади.
Тадбирда сўз олган нуронийлар Президентимиз томонидан кексаларни эъзозлаш ва қўллаб-қувватлашга қаратилаётган кенг эътибордан бениҳоя хурсанд эканини эътироф этишди.

Комила БОЙМУРОДОВА,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар