Отамнинг азиз бисоти

97

Отамни 2017 йилнинг 29 апрелида йўқотдим… Суянган тоғим, фахрим, мени ҳимоялаб турган қўрғоним оламдан ўтди. Ўшанда 9 майга ўн кун қолганди.

Ахир, отам уруш фахрийси эди, Иккинчи жаҳон уруши даҳшатларини ўз кўзи билан кўрган, бу офат оилам, ватанимга даф қилмасин дея қўлида қурол билан жанг қилган эди. Ғалабанинг ҳар бир йиллигини алоҳида кутиб оларди, ҳавони зириллатган ўқ товушлари, тушган ерини минг бўлакка парчалаб ташлайдиган бомбалар ўтмишда қолганига, буларни бизлар кўрмаётганимизга қувонарди. Жангда ҳалок бўлган қадрдонларини хотирлаб, армон билан гапирарди.
Тоғдай мусибат бизни букиб қўйди, ҳар бурчакда отамнинг юзини кўрамиз, ҳар буюмдан отамнинг қўллари тафтини излаймиз…
Шундай андуҳли кунларда «Тошкент» телеканалидан қилинган қўнғироқ ярамизни яна янгилади. Журналист Раъно Абдураимова Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан отам ҳақида кўрсатув қилмоқчи бўлган экан…
Вақт – бешафқат ҳакам, ҳаммасини жойига қўяди, йўқотишларга кўникишга мажбур қилади.
Аммо анча вақтгача отамга тегиш­ли жиҳозлар, китоблар, айниқса, ҳужжат тахламларини кўздан кечиришга юрагим дов бермади. Ниҳоят, қўлимга сарғайиб кетган ва ушласа тўкилгудай тугунчани олдим. Отажоним бу тугунчани жуда авайлар, биз фарзандларга қўл теккизишга рухсат бермас эдилар…
Отам ҳақида кўп билмаймиз. Вақтида нега сўраб-суриштириб билиб олмаганман, суҳбатлашиб, ўтмишларини ўрганмаганман дея ҳамон афсусланаман. Отамнинг ўзи ҳам саволларга узуқ-юлуқ жавоб берар, уруш мавзусини четлаб ўтишни истар эди. Хотиралар раҳматли учун оғриқли бўлган бўлса керак. Энди эса мана шу тугунчадаги ҳужжатлар, қоғозлар ва суратларда улар жонланар, отам ҳақида ҳикоя қиларди.
1925 йилда Тошкент шаҳрида туғилган отам Ҳикмат Сагдуллаев 18 ёшида кўнгилли бўлиб урушга кетган (1943 йил сентябрь ойи). Фарғонадаги жанговар тайёргарликдан сўнг 1119-ўқчи полки таркибида Беларусда жангга кирган. Жангларнинг бирида оғир яраланиб (1943 йил 14 декабрь), узоқ вақт беҳуш қолиб кетган. Умрларининг охирига қадар бир рус ҳамширасининг фидойилигини миннатдор бўлиб эслаб юрдилар. Жасадлар ичида ётган аскарнинг ҳали нафас олаётганини сезган ҳамшира қиз отамни елкасига опичлаб, жанг майдонидан олиб чиққан экан.
1943 йил декабридан 1944 йилнинг март ойигача госпиталда даволангани ҳақидаги сарғайиб йиртилиб кетай деган маълумотномани кўздан кечираман. Шу бир парча қоғозда отамнинг қанча уйқусиз тунлари, дард чеккан кунлари, кўнглидан ҳайдаган нохуш ўйлари, юрагини тўлдирган ёруғ орзулари мужассам. Маълумотномага имзо чеккан госпиталь бошлиғи майор Беляев менга қондошдай, отамга мендан кўра яқинроқдай туюлади.
Урушдаги жароҳат туфайли ногирон бўлиб қолганига қарамай отам турли соҳаларда фаолият юритдилар. Қаерда ишлашларидан қатъи назар масъулият билан ҳалол меҳнат қилганлари учун қатор ёрлиқлар олган эканлар.
Ҳукуматимиз отамни унутмади, уруш фахрийлари қаторида бир қатор орден ва медаллар билан тақдирлади. Ўзлари жанг қилган Беларуснинг Псков вилоятига 1989 йили бориб, сиҳатгоҳда дам олиб қайтдилар. Падари бузрукворимга 1995 йили муқаддас Ҳаж сафарига бориш насиб этди. Буюк Ғалабанинг 65 йиллиги муносабати билан Москва шаҳрида бўлиб, бир олам таассуротлар билан қайтдилар. Узоқ умр кечириб, 92 ёшларида вафот эдилар.
Муҳтарам Президентимизнинг Ғалабанинг 72 йиллиги муносабати билан юборган табрикномаси отамнинг охирги кунларида кўнглини тоғдек кўтарган эди. Кўзларига ёш қалқиганини яхши эслайман.
«Қадрли ва муҳтарам Ҳикмат Сагдуллаев! Бутун инсоният тақдири хавф остида қолган суронли бир даврда тинч-осойишта ҳаёт, мусаффо осмон, фарзандларимизнинг ёруғ келажаги учун жасорат ва матонат кўрсатганингиз, тинч меҳнат йилларида эл-у юртимиз равнақи йўлида фидокорона хизмат қилганингиз барчамиз, айниқса, ёшларимиз учун ҳақиқий ибрат мактабидир.
Ўз умрини она Ватанимиз, халқимиз озодлиги, унинг тараққиёти ва фаровонлигига бағишлаган Сиздек азиз ва қадрли юртдошимиз билан биз доимо фахрланиб, ғурурланиб яшаймиз».

Марғуба САГДУЛЛАЕВА

Бошқа хабарлар