Улуғларимизни таниш орқали кимлигимизни англаймиз

112

Ўзбекистон Республикаси халқ рассоми, санъат арбоби, Тожикистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Токио санъат музейининг Фуджи медали соҳиби, Бобур номидаги халқаро мукофот лауреати Равшан Миртожиев ҳаётини, ижодини Ватани учун, миллат учун бахшида этди. У ясаган ҳайкаллар дунёнинг турли гўшаларида абадият тимсоли каби қад ростлаб турганининг ўзиёқ бунинг исботидир.

Биз буюкларга қўйилган ҳайкалларни кўп кўрганмиз. Уларнинг ҳар биридаги ўзига мос меъморий ечим ­ҳайкалтарошнинг санъаткор сифатидаги салоҳиятини намоён этади. Тошкент шаҳридаги оддий шифокор оиласида дунёга келиб, кейинчалик машҳур ­ҳайкалтарош бўлиб етишган Равшан Миртожиевнинг болалигида бир куни ўқитувчиси барча қатори унга ҳам ­ҳайкал ясаб келишни тайинлайди. Каштачилик билан шуғулланган бувисининг ёнида мурғак қалби санъатнинг сирли оламига ошно бўлган бола бундан шу қадар суюнадики, туни билан ухламай токи ўзига ­маъқул бўлмагунча лойдан ҳайкал ясаб, кўнгли тўлгач, эртаси куни мактабга олиб боради.

Ўқитувчиси уни барчанинг олдида мақтаб, ўзи ҳам ҳайратга тушади. Чунки оддий лойдан мўъжиза яратиш учун қалб қўри ҳам зарурлигини у яхши биларди.

Шу-шу ҳайкалтарошлик унинг қисматига айланади. Энди турли ҳайкаллар ясашни машқ қила бошлаган бола учун уйидагилар шароит яратиб беришади. Кўп қаватли тураржойда яшаган оддийгина оила 3 хонали уйнинг бир хонасини ёш ҳайкалтарош учун ижодхона қилиб бергани унинг бахти эди.

Ўрта мактабдан сўнг аввал Республика рассомчилик билим юртида, сўнгра Тошкент театр ва рассомчилик институтида таҳсил олган Равшан Миртожиев салкам йигирма йил Андижонда фаолият юритди. Кўп йиллар Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида талабаларга соҳа сирларидан сабоқ берди. Шогирдлар етиштирди.

Дунё шаҳарларини безаб турган улуғ мутафаккир шоир Алишер ­Навоийнинг ўндан ортиқ ҳайкаллари ҳам Равшан Миртожиев ижоди маҳсули ҳисобланади. Москва, Токио, Боку, Шанхай шаҳарларидаги шоир ҳайкаллари, Вашингтондаги Конгресс кутубхонасидаги ҳайкал модели… уларнинг ҳар бири қаршисида улуғ шоирни янгидан кашф қилаётгандек бўласиз. Рига шаҳрида ўрнатилган Мирзо ­Улуғбек ва Ибн Сино, Хитойдаги ­Камолиддин Беҳзод, пойтахтимиздаги Саид Аҳмад ва Саида ­Зуннунова ҳайкаллари, “Ватанга қасамёд” монументи, Андижондаги Чўлпон, Самарқанддаги Рудакий, Мирзо ­Улуғбек, ­Бухородаги Фитрат, Ғазалкентдаги Элбек ҳайкаллари, Қаршидаги “Эл-юрт таянчи” асари ҳам ўзига хослиги билан ажралиб туришини санъат ихлосманд­лари қатори оддий томошабинлар ҳам бирдек эътироф этишади. Тошга “жон” битгунча ­ҳайкалтарош қанчадан-қанча уйқусиз тунларни ўтказмаган дейсиз? Улуғ аждодларимиз қиёфасидаги ақл-идрок, улуғворлик, самимият ва нуронийлик у яратган ҳайкалларни мангуликка ­дахлдор этгани каби ҳайкалтарош номи қалбларда эъзозланишига ­сабаб ­бўлади.

1993 йилда яратилган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали Равшан Миртожиевнинг дастлабки йирик ишларидан бири эди. Бобур от устида ўнг қўлини кўксига қўйганча турибди. У ўз юртига отда кириб келмоқда. ­Ватанга муҳаббат ва соғинч билан қайт­моқда. Ҳайкал баланд тоғлар чўққиси билан бирга тасвирланган. Бобурдаги улуғворлик тоғлар чўққисига тенг. Ёки ўзига хос меъморий ва бадиий ечимга эга бўлган Абдулла Қодирий ҳайкалида ёзувчи руҳи яхлит тошдан  чиқиб келаётган бўлиши керак эди. Равшан Миртожиев тош ўрнига ке­йинчалик  ғиштларни танлаган. Чунки Қодирий қатл этилган жойда ғишт заводи бўлган. ­Айтишларича, ­Абдулла Қодирий асарлари ва аччиқ қисматини чуқур ўрганган ҳайкалтарош адибнинг маш­ҳур суратига бир ҳафта ҳеч иш қилмасдан, кечаю кундуз тикилиб ўтирган экан. Ҳақиқатан ҳам, у суратда ­Абдулла ­Қодирийнинг ички туйғулари, дардлари ва мардонавор маъно акс этган кўзларини кўриш мумкин эди. ­Ҳайкалда бу кўзлар худди тирикдек мунг аралаш боқиб турибди.

Равшан ­Миртожиев алломалар, адиблар ҳайкалини яратар экан, қаҳрамон шахсига диққат қаратар, катта қизиқиш билан ёндашарди. Унинг ижоди, фаолият йўли, тақдирини чуқур ўрганарди. Қаҳрамони ­дунёсини англаб етганидан сўнггина ўз ижод оламига шўнғирди.

—  Устоз бир ҳайкал учун ўнлаб эскизлар чизарди, тун ярмигача ишларди, биз ёнида туриб, чарчаб қолардик, — дейди унинг шогирдларидан бири Ботир Ҳакимов. — Эртаси куни ҳам тонгдан устоз иш устида бўларди. Унинг “Мен нонни қанчалик эъзозласам, лойни ҳам шунчалик қадрлайман, чунки лой ҳайкалтарошнинг нонидир”, деган сўзлари биз учун умрбод сабоқ бўлиб қолди.

Улуғ зотларга қўйилган ҳайкаллар ибрат намунасидир. Уларда ҳаётнинг ўткинчилиги, эзгу ишларнинг мангулигига даъват мужассам. Ҳайкалтарош Равшан Миртожиев ҳам улуғларимизни танитиш орқали кимлигимизни ­англатиб кета олгани туфайли мангуликка дахлдор санъаткор эди.

Ҳусан ЭРМАТОВ,

журналист.

Манба: “Халқ сўзи” газетаси

Бошқа хабарлар