БОЙ БЕРИЛГАН ЁШЛИК

80



Раҳимбой ота-онасининг биринчи фарзанди эди. Ўн саккизга тўлиб, қалби орзуларга лиммо-лим паллада ҳаёт уни уруш майдонига улоқтириб ташлади.

— Термизда ҳарбий хизматни ўтаётганимга икки ой бўлганди. Бир куни самолётга чиқишимизни эълон қилишди. Учоқдан тушганда Афғонистонга келганимизни билдик, — дейди Раҳимбой Отабоев.

Афғон урушининг барча қатнашчилари қатори у ҳам ўтган кунларни хотирлашни хушламайди.

— Бу уруш бой берилган ёшлик, хижрон, армонга айланган орзулар, тўхтовсиз дард, бевақт ажал исканжасида қолган ўғлонлар… Шунинг учун ҳам урушни эслашни истамаймиз. Ҳар лаҳзада ўлим билан юзма юз келганмиз. Афғонда кечган икки ярим йил умримнинг энг оғир даврлари бўлган, — дейди Раҳимбой ака.

Ҳозирда Раҳим муаллим Шовот туманидаги 16-мактаб раҳбарининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари бўлиб ишламоқда. Ўқувчиларга тинчликнинг қадри ҳақида ҳар куни гапиради. Дард, хижрон Раҳимбойнинг кўксини тинимсиз тепганидан, қалб туғёнлари асосида «Афғон сабоғи» номли китоб ёзди.

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилояти ташкилотлари ташаббуси билан соҳада фаолият кўрсатаётган байналмилалчи жангчилар учун  ташкил қилинган маънавий-маърифий тадбирда Раҳимбой Отабоев  каби 150 нафар уруш кўрган инсонларга эҳтиром кўрсатилди.

Эрта тонгдан Урганчдаги Амир Темур номидаги истироҳат боғида байналмилалчи жангчилар ва Темурбеклар мактаби ўқувчилари  иштирокида парад уюштирилди. Ҳарбий орекстр жўрлигидаги сайрни томоша қилиш учун кўплаб урганчликлар ва шаҳар меҳмонлари жамулжам бўлди. Шундан сўнг Ёшлар марказида давом этган тадбирда ватан тинчлиги, тараққиёти йўлида янада жипс, ҳамқадам бўлишга чорланди.

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Муяссар Раҳимова Афғон уруши халқимиз хотирасида ўчмас жароҳат қолдирганини, қарийиб ўн йилдан зиёд давом этган мақсадсиз урушда кўплаб ўзбек ўғлонлари нобуд бўлгани, неча алп йигитларнинг ёшлик чоғлари уруш майдонларида кечганини, байналмилалчи жангчилар мардлиги, жасорати халқимиз қалбида абадий яшашини таъкидлаб ўтди.

Афғон уруши иштирокчилари Сержантлар мактаби ўқувчилари билан ўз  хотираларини бўлишди. Байналмилалчи жангчиларга «Афғонистон ҳудудидан 40-армия чиқарилишининг 30 йиллиги муносабати билан»  юбилей медаллари топширилди.

Санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури тадбирга байрамона руҳ бағишлади.



Муҳаббат ТЎРАБОЕВА


Бошқа хабарлар