ОТА УЙ

127

(Бадиа)

…Тинчгина шаҳарда юрувдим, қишлоқни қўмсаб уйга отландим. Ҳовли торлик қилиб, тоққа йўл олдим. Мана охири келганим – «кенг» ерда ўтирибман, бутун дунёни кафтдагидек кўриб. Одамзот қизиқ, иссиққа ҳам совуққа ҳам, узоққа ҳам, яқинга ҳам чидамайди. Ишга кетаётсам қишлоқдан зўрға, ўз-ўзимни авраб, аранг чиқиб кетаман. Вақт ўтиб қишлоққа отлансам ҳам шу аҳвол. Шаҳарда кўз илғамас ришталар билан юзлаб юмушларга боғланиб қолганимни ҳис қиламан. Бирини бажарсанг, иккинчиси қолиб кетади. Нима бўлса бўлар дейман-да, бир силтаниб катта йўлга, ундан уловга чиқиб оламан. Бу йўллардан қаерларга бориш мумкин? Йўл бўйлаб юзлаб, минглаб хонадонлар. 

Олдинда яна қанча? Улар орасидаги биргина уйга интиқман. Фақат ўша манзилдагина шодумонлик нималигини англайман. Машинанинг бир маромда гувиллашидан бир оз мизғиб, алоқ-чалоқ туш кўрибман. Қаттиқ зилзила бўлаётганмиш. Кўпчилик уйларнинг деворлари ёрилиб кетган. Уйга кирар-кирмасимдан осмонни қуюқ булут қоплаб, жала бошланибди. Бир пасда ҳовлилардан сел ариқдек оқа бошлади… 

Беўхшов сигналдан сергакланиб, кўзимни очдим. Катта йўлда питиллаб кетаётган машинадаман. Атрофни жи-им кузатаман. Йўлимда учраган ҳар бир нарса нимагадир ишора қилаётгандек. Буғдойзорлар шамолда денгиздек чайқалади. Сарғая бошлаган бошоқлар бош силкитиб хўшлашади. Қишлоғим, Ойқорнинг қорли тоғлари олислардан қучоғини очиб қаршилайди. Ойлар ўтиб яна қайтаётганимдан севинади, менимча.

Жилғаларидаги сув ўйноқлаб пойимга шошилади. Ундаги шаффофлик қалбимга кўчади. Шаҳарга кетаётганимда тоғлар тунд қиёфада бўлади. Буни катта йўлга чиқиб, ортимга қараганимда сезаман. Майин шаббода билан елкамга қоқиб, далда беради. Бундан куч-қувватга тўлиб, яна илдамроқ илгарилайман. Қайтаётганимда илонизи чўққилар пастлаб келаётгандек, қаршимга пешвоз чиқиб, пешонамдан ўпмоқчи бўлиб эгилаётгандек туюлади. 

Мана ҳозир ўша чўққида соғинчларимни айтиб ўтирибман. Қишлоққа узоқ термуламан, чайқалаётган дарахтзорга ўхшайди. Ҳув, ана, қишлоқнинг боши — катта қир. У ерда қадимий қабристон бор. Қир устига чиққанда юрак бир ҳап-қиради-эй: «Яна келдим, эй, жонажон қишлоғим, сени қанчалар соғинганимни, қароғимда опичлаб юрганимни тасаввур қила олмайсан. Ўйинқароқ бола кўнглини хушлагани келди, десанг адашасан. Йўқ, мен сени ўзимдан ҳам яхши кўраман. Тупроғингга сингиб кетгим, сенга жо бўлгим бор. Баҳору кузда кичкинтойларнинг юрагига қўрқинч солиб деразаларни чертадиган, томларни тақиллатиб қочадиган шамолга айланиб, ҳар бир хонадондан хабар олгим келади…»

Ҳовлида куймаланаётган онамни кўра солиб, қучоғига отаман ўзимни. Ажинлари кўпайгандек кўринади. Отам ҳассага таяниб, ҳовлига чиқади. Уйга кирарканмиз, уни бир четга улоқтираман, чириган ёғоччалик нафим тегмаётганидан ғашим келади. Ота-онамни маҳкам бағримга босиб, тоабад бағирларида қолишни истайман. 

Вақт, замон ва макон моҳиятини йўқотади. Бир пасда қоронғи тушади. Барқут булутлар устида сузаётгандек, тоғлар алла айтаётгандек уйқуга кетаман. Тиниқиб ухлайман. Эрталаб асабни бузадиган соат қўнғироғи ўрнига гиёҳларнинг хуш бўйидан, қушларнинг чуғур-чуғуридан уйғонаман. Очиқ эшикдан пурвиқор тоғларни томоша қилиб ётаман. Унинг энг баланд чўққисига чиқиб ҳайқиргим келади. 

Ҳозир худди ўша ердаман. Хоҳлаганимча бақираяпман. Бирор кимса сас бермайди. «Ўт-ўланларга тирмашиб чиқсаммикан», деган ўй ўтади хаёлимдан. Қовжираётган майсалар қўлимда ғижимланиб кетади. Ичимда бир нима узилади. Умидсизланаман. Қишлоғимга термуламан, бола хаёлларим билан кўчаларни айланаман. 

Ҳозир онам ҳамиша неваралари қуршовида. Бир гал отам билан шифохонага келиб, икки-уч ҳафта қолиб кетишди. Онамнинг жиянчанинг расмини қайта-қайта ўпаётганини кўриб қолдим. 

— Тинчликми, онажон?

— Невараларимни соғиндим, тезроқ кетмасак бўлмайди, — дейди кўзига ёш олмоқдан бери бўлиб. 

Энди онамни соғина бошладим. Акам билан урушиб қолсак, хивчин олиб жазолаганида «онажон, онажон», дея йиғлардик. Ўқувчилик йилларим қаттиқ бетоб бўлиб қолдилар. Икки ҳафта шифохонада ётиб даволанди. Ўшанда онамга атаб учта шеър ёзгандим. Ҳайиқа-ҳайиқа отамга кўрсатганман. 

Хаёл олиб қочиб (қаттиқ чарчаганимдан бўлса керак) тошга бошимни қўйган маҳал кўзим илинибди. Бир пайт кимдир ёрдам сўраб қичқиргандек бўлди. Қулоқ солсам қирғийларнинг овози. Улар қийқиришар, нималаргадир ишора қиларди. Кейин қайларгадир учиб кетди. Ўша томонга қарасам, сувнинг шалдираган овози эшитилди. 

Қаердалигимни ҳам унутиб хаёлланиб қолдим. Майсалар менга ҳамдард бўлаётгандек чайқалиб, эгила-эгила салом берган бўлди. Уларнинг жуссалари тоғ сайлларидан пайҳон бўлиб кетганди. Юқорига, харсангтошга умид билан термулдим. Балки у билар бу ердан чиқиб кетиш йўлини. 

Харсангтошнинг юрагига қулоқ тутдим. Чўнг қоятошга туташиб кетган кекса харсанг наъра тортиб юборишдан ўзини аранг тийиб турарди. Унинг бағрига бу ерга келганларнинг номи ўйиб ташланган. Йўлда кўрган тушимнинг таъбирини ҳам сўрамоқчийдим, иймандим. Савлатли чўққиларга термулдим. Сўнгги умидим улардан. Яқинлашганим сари ҳадигим ортарди. Оёқларим толиқди. Узоқдаги қишлоғимга термуламан, кўрган тушим нимага ишора?!

Қоятош мени мағрур тинглаб, секин хўрсиниб қўйди: «Сен бола эдинг, — деди оҳиста, — ҳув, қирлар бағри лолаларга безанганди. Одамлар уларни таг-томири билан қириб ташлади, — бир ютиниб давом этди у. — Лолалар тепароққа, яна ҳам юқорироққа чиқаверишди. Пайҳон қилинаверди. Ортимга боқ, нақадар гўзал. Мен лолаларни асраб турибман…» 

Ишора қилган томонига итоаткорона ўтдим. Шунда, шунда мўъжизага гувоҳ бўлдим. Чаман-чаман лолаларни кўриб, баҳри дилим очилиб кетди. Улар силкиниб-силкиниб, ўзига чорларди. Ташвишларим, орзую хаёллар унут бўлди. Лолаларнинг ёнига узала тушдим. Улар менинг сочларимни силади, бири келиб қулоғимга пичирлади. Тўрт-бештаси толиққан оёқларимни уқалашга тушди. Осмону фалакда, барқут булутлар устида кезаётгандек эдим. 

Кун оға бошлади. Негадир лолалар билан хўшлашгим келмасди. Эргаштириб кетишни истадим, унсиз жилмайиб рад қилишди. Табиат билан уйғунлашиб кетгандим. Сўзсиз тиллашардик. Қани эди бир-биримизни боғлаган ришта ҳечам узилмаса. Севинчи ичига сиғмай қиқир-қиқир қилаётган қор эривудаги жилғалар менга йўлбошчилик қилди. Узундан-узун шаршара қишлоққа элтадиган энг яқин йўлни кўрсатиб турарди.

Азиз НОРҚУЛОВ

Бошқа хабарлар