«ХУМДОН»ДАГИ ҲОЛАТ ЯХШИЛАНАДИМИ?

96


Ҳудудларни обод қилиш бўйича мамлакатимизда қатор ишлар олиб борилмоқда. Шу ўринда чиқиндиларни қайта ишлаш, аҳоли турар-жойларининг экологик ҳолатини яхшилаш масалалари долзарблигича қолмоқда. Соҳа ривожи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар маиший чиқиндиларни кўмиш, ҳажмини камайтириш, санитар ва экологик меъёрлар талабларига мувофиқ келадиган замонавий қаттиқ маиший чиқинди полигонларини яратиш ва мавжуд полигонларни ёпиш, рекультивация қилиш ҳам муҳим.Қўштепа туманидаги «Хумдон» маҳалласида эса аҳвол қувонарли эмас. Нега?

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

 

«ХУМДОН» ЧИҚИНДИЛАР МАЙДОНИМИ?

«Фарғона – Қўқон» катта автомобиль йўлига туташ бўлган чиқиндилар майдонидаги «гўзал» манзара кўпдан бери одамлар эътиборини тортади.
Бу манзилда «ҳукмрон» бўлган қўланса ҳид ён-атрофда яшовчи инсонларга, ўтган-кетганларга турли ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Устига-устак, етарли даражада муҳофазаланмаган чиқиндилардан ҳосил бўлган ёнғинлар мана, бир неча йилдирки, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, шамол туриб қолса борми, кенг майдон узра сочилиб ётган чиқиндилар дов-дарахтларга «маржондек» терилган турфа елим халталарни кўриб, ҳайратингиз ошади.

«Сабр қилинглар, ҳаммаси яхши бўлади»

— Маҳалламиз мазкур чиқиндилар полигонига яқин ҳудудда жойлашгани боис одамларимиз тоза ҳаводан тўйиб нафас ололмайди, — дейди Қўштепа туманидаги «Хумдон» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Эсон­али ҒАНИЕВ. — Бир йилдан буён чиқиндилар майдонида тўпланган ахлатлар уюми атроф-муҳит мусаффолигига жиддий зарар етказмоқда. Айниқса, куннинг иссиқ пайтида юзага келган ҳолат аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётир. Чунки бундай зарарли ҳаводан нафас олиш инсонда нафас йўли ва аллергик касалликлар келиб чиқишига имконият яратади. Бу масалада амалий ёрдам сўраб бир неча бор вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг туман бўлимига мурожаат қилдик. Афсуски, улар «Сабр қилинглар, ҳаммаси яхши бўлади» дейишдан нарига ўтмаяпти.

Йилига 200 минг тонна чиқинди қайта ишланади

Фарғона туманидаги «Садкак» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган, «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонаси Фарғона шаҳар филиалига қарашли чиқиндилар полигонидаги ушбу манзара кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. У йиллар давомида ўз ечимини кутиб ётибди. Хўш, бу борадаги мавжуд муаммолар қандай ҳал этилмоқда? Вилоятда маиший чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш қай тарзда амалга оширилмоқда?

— Юзага келган мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида «Oiruli communal servis» масъулияти чекланган жамияти ҳамда Белорусиянинг «ЧПУП» Сифания – Экотехника» ҳамда Туркиянинг «Semak Equipments and Technologu» компаниялари билан ҳамкорликда йилига 73 минг тонна чиқиндини йиғиш ва саралашга ихтисослашган «CLEAN AND TECHNOLOGY GROUP» қўшма корхона ташкил этилди, — дейди Фарғона вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Баҳром ЖУМАНОВ. — Ҳозирга қадар йилига 200 минг тонна чиқиндини қайта ишлаш учун зарур бўлган саралаш ва ишлаб чиқариш ускуналари сотиб олиш юзасидан келишувлар амалга оширилди. Лойиҳа жорий йилнинг август ойида ишга туширилади. Бундан ташқари, 11 турдаги махсус чиқинди ташиш транспортлари ҳам сотиб олинди. Натижада 2019-2020 йилларда Фарғона шаҳрида яшовчи 284 минг нафар аҳолига қарашли маиший чиқиндиларни йиғиб олиш ва қайта ишлаш билан боғлиқ бўлган масалалар тўлиқ қамраб олинади.

Дарҳақиқат, соҳа ривожи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар маиший чиқиндиларни кўмиш, ҳажмини камайтириш, санитар ва экологик меъёрлар талабларига мувофиқ келадиган замонавий қаттиқ маиший чиқинди полигонларини яратиш ва мавжуд полигонларни ёпиш, рекультивация қилиш имконини беради.

Чиқиндилар неча турга бўлинади?

Эндиликда маиший чиқиндилар тўрт турга бўлинган ҳолда қабул қилинади. Булар қоғоз, шиша, озиқ-овқат, қурилиш чиқиндиларига ажратилади. Шу мақсадда жорий йилда 32 та махсус чиқинди ташиш техникаси ва 1 дона ротопресс махсус техникалари харид қилинди. Лекин бу транспорт воситалари аҳолининг 50-55 фоизига хизмат кўрсатиш имкониятига эга, холос. Бу борада мавжуд эҳтиёжни тўлиқ қамраб олиш учун яна 296 та махсус чиқинди ташиш техникалари зарур бўлади.

— Она табиатни асраш, ҳудудларни саранжом-саришта сақлашда, энг аввало, аҳоли онгида экологик маданиятни шакллантириш лозим, — дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўлими бошлиғи Фарҳоджон ХОЛМАТОВ. — Чунки маиший чиқиндиларнинг пайдо бўлишига билвосита сабабчи бўлганлар уни бартараф этишга ҳам ўз ҳиссаларини қўшишлари зарур. Тўғри, мавжуд муаммо ва вазифаларни бир-икки йилда бартараф этишнинг имкони йўқ. Аммо ҳар бир оила, меҳнат жамоасида экологик маданиятни шакллантирмай туриб, бу мақсадларга эришиб бўлмайди. Шундай экан, фарзандларимиз онгига, энг аввало, оила, мактабгача ва умумтаълим муассасаларида она табиатни севиш, уни муҳофаза қилиш борасидаги билим ва кўникмаларни сингдириб боришимиз, бу йўлда ибрат бўлган ёшлар, мураббийларни рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш муҳим ҳисобланади. Ўтказилган амалий тадбирларимиз давомида шу кунга қадар 1164 нафар аҳоли хонадонларидан тўпланган маиший чиқиндилар, 24 та маҳалла фуқаролар йиғинларида аниқланган ноқонуний чиқиндихоналардан 498 тонна чиқинди белгиланган жойга олиб бориб ташланди.

Маълумот ўрнида

Вилоятда бир кунда 3080 тонна, бир йилда эса 1 миллион 124 минг тонна маиший чиқинди ҳосил бўлади. «Тоза ҳудуд» ДУК ва санитар корхоналари 1 миллион 633 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Бу умумий аҳолининг 44 фоизини ташкил этади, холос. Айни кунда фаолият кўрсатиб келаётган 20 та кичик чиқиндиларни қайта ишлаш корхона ва ташкилотлари мавжуд чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш имкониятига эга эмаслиги ахлатлар уюмлари «тоғ» бўлишига сабаб бўлмоқда.

Ўйлаймизки, мутасаддилар, соҳа масъуллари тизимдаги мавжуд муаммоларни тўлиқ бартараф этишга, аҳоли эса экологик маданиятга риоя қилиб, вилоятни энг кўркам ва озода гўшага айлантиришга бор ҳиссаларини қўшади, деган умиддамиз. Зеро, обод масканда доимо файзу барака бўлади.

Расул КАМОЛ,

«Маhalla»

2019 йил 2-9 май, 21-сон

«Mahalla» газетаси

Бошқа хабарлар