Ижтимоий ҳимоянинг муҳим омили

136

Мамлакатимизда меҳнат соҳасида ижтимоий шериклик қандай кўринишда ўз ифодасини топган ва у амалда қандай самара бермоқда? Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ўтказган «Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида белгиланган чора-тадбирлар» мавзуидаги матбуот анжуманида шу хусусда сўз юритилди.

Анжуманда Касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясини таъминлашда меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликнинг аҳамияти ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, ижтимоий шериклик асосида иш юритиш жамиятнинг барқарорлиги, ривожланиши, унумли ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлашга хизмат қилади.
Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси, Савдо-саноат палатаси ўртасида 2017-2019 йиллар учун тузилган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишув асосида республикада 105 та тармоқ, 14 та ҳудудий келишувлар, бевосита ташкилотларда эса 157 мингдан ортиқ жамоа шартномалари амал қилмоқда.
Айтиш жоизки, жамоа шартномаси корхона, ташкилот ва муассасаларда иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги меҳнатга, ижтимоий-иқтисодий масалалар ва касбга оид муносабатларни тартибга солади. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан корхона, ташкилот ва муассасаларда иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида имзоланаётган ушбу ҳужжатнинг ижтимоий таркибини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилиши натижасида бугун ходимларнинг тўлиқ бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, кадр­ларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалаларини ҳал этишга эришилмоқда. Жамоа шартномалари ва келишувларига ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашни ташкил этишга, устамалар, қўшимча тўловлар ва компенсация­ларни ўрнатиш тартибига оид аниқ ва батафсил меъёрлар киритиляпти. Бу эса турли соҳаларда меҳнат қилаётган касаба уюшма аъзоларидан қарийб 764 минг нафарининг иш ҳақлари оширилган тариф коэффициентлари бўйича ҳисоблаб тўланишини таъминлаётир.

Жамоа шартнома ва келишувларида меҳнат хавфсизлиги даражасини ошириш, иш ўринларида санитар-гигиеник вазиятни яхшилаш, ходимларни якка тартибдаги ва жамоавий ҳимоя воситалари, санитар-маиший хоналар билан таъминлаш, иш ўринларини шаҳодатдан ўтказиш, меҳнат муҳофазаси қоидаларига ўргатиш, зарарли меҳнат шароитлари учун ходимларга имтиёз ва компенсациялар бериш масалалари ҳам эътибор марказида. Бундан ташқари, жамоа шартномаларига киритиш орқали иш вақти ва дам олиш вақтини тартибга солиш борасида аксарият корхона ва ташкилотларда асосий узайтирилган ва қўшимча таътиллар ўрнатилган. Иш стажига қараб қўшимча таътиллар бериш тартиби жорий этилган. Натижада 2 млн. 500 минг нафардан зиёд ходим асосий узайтирилган, 2 млн. 300 минг нафарга яқин ходим эса йиллик қўшимча таътиллардан фойдаланмоқда.
Жорий йилда республика миқёсида корхона ва ташкилотларда жамоа шартномалари бажарилиши якунларига бағиш­лаб ўтказилган меҳнат жамоаларининг умумий йиғилиш (конференция)ларида ходимлар олдида очиқ ҳисобот берилди ҳамда меҳнаткашларнинг таклифлари асосида жамоа шартномаларига янги банд ва меъёрлар, қулайлик­лар киритилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, амалдаги жамоа шартномаларининг деярли 99,4 фои­зига иш берувчи ташаббусига кўра ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишдан аввал касаба уюшма қўмитасининг розилигини албатта олиш лозимлиги тўғрисидаги банд киритилган.
Қайд этиш зарурки, кейин­­ги йилларда жамоа шартномалари ижтимоий таркибининг кучайтирилиши ходимларнинг даромади ошишига бевосита ва билвосита таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, корхона, ташкилот ва муассасаларда ўрта ҳисобда бир ходимга ойлик маошдан ташқари жамоа шартномаси орқали бир йилда сарфланган маблағ миқдори бундан 4-5 йил аввал ўртача 1,5 млн. сўмни ташкил этган бўлса, 2018 йил давомида ўртача 3,5 млн. сўмдан зиёдни, йирик ишлаб чиқариш корхоналарида эса 8-12 млн. сўмни ташкил этди.
Аҳамиятли жиҳати, жамоа шартномалари ва келишувлари ходимларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш, бандликни таъминлаш, ижтимоий масалаларни ҳал этиш баробарида, корхона-ташкилотларда иқтисодий ўсиш ва ишлаб чиқаришнинг рақобатдошлигини оширишга ҳам хизмат қилмоқдаки, бундан меҳнат муносабатларининг барча субъектлари бирдек манфаатдор бўлмоқда.

Тўлқин ШЕРНАЕВ,

Бошқа хабарлар