Интизомий жазо бекор қилинди

37

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сурхондарё филиали маъмурияти шифокор Асатилло Исматовга жорий йил 18 апрель куни ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима интизомий жазоси тайинлаган.

Бундан норози бўлган А.Исматов Сурхондарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига мурожаат этди. Меҳнат кодексининг 182-моддаси, 3-бандида «Интизомий жазони қўлланишда содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг қай даражада оғир эканлиги, шу хатти-ҳаракат содир этилган вазият, ходимнинг олдинги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олинади» деб кўрсатилган. Иш берувчи А.Исматовга эса содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг қай даражада оғир эканлиги, ҳаракатнинг келиб чиқиш сабаблари, содир этилган вазият ходимнинг ишчанлик обрўси ва хулқ-атворини инобатга олмасдан оғир жазо тайинлаган.
Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 184-моддасида шундай дейилган: «Интизомий жазо устидан якка меҳнат низоларини кўриш учун белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин. Меҳнат низосини кўриб чиқаётган орган содир этилган ножўя хатти-ҳаракат қандай вазиятда юз берганлигини, ходимнинг олдинги хулқ-атворини, меҳнатга бўлган муносабатини, интизомий жазонинг содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг оғирлик даражасига қанчалик мос келишини, иш берувчининг интизомий жазо бериш тартибига риоя қилганлигини ҳисобга олиб, ходимга нисбатан қўлланилган интизомий жазони ғайриқонуний деб топиш ва уни бекор қилиш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли».
Баён этилган қонун талабларига асосан, иш берувчига жарима интизомий жазосини бекор қилиш ҳақида тақдимнома киритилди. 30 апрель куни тақдимнома қаноатлантирилди ва А.Исматовга нисбатан тайинланган жарима интизомий жазоси бекор қилинди.

Зариф Холов,
Сурхондарё вилояти касаба уюшма
ташкилотлари бирлашмасининг
юридик бўлими мудири

Бошқа хабарлар