Намунали оромгоҳ шундай бўлиши керак

47

Ўқув йили якунланишига ҳам оз муддат қолди. Хўш, оромгоҳлар фаолиятини ташкил этишда нималарга эътибор қаратиш лозим? Авваламбор қандай чора-тадбирлар кўрмоқ талаб этилади?

Қўшкўпир туманидаги «Дўстлик» ва «Ҳумо» оромгоҳларининг мавсумга тайёргарлиги бўйича ўтказилган намунавий кўргазмали семинарда шу каби саволларга атрофлича жавоб изланди. Семинарда шаҳар, туман ҳокимлари, вилоят касаба уюшма ташкилотлари вакиллари, мавсумни ташкил қилишга масъул ташкилот ва муассасалар мутасаддилари иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, вилоят ҳокими ташаббуси билан мазкур оромгоҳлар қисқа фурсат ичида мавсумга шай ҳолатга келтирилди. Болаларнинг чўмилиши учун сунъий кўчма бассейнлар ташкил қилинди. Ётоқхоналарда махсус кийим-бош ва оёқ кийимлари, гигиена воситалари шай қилиб қўйил­­ди. Мусиқа, рассомчилик, спорт ва компьютер каби тўгарак хоналари ҳамда алоҳида бадиий ва эртак китоблари билан бойитилган кутубхона ташкил қилинди. Вилоят ҳокими барча шаҳар ва туман ҳокимларини ушбу муассасалардан ибрат олган ҳолда болаларни дам олиш ва соғломлаштириш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, оромгоҳларда болалар учун етарлича шарт-шароит яратиш, жорий йилнинг 15 май кунига қадар оромгоҳларни мавсумга ҳозир-у нозир ҳолатга келтириш бўйича топшириқлар берди. Бундан ташқари, ёзги мавсумда болалар учун қадимий шаҳарларга саёҳатлар уюштиришнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, бу борада ўз таклиф ва тавсияларини билдирди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси йил бошидан буён мутасадди идоралар билан ҳамкорликда оромгоҳларни мавсумга шай қилиш бўйича тизимли равишда чора-тадбирлар кўриб келмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг 2019 йил 14 январдаги БМ-06/50-сонли хати ижросини таъминлаш мақсадида шаҳар ва туман ҳокимлик­лари билан келишилган ҳолда оромгоҳларни ташкил қилиш учун шароитлари етарли бўлган таълим муассасалари танлаб олинди ҳамда оромгоҳлар дислокацияси шакллантирилди.
Вилоят ҳокимининг таклифи асосида маҳаллий бюджетлар, корхоналар ва ҳомийларнинг маблағи ҳисобига болаларни оромгоҳларга қамраб олиш режаси 2018 йилга нисбатан 30 фоизга оширилди. Эндиликда вилоят бўйича 33 та оромгоҳда 13125 нафар бола дам олдирилади.
Бунда вилоят ҳокимлиги ва касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раёсатининг «2019 йил ёзги мавсумида ўқувчи-ёшларни дам олдириш ва соғломлаштириш бўйича амалга ошириладиган вазифалар тўғрисида»ги қўшма қарори асос вазифасини ўтамоқда.
Ишчи гуруҳ барча оромгоҳларнинг мавсумга тайёргарлик бўйича амалга оширилаётган ишлар аҳволини мунтазам ўрганиб, натижасини атрофлича таҳлил қилмоқда. Оромгоҳлар жорий йилнинг 1 июнь кунидан ишга туширилиши белгиланган.
Кўргазмали семинарда тайёргарлик ишларини янада жадаллаштириш, камчиликларни бартараф қилиш юзасидан тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.

Алишер САЛАЕВ,
Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси
маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири

Бошқа хабарлар