Унутилаётган «Соҳибкор»…

180

Самарқанд вилоятида шаҳар ташқарисидаги ёзги болаларни дам олдириш оромгоҳлари сони 24 та эди. Ўтган йилги мавсумда Булунғур тумани халқ таълими бўлими тасарруфидаги «Соҳибкор» оромгоҳи талабга жавоб бермагани туфайли фаолиятини тўхтатди.

Сўлим табиат қўйнидаги юз ўринли маскан бу йил ҳам болажонларни қабул қила олмаслиги аён бўлиб турибди. Чунки ётоқхонанинг ёғоч девор ва устунлари йиллар давомида қийшайиб, айримлари чириган, пойдевор эса чўккан. Том қисмини ушлаб турган ёғочларнинг ҳам чидамлилик даражасига кафолат йўқ. Хоналар шифти яроқсиз ҳолга келган.
Ташландиқ оромгоҳ ҳудудида айни чоғда қўй боқилаётганига гувоҳ бўлдик. Очиғини айтганда, қатор йиллар мобайнида мазкур оромгоҳни мавсумга тайёрлаш анчайин ташвишли кечганидан хабаримиз бор. Аммо ҳеч ким уни тубдан таъмирлаш ёки қайта қуриш ҳақида бош қотирмади. Йиллар давомида нураган девор-у чириган ёғочлар «сири» бўёқлар остига яширилди.
– Охирги маротаба 2015 йилда бир ярим ой учун маош тўлаб беришганди, – дейди қоровул Абдуқодир Мирзаев. – Бино ва ашёларга кўз-қулоқ бўлиб турибман. Ўтган ой бир гуруҳ кишилар келиб, атрофни кўздан кечириб кетишганди. Қайта ҳеч ким кўриниш бермади.
Касаба уюшмалари ишчи гуруҳи хулосалари асосида вилоят ҳокимлиги 2018 йилдаёқ чора-тадбирлар белгилаб, туман ҳокимлигига вазифалар юкланган эди. Аммо унинг ижроси аччиқ ичакдек чўзилмоқда. Булунғур тумани ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Бекзод Элчиев бунга шундай изоҳ берди:
– Оромгоҳни тубдан қайта бунёд этиш режасини ишлаб чиқиб, мутасадди ташкилотлар ихтиёрига топширганмиз. Аммо лойиҳа қиймати 11 миллиард сўмни ташкил этаётир. Бу миқдорни туманимиз маҳаллий бюджети кўтармайди. Сарф-харажатни камайтиришни сўраяпмиз.
Бор гап шу. Лойиҳаланиши бир йилдан ортиқ муддатни талаб қилган иншоот энди неча йилда қуриларкин? Бу аҳволда сўлим маскан аста-секин унутилишга юз тутмаса бўлди…

Нурилла ШАМСИЕВ,

Бошқа хабарлар