Завқли онлар олдинда

103

Қорақалпоғистон Республикасида 2019 йилда болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш мавсумини ташкил этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳ мажлисида муҳим вазифалар режалаштирилди.

Таъкидлаш жоизки, бу йил мавжуд базалардан самарали фойдаланиб, маҳаллий ҳокимликлар, ҳомийлар маблағини жалб этган ҳолда, шаҳар ташқарисидаги оромгоҳларнинг фаолиятини 5 навбатда ташкил этиш йўлга қўйилади. Жумладан, июнь ойида 60 та оромгоҳда 27 минг 590 нафар боланинг кўнгилли ҳордиқ чиқариши таъминланади. 10 та стационар оромгоҳда касаба уюшмалари ҳисобидан 3500 нафар, ҳокимликлар ҳисобидан 1990 нафар ўғил-қиз дам олдирилади. Бундан ташқари, 50 та болалар маданият ва спорт-соғломлаштириш марказида 22 минг 100 нафар ўқувчини турли бадиий санъат ва спорт тўгарак­ларига жалб этиш мўлжалланмоқда.
Тўрткўл туманида жойлашган «Лочин» оромгоҳида 800 нафар, Элликқалъа туманидаги «Орол болалари» оромгоҳида 1200 нафар, Тахиатош туманидаги «Айдын жол» оромгоҳида 625 нафар, Нукус шаҳридаги «Арал» ва «Жас аўлат» оромгоҳларида 875 нафар болажон соғломлаштирилади.
Мамлакатимиз ҳукумати ва Касаба уюшмалари Федерациясининг амалий ёрдами билан ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари ҳамда «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчиларидан иборат 3000 нафар қорақалпоғистонлик ўқувчи Тошкент шаҳри, Жиззах, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларининг сўлим гўшаларида мириқиб ҳордиқ чиқаради.
Бугун воҳадаги барча оромгоҳларда ободонлаштириш, электр энергияси, ичимлик суви, табиий газ таъминоти узлуксизлигини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мавсум учун педагог ходимлар орасидан энг муносиб­лари танлов орқали саралаб олинди. Дам олиш масканларида ташкил этиладиган кутубхоналарда бадиий адабиётлар билан бирга мустақиллик йилларида қўлга киритилган муваффақиятларимизни тарғиб этувчи баннер, плакат ва газета-журналлар жамланмалари жойлаштирилади. «Маънавият ва маърифат» хоналари зарур жиҳозлар билан тўлиқ таъминланади.
Мухтасар айтганда, яқинлашаётган ёзги таътилда воҳа болаларини оромгоҳлар қучоғидаги завқли ва таассуротларга бой онлар кутмоқда.

Ортиқбой МАМУТОВ,

Бошқа хабарлар