ДАВОЛАГАНДАН КЎРА…

87


Юнусобод туманидаги 54-оилавий поликлиника шифокорлари ҳудуддаги бир қатор маҳаллалар аҳолиси ўртасида тиббий кўрик уюштирилди.

“Қумқўрғон” маҳалласида ташкил этилган сайёр тиббий кўрикда терапевт, невропатолог, гинеколог, окулист, хирург, стоматолог, эндокринолог ва бошқа шифокорлар қабулида бўлган фуқаролар чуқур текширувдан ўтказилди. Муолажага муҳтожларга дори-дармонлар бепул тарқатилди.

– Сир эмас, қон босими ва юрак-қон томир, қандли диабет ҳамда онкологик хасталикларга чалинаётганлароз эмас, – дейди 54-оилавий поликлиника бош шифокори Дилфуза Абдураҳимова. – Шу боис ҳар бир инсон аслида ўз ихтиёри билан бир йилда икки бор кўрикдан ўтиши лозим. Аммо кўпчилик хасталикка чалиниб бўлганидан кейингина шифокорни излаб қолади. Касалликни даволагандан кўра, олдини олган яхши дея сайёр тиббий кўрик ўтказганимиз барчага маъқул бўлди.

Эътиборлиси, сайёр тиббий кўрикка келганлар учун лаборатория хизмати ташкил этилди.

– Аҳоли ЭКГ ва УТТ ҳамда флюрография текшируви туфайли кўп нарсани билиб олди, — дея қўшимча қилди туман марказий шифохонаси бош шифокори Муқаддас Умарова. — Чунки шу текширувлардан сўнг қанчадан-қанча хасталиклар олдиндан аниқланди ва эндиликда улар аниқ ташхис асосида даволанади.

Дарҳақиқат, эрта тонгдан кечга қадар давом этган кўрикка келганларга шу ернинг ўзида тиббий ёрдам кўрсатилгани, муҳтожларга тиббий препаратлар ином этилгани маҳалла аҳлини мамнун этди.

Акбар ЙЎЛДОШЕВ

Бошқа хабарлар