ҲУДУДИЙ КЕЛИШУВ САМАРАСИ

38

                            Раёсат йиғилиши


Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раёсат мажлисида уч томонлама ҳудудий келишувнинг ўтган йилдаги ижроси муҳокама қилинди.

Вилоят ҳокимлиги, Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси ҳамда касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ўртасида 2017-2019 йиллар учун мўлжаллаб тузилган ҳудудий келишувда меҳнаткашлар ва аҳоли манфаатлари тўла қамраб олинган. Меҳнатга ҳақ тўлаш, аҳолининг реал даромадлари ва турмуш даражасининг яхшиланиб бораётгани кузатилмоқда.

– Бугунги кунда вилоятда фаолият кўрсатиб келаётган ташкилот ва муассасаларда 13058 та касаба уюшма тузилмалари мавжуд, – деди бирлашма кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов. – 12 мингдан ортиқ амалда бўлган жамоа шартномалари орқали улар манфаати ҳимоя этиб келинмоқда. Ижтимоий муҳофазанинг кафолатланган усули, бу — янги корхоналар очиш, иш ўринлари сонини муттасил кўпайтириб бориш саналади. Манзилли дастур асосида 2018 йилда 120 мингта янги иш ўрни яратилиши режалаштирилганди. Ижтимоий шериклар, ишбилармонлар саъй-ҳаракати билан бу кўрсаткич 126 мингтага уддаланди.

Бандлик дастури доирасида 96 маротаба меҳнат ярмаркалари ўтказилиб, уларда 6164 та корхона ва ташкилот 23813 та бўш иш ўрни билан иштирок этди. Меҳнат бозорида қатнашган 17482 нафар фуқаронинг 5718 нафари ишли бўлди. Касаба уюшмалари томонидан меҳнат ярмаркаларида ишга жойлашган фуқаролар билан суҳбат ўтказилиб, улар меҳнат қонунлари, жамоа шартномалари, ички меҳнат тартиб-қоидалари ва бошқа локал ҳужжатлар билан таништирилди.

Ўтган фурсатда ижтимоий шериклик асосида 2501 та кам таъминланган ёш оила вакилларига моддий ёрдам кўрсатилди. 65 нафар ёшга уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиш мумкин бўлган рўзғор ашёлари харид қилиши учун фоизсиз ссудалар ажратилди. Икки ёшдан уч ёшгача фарзанд тарбияси билан машғул 415 нафар ишловчи онага 74 693 000 сўмлик модий ёрдам кўрсатилди. Олий ўқув юртида таҳсил олаётган кам таъминланган оилалар фарзанди ва чин етим бўлган 98 нафар талабага ўқув шартнома маблағларининг бир қисми тўлаб берилди.

Йил давомида меҳнат низолари бўйича мурожаат қилган 23 нафар фуқаро ҳуқуқлари тикланиб, уларга мажбурий бекор юрган кунлари учун 16 миллион сўмдан ортиқ иш ҳақлари ундириб берилди. Ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш борасидаги масалалар ҳам шериклар билан ҳамкорликда ҳал этиб келинмоқда.

Муҳокамалар чоғида вилоятдаги бир қатор корхоналарда иш ҳақидан қарздорлик муаммоси ҳануз мавжудлиги қайд этиб ўтилиб, ушбу ҳолатларга барҳам бериш йўллари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Раёсат йиғилишида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

                                                            Нурилла ШАМСИЕВ,

                                                            “Ishonch” мухбири

Бошқа хабарлар