Макулатурага айланаётган жавоҳирлар

226

ёхуд ноёб асарларни чиқитга чиқишдан
қандай асраб қолиш мумкин?

Таҳририятга бир йигит эшик қоқиб кириб келди. Истарали, зиёлинамо бу йигитни қийнаётган нимадир борлиги юз-кўзида балқиб турарди…
Танишдик. Хайрулла Асатов. Олмазор туманида яшайди. Китоб савдоси билан шуғулланади. Бу соҳада фаолият бошлаганига кўп бўлмаган бўлса-да, анча нарсаларнинг гувоҳига айланиб улгурибди…
Унинг таклифи бор.. Чиқитга чиқаётган (макулатурадаги) ноёб асарларни сақлаб қолиш…

ОЛТИННИНГ ТОШДАН ФАРҚИ

Хайрулланинг ҳикояси: дастлаб эски китоблар билан савдо қилишга киришдим. Шу мақсадда макулатура қабул қилувчилар масканига бордим. Тахлам-тахлам китоблар. Орасида кимлардир йиллар давомида ахтариб тополмай юрганлари қанча. Сўнг­­ги йилларда нашрдан чиққан ҳали варақлашга улгурилмаганлари ҳам бор. Ким, қайси бағритош бу ерга олиб келди уларни? Қадри йўқ жойда олтин ҳам оддий тош эканига ишонмайдиганлар макулатура қабул қиладиган ­шохобчаларга келса, бунга амин бўлишади.

КИМГА ОФТОБ, КИМГА ПУЛ

Биз ҳам чиқит қоғозларни қабул қилувчи пунктга бордик. У ерда бир аёлни суҳбатга тутдик.
– Ҳозирги ёшлар телефон, интернетга қанчалик ўч бўлса, авваллари китобга шунчалик қизиқиш бор эди, – дейди Марям опа (ўзини шундай таништирди) йиғлагудек бўлиб. – Том-том китоб­ларни йиққанлар бор. Айни пайтда баъзилари моддий тарафдан эҳтиёж сезиб, сотишга мажбур бўлишяпти. Баъзилар эса.. Улар «олтин»нинг қадрини билмайди. Оладиган одамга келсак… Бу ёғи оғриқли ҳол. Чилонзорда китоб дўконим бўлиб, кўпчилик турли адабиётларни сўраб келар, қизиқувчилар ­бисёр эди. Баъзилар уйидаги китоб­ларни олиб келиб топширарди. Тақдир экан, кимлардир буни кўп кўрди. Дўконни икки йил бурун олиб қўйишди. Китобларимни савоб учун маҳалла, таниш билишларга тарқатиб юбордим. Севган ишингдан ажрасанг, алам қиларкан. Касал бўлиб қолдим. Энди-энди ўзимга келяпман. Кўпчилик ҳалиям китобларимни олинг, макулатурага топширгим келмаяпти, деб қўнғироқ қилишади. Олсам, кимга қандай сотаман? Қаерга қўяман? Бу китоблар қанчадан-қанча мактаблар, олий таълим муассасалари кутубхонасини бойитиши мумкин-а! Буни кимлардир ўйлармикин? Ҳеч ким олмаса, оқибатда улар бориб-бориб макулатура қабул қиладиганларга мурожаат қилишини ўйлаб, ёмон бўлиб кетаман…

«ТИЛЛО» ТОПГАН ТАДБИРКОР

Макулатурага топширилаётган китобларнинг тақдири нима бўлиши барчага маълум. Баъзи фидойи­лар сотиб олиб, элга улашаётгани денгиздан томчи, холос. Кўпгина нодир китоб­лар қайта нашр этилмаган. Нашр этилганлари ҳам қиммат. Ўзбек ва жаҳон адабиётининг баъзи дурдоналарининг нархи 40-50 минг сўмдан кам эмас. Бу баъзи ота-оналарга оғирлик қилиши ҳам бор гап. Лекин кимлардадир сақланиб қолгани макулатурага кетишдан қутилиб, Хайруллага ўхшаган китоб сотувчи қўлига тушган бўлса, уларни 7-8, борсин 10-15 минг сўмга топиш мумкин. Қанча маблағ тежалади? Эгасини макулатурага кетадиган машина ва тарози сарфидан ҳам сақлаб қолади. Энг муҳими, китобнинг уволи тутишидан асрайди. Кимларгадир билим улашади.
– Бир кишига қуёнлар тўғрисида китоб сотдим, – куюниб сўзлайди Хайрулла. – У менга афсус билан шундай деди: «Укам, шу китобни бир ҳафта олдин топганимда эди…». Кейин билсам, у 600 минг сўмга 3 бош зотдор қуён сотиб олган экан. Қандай боқишни билмай уларни ерда боқибди ва барчаси ўлиб қолибди. Аслида, уларни баланд ва кенг қафасларда боқиш керак экан.
Яқинда қуш бозорига қушлар ҳақида қўлимга тушган учта китобни олиб бордим. Талашиб олиб қўйишди. Яна топиб келишимни илтимос қилиб қолишди. Бунга нима сабаб? Қушлар ҳақидаги китоблар йўқлигида, албатта. Топилгани ҳам рус тилида.
Яна бир мисол: бир тадбиркор мармелад ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун керакли адабиётни ҳатто Москвадан ҳам тополмабди. Янгиобод бозоридаги «ёймада» шундай китоби кўриб қолиб, тилло топгандек бўлибди. Уни макулатурага кетишдан асраб қолган сотувчига қайта-қайта раҳмат айтиб, олиб кетибди…

МЕНДА ТАКЛИФ БОР!

Хўш, ечим нимада? Қандай қилиб, ноёб китобларни макулатурадан сақлаб, эгасига етказиш мумкин?
Таклиф. Шундай бир ташкилот тузилиб, ҳудудларда филиаллари ташкил этилса, одамлар уйидаги ортиқча китобларни уларга олиб бориб топширишса, бу ташкилот уларни ҳақиқий эгаларига етказиб берса…
Тўғри, бу китобларнинг кўпчилиги давр нуқтаи назаридан ҳам, сифат нуқтаи назаридан ҳам эскирган бўлиши мумкин… Шу сабаб бу ерда мутахассислар ўқишли, ноёб, замон ва макон танламайдиган китобларни саралашса…
Қишлоқларда баъзи мактаблар бор, кутубхонаси ночор. Бу асарлар ҳеч бўлмаганда шундай мактабларга топширилса, ўқувчилар кўзига суртиб ўқимайдими?
Бундан ташқари интернет нашри орқали ушбу ташкилот кенг оммага мавжуд китоблар ҳақида маълумот бериб борса…
Тузилажак ташкилот олтинга тенг бу асарларнинг керагини олиб, боғларда китоб байрамлари ўтказса, шунинг­дек, махсус автомашиналарда одамлар гавжум жойлар, ишхоналар, бозорлар, қишлоқларга олиб бориб сотса, қўлма-қўл бўлиб кетиши аниқ.
Шаҳримизда аҳолидан китоб­ларни килолаб олиб, доналаб сотадиган дўконлар ҳам бор. Баъзиларида жой торлигидан қалашиб ётган китоблар орасидан излаганингни топиш учун қанча вақт кетади…
Ёки шундай китоб бозори ташкил этилса, расталарда китоб­лар тартиби билан териб қўйилса, излаган одам истаган асарини ҳеч қийналмасдан топса, қандай яхши. Чекка қиш­лоқларда эса бозорларнинг бир бурчида шундай қилинса…
Хайрулланинг айтмоқчи бўлганлари шу эди…
Бу таклифларга мутасаддилар нима дейишар экан? Қолаверса, кенг жамоатчилик бор. Улар ҳам фикр билдирар… Бу бизнинг назаримизда эътиборга молик масала…

Салим АБДУРАҲМОНОВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар