МАРЖОНА

33


Тоғ бағрида жойлашган мўъжазгина бир қишлоқда  бугун тўй. Қиз-жувонлар қаторида  Маржона ҳам, лабларига қирмиз, кўзларига сурма тортиб, тўйга ошиқди. Қадди-қоматига ярашиб турган бежиримгина қизил кўйлаги унинг яноқларини яна ҳам гулдай яшнатиб юборганди.

Хотин-халажлар Маржонанинг  очилиб-сочилганини бирин-кетин мақтай кетишди. Кемтик кўнгли ўксимасин деб дастурхон тўрига ўтқазишди. Қувноқ ва хушчақчақ аёлларнинг унга нисбатан бундай муомалалари Маржонанинг яримта кўнглини бироз кўтаргандек бўлди…

Тўй  тугагач, келин янгалар ҳазиломус қий-чувлар қилишиб, тўрт-беш аёлни “чимилдиқ осар”  га чақириб қолишди. Уларнинг ичида Маржона ҳам бор эди. Барчанинг юзида кулгу. Тўйнинг ширингина қувончи. Маржонанинг ҳам юз-кўзларидаги ғамгинлик бироз чекинган, қалби  шодликка тўлган эди.

-Хой, қайси бирингиз чаққон, мих жуда баландда экан, бўйи новчароғинг бўлса, келиб чимилдиқ торларини бойлаб қўйинглар-дедида, вакила Ойниса ая орқасига ўгрилиб, узунгина экансан, ҳамма яхши ниятларни кўнглингга тугиб, чимилдиқ торларини бир улаб қўй-чи!

Маржонанинг дили яйраб, Ойниса аянинг айтганини бажариш учун шайланди.

-Бахт берсин шу икки ёшга дея Маржона табассум билан чимилдиқ торларини боғлашга урина кетди.

Лекин, кутилмаганда хонага аюҳаннос солиб келган келин холанинг гапларидан у тош каби қотиб қолди.

-Ҳой, Ойниса ая сиз вакила бўлмай ҳар бало бўлинг, кўзингиз қаёқда эди ўзи, келиб-келиб шунга ҳам боғлатасизми, эридан айрилган бевага-я? Нима бало, жиянимни ҳам унга ўхшаб, бахтиқаро қилмоқчимисиз. Атрофингизда шунча эрли жувонлар турса-ю, сиз… эри йўқ манави Маржонага чимилдиқ торларини бойлатиб турибсиз, э қўйинге!…

Келиннинг холаси келиб, зарда билан Маржонанинг қўлларидан  чимилдиқ торини юлқиб олди.

-Ўзингнинг ҳам ақлинг йўқми? Жияним ҳам сенга ўхшаб эрсиз қолишини истаяпсанми? Ўрнингни билда!…

Маржонанинг бўғзига аччиқ фарёд тиқилди. Кўзларидан шошқатор ёшлар қуйилди. Бирорта ҳам сўз айтолмай, бошини пасга эгиб, маъюс ва вазмин қадамлар билан кўча томон ошиқди…

Зим-зиё қора тун қўйнида кетар экан, йўл бўйи кўз ёшларидан бутун вужуди дарё каби сел бўлиб оқди. ..

Маржонанинг кўз олдида ўзининг бахт тўйидаги “чимилдиқ осар” пайти гавдаланди. Аммо, бундай ирим-сирим ҳамма қиз бахтига ҳам мос  тушавермас экан. ..

Маржонанинг киражак чимилдиқ торларини ўшанда ҳамма ҳавас қилса арзигулик, бахтли-тахтли бир хонадоннинг соҳибаси бойлаган эди…

Дилафрўз ЎРОЗОВА

Бошқа хабарлар