НИШОНДОР ОНАХОН

71


Исми жисмига монанд инсонлар кўп. Пешкў туманидаги “Мустақиллик” маҳалласида истиқомат қилувчи Хурсанд буви Ҳамроева ҳам шундай кишилар сирасидан.

Онахоннинг ўттиз икки йиллик сермазмун меҳнат фаолиятини ҳар қанча ғурур билан тилга олса арзийди. У Бухоро шаҳридаги маданий-оқартув курсини битириб, туман маданият бўлимига ишга борганида йигирма ёшда эди. Дастлаб услубшунос, 1964-1994 йиллар оралиғида эса Янгибозор маданият уйи раҳбари сифатида кўпчилик назарига тушди.

Ўша йиллари санъатга ҳавасманд ёшлар бошини қовуштириб, саҳнага олиб чиқиш осон эмасди. Айниқса, қизларни. Аммо касбга садоқат, чексиз иштиёқ ўз самарасини бермай қўймас экан. 1982 йилда “Афшона” ансамблини ташкил қилинди. Бу даста халқона куй-қўшиқлари билан дилларни хушнуд этиб, вилоят, кейинчалик республика миқёсидаги тадбирларда қатнаша бошлади. Ансамблни эл олқишига сазовор этган жиҳатлардан бири, авваламбор, Бухоро услубига хос қўшиқ, лапар ва айтишувлардан иборат концерт дастури тузилганида эди. Ҳам тожикча, ҳам ўзбекча – ширу шакар йўналишидаги ижод намуналарини тўплаш учун Хурсанд опа бошлиқ ансамбль аъзолари қишлоқма-қишлоқ кезишди, кўҳна ашулаю лапарлардан хабардор ёши улуғ кишилар билан учрашиб, ноёб санъат дурдоналарини тўплади. Уларга замонавий сайқал бериб, элга тақдим этилди. “Афшона”нинг 1985 йилда “Халқ дастаси” номини олишига сабаб бўлган жиҳатлардан бири ҳам ана шу халқчиллигидир. Хурсанд опа эса “Маданий-оқартув ишлари аълочиси” нишонига сазовор бўлди.

Хурсанд буви бугун етмиш беш ёшда. Невараю эваралари ардоғида кексалик гаштини сураётганига қарамай, онахонни тез-тез маданий тадбирларда, жамоат ишларида ҳам учратиш мумкин. Ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги эътиборга олиниб, у “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви таъсис этган “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонига лойиқ кўрилди.

– Чексиз ҳаяжондаман, – дейди Хурсанд буви Ҳамроева. – Озми-кўпми меҳнатларим баҳоланиб, шундай мақомга муносиб топилганимдан ҳукуматимиздан беҳад миннатдорман. Бор билим ва тажрибамни ёшларни санъат, маданий-маърифий ишларга жалб этиш йўлида сарфлашга мудом тайёрман.

Зуҳра ҚУРБОНОВА,

“Нуроний “ жамғармаси Бухоро вилояти бўлими

матбуот хизмати раҳбари

Бошқа хабарлар