Пенсиями ёки нафақа?

31


“Пенсиядаман”, “нафақадаман”, “нафақахўрман”, “нафақамни олдим” каби гаплар тез-тез қулоғимизга чалинади. Кўп ҳолларда эса “пенсия” ўрнига “нафақа” сўзи қўлланилмоқда.


Хўш, мазмун-моҳият жиҳатдан бир маъно ва мазмунда қўлланилаётган мазкур икки атама ҳақиқатда бир хил мазмунни ифодалайдими? Уларни бир-бирининг ўрнида қўллаш мумкинми?

Тошкент молия институти “Пенсия иши” кафедраси мудири, иқтисод фанлари номзоди, доцентБаҳодир Маматов ушбу саволларга атрофлича жавоб берди:

Пенсия…

Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, хусусан, “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги низомда “Пенсия – уни олиш ҳуқуқи қонунда белгиланган шартларга ва меъёрларга мувофиқ аниқланадиган ҳамда шахсларга пенсия ёшига тўлиш, ногиронлик ёки боқувчисини йўқотганлик муносабати билан бериладиган ойлик пул тўлови”ни англатади. Ўзбекистон миллий энциклопедиясида “пенсиялар лотинча “pensio” – тўлов маъносини ифодалаб, фуқароларга давлат ёки бошқа субъектлар томонидан қонунда белгиланган ҳолларда мунтазам ва одатда, умрбод тўланадиган тўловлар” сифатида тавсифланиб, ижтимоий таъминот шакли эканлиги қайд этилган. 1993 йил 3 сентябрда қабул қилинган “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эркаклар – 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда, аёллар эса – 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар. Шу билан бирга, ушбу қонуннинг 8-моддасига кўра, пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган шахсларга ёшга доир пенсиялар камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, бор стажга мутаносиб миқдорда тайинланади. Демак, пенсиялар иш стажи 7 йилдан кам бўлмаган барча пенсия ёшига етган фуқароларга тайинланади. Таъкидлаш жоизки, қонунчиликка мувофиқ пенсиянинг ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик турлари мавжуд.

Нафақа…

Ўзбекистон миллий энциклопедиясида “нафақа – муҳтож одамларга давлат, корхона, муассаса ва айрим шахслар томонидан бериладиган ёрдам пули” сифатида тавсифланган. Ўзбекистонда меҳнат стажига кўра бериладиган пенсиядан фарқли ҳолда нафақа давлат томонидан, асосан, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш, бола туғилганда, дафн этиш маросими учун, ишсизлик, ишдан бўшатиш, ходимнинг вафоти муносабати билан бир йўла бериладиган, ёшга доир, ногиронлик (болаликдан ногиронлардан ташқари) ва боқувчисини йўқотганлик нафақалари берилади. Нафақанинг ҳам ёшга доир, ногиронлик (болаликдан ногиронлардан ташқари) ва боқувчисини йўқотганлик турлари мавжуд бўлиб, ёшга доир нафақа иш стажига эга бўлмаган ёки 7 йилдан кам иш стажига мавжуд бўлган ҳолларда эркакларга – 65 ёшга етганларида ва аёлларга – 60 ёшга етганларида тайинланади. Муҳими, ҳақ тўланадиган иш бажараётган ёки бошқа даромад манбаига эга бўлган (алиментлар ёки стипендиялар олиш бундан мустасно) шахсларга ёшга доир нафақа тайинланмайди. Бу эса нафақанинг, юқорида таъкидлаганимиздек, ёрдам пули эканлигини ифодалайди.

Юқорида таъкидлаганимиздек, пенсия ёшига етиб, зарурий иш стажига эга бўлмаган тақдирда, лекин камида 7 йиллик меҳнат стажи мавжуд бўлса, бор стажига мутаносиб равишда тўлиқсиз миқдорда ёшга доир пенсия тайинланади. Тўлиқсиз ёшга доир пенсиянинг миқдори ёшга доир энг кам пенсиянинг 50 фоизидан кам бўлмаслиги лозим. Ёшга доир энг кам пенсиянинг миқдори 2019 йил 1 январь ҳолатига кўра 396500 сўмга тенг. Пенсиянинг миқдори, аввало, фуқаронинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдорига, меҳнат стажи давомийлигига ва тўлаган суғурта бадаллари миқдорига боғлиқ бўлади. Нафақа эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорларини ошириш тўғрисидаги Фармонларига мувофиқ қатъий миқдорларда белгиланади. Масалан, ёшга доир нафақа эркаклар 65 ёшга етганда, аёллар эса 60 ёшга етганда ҳамда иш стажи 7 йилдан кам бўлганда тайинланади ва ёшга доир нафақанинг миқдори 2019 йил 1 январь ҳолатига кўра 243300 сўмга тенг.

Хуллас…

Пенсия нафақадан тубдан фарқ қилади. Жумладан:

  • пенсия жамият аъзосининг жамиятдаги меҳнат фаолиятида иштирок этганлиги учун берилади, яъни фуқаро меҳнат қилиб, тегишли меҳнат стажига эга бўлиб, тегишли пенсия бадалларини тўлаганлиги учун унга ва оила аъзолари учун белгиланган ҳуқуқдир. Нафақа эса моддий жиҳатдан муҳтож бўлганлар учун давлат томонидан бериладиган моддий кўмакдир;
  • пенсиялар, фуқароларга пенсия олиш ҳуқуқи юзага келганда унинг моддий аҳволидан қатъи назар тайинланади, нафақа эса шахснинг моддий муҳтожлигини ва ижтимоий ҳолатини инобатга олган ҳолда тайинланади ва тўланади;
  • пенсия пенсия ёшига етган фуқароларга иш стажи даври, ойлик иш ҳақи ва Пенсия жамғармасига тўлаган суғурта бадаллари миқдоридан келиб чиқиб тайинланади. Нафақа эса қатъий миқдорларда белгиланади;
  • пенсия олиш ҳуқуқи эркакларда меҳнат стажи 25 йил, аёлларда 20 йил бўлганда юзага келади. Нафақа эса зарур иш стажига эга бўлмаган ёки 7 йилдан кам меҳнат стажи мавжуд бўлган фуқароларга – эркаклар 65 ёш, аёллар эса 60 ёшга тўлганларида тайинланади. Демак, пенсия нафақадан меҳнат стажи ва ёши жиҳатидан ҳам фарқланади;
  • нафақанинг ёрдам пули сифатида ифодаланиши кундалик ҳаётимизда унинг олувчиларини “нафақахўр” деб аталишига олиб келди. Бу эса, қайсидир маънода, нафақа олувчини камситиш (текинхўр каби) сифатида қаралади. Шунинг учун “нафақахўр” эмас, балки “нафақа олувчи” деб аталиши зарур. Пенсия олувчини эса пенсионер деб аташ ўринлидир. Чунки, пенсия нафақадан фарқли ўлароқ ёрдам пули эмас, балки фуқаронинг илгари олинган даромадини унинг ижтимоий бадалларни тўлаган суммаси ва даврига мутаносиб равишда қисман қопловчи ҳар ойлик тўланадиган тўловдир;
  • пенсиялар фуқароларга бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан, нафақа эса давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланади.

Озода РЎЗИҚУЛОВА

Бошқа хабарлар