ҚАДИМ ЧОЙХОНА ЯНГИЧА КЎРИНИШДА

14


 “TERRACE” оилавий корхонасида мева ва сабзавотлардан ҳеч қандай кимёвий аралашмаларсиз табиий шарбат тайёрланяпти. Сўнгги вақтларда ушбу маҳсулотга талаб янада ошди. Бу яқинда мазкур корхона томонидан қўл урилган кўламдор лойиҳа билан боғлиқ. Гап кўҳна кентнинг Лаби Ҳовуздан Пойи Калон мажмуасига қадар чўзилган ҳудудида “TERRACE” номли экокафе иш бошлагани, у ерда маҳаллий ва хорижлик сайёҳларга ана шундай экологик тоза ичимлик таклиф этилаётгани хусусида бормоқда.

Янги масканнинг экокафе сифатидаги вазифаси шу билангина чегараланмаган. Менюсига миллий ҳамда европача таомлар ҳам киритилган бу шохобча тўлиғича ёғочдан қурилган, Бухоро воҳасига хос чўпкори усулида қад ростлаган. У айвон шаклидаги етти бўлмадан иборат. Умуман, табиий материалдан тикланган иншоотнинг конструкциясида ҳеч қандай металл, замонавий технология воситаси ишлатилмаган. Ўтмишда аксар чойхоналаримиз айнан шундай кўринишда бўлган. Кўҳна обидалар орасида эканлиги, миллий ва қадимий руҳ уфуриб тургани, шинам ҳамда баҳаволиги, юқори даражада хизмат кўрсатилаётгани боис ушбу даргоҳ кечаю кундуз гавжум.

Улуғ табибга яна бир ҳайкал

Рюэй-Мальмезон йигирма йил муқаддам Бухоро билан биродарлашган эди. Яқинда Франциядаги ушбу шаҳарнинг “Дўстлик” боғида буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Синонинг ҳайкали ўрнатилди. Шу муносабат билан тантанали маросим ўтказилди. Унда Бухоро вилояти ҳокими бошчилигидаги делегация аъзолари иштирок этди. Икки шаҳарнинг биродарлик алоқалари доирасида уюштирилган тадбирда Бухоро воҳасига хос мусиқа ва рақс санъати намуналари ижро қилинди. Уни беш юз нафарга яқин томошабин бевосита кузатди.

Ороллар мамлакати билан таълимий ҳамкорлик

Индонезиянинг ўн тўртта олий ўқув юрти ректорлари, маориф жабҳаси вакилларидан иборат делегация аъзолари Бухоро давлат университетида бўлишди. Меҳмонлар таълим маскани жамоаси, профессор-ўқитувчилар, шунингдек, туризмни ривожлантириш департаменти вакиллари билан учрашдилар. Мулоқотни БухДУ ректори Обиджон Ҳамидов бошлаб берди. Сўнг Жануби-Шарқий Осиё мамлакатидаги Жакарта минтақасининг Олий таълим бўйича раҳбари доктор Иллаҳ Саилаҳ ҳамда Шимолий Суматра регионининг шу йўналиши мутахассиси, профессор Диан Армантолар ушбу тадбир ўзаро ҳамкорлик ривожида асос вазифасини ўташини таъкидлашди.

Учрашувда БухДУ ҳамда Индонезиядаги ўн тўрт ОТМ ўртасида ўзаро ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Профессор-ўқитувчилар алмашинувини, илмий-амалий ишларни йўлга қўйиш, қўшма таълим дастурларини тузиш, биргаликда конференция, симпозиум, конгресларни ташкил қилиш бўйича келишувлар шулар сирасидандир.

Рустам ИБРАГИМОВ,

Ishonch” мухбири

Бошқа хабарлар