Вазирлик ислоҳотлари мактабларга тегишли эмас(ми?)

151

Таълим соҳаси ҳар бир давлат учун ҳаёт-мамот масаласидир. Чунки, тараққиётни айнан таълим-тарбия таъминлайди. Юртимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан таълим тизимида туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Таълим соҳасининг такомиллашаётгани, сифат ва самарадорликка эришиш мақсадида ўқитувчиларга қатор имтиёз ва қулайликлар яратилаётгани бунинг исботидир. Халқ таълими вазири кун-кунора турли ОАВ орқали интервью бериб, ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатдан озод қилингани, маошлари ошаётгани, уларнинг нуфузи ортгани, ўқув дарсликларининг янги авлоди яратилаётгани, соҳага илғор инновация технологияларининг жорий этилаётгани, ўқитувчилар малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳақида маълумот бериб турибди. Бу эса бир қарашда таълим тизими бемисл ислоҳотлар оғушида эканидан далолат беради.

Албатта, педагог ходимларга етарли шароит яратиш, меҳнатини қадрлаш керак. Аммо, энг муҳими, ислоҳотлар ўқувчиларнинг сифатли билим олишига қаратиляптими? Ўзгаришлар нафаси ҳамма жойларга ҳам етиб борганми? Педагогик жамоаларда муҳит қандай аҳволда? Бундай саволлар кўпчиликни қизиқтириши шубҳасиз. Чунки, мактабдаги ҳар бир фан инсон ­шаклланишида муҳим аҳамият касб этади.
Хўш, бу жараён қай тарзда кечмоқда, мактаблардаги таълим тизимида қандай муаммолар мавжуд? Таҳририят шу мақсадда «Мактабда бир кун» лойиҳасини эълон қилмоқда.

ҚУМҚЎРҒОНЧА «ИННОВАЦИОН» ТАЪЛИМ

Таҳририят топшириғини олганим заҳоти Қумқўрғон туманидаги 40-умумтаълим мактабига бориш нияти туғилди. Чунки илгари бу мактаб жамоаси қишлоқ аҳли билан ҳамкорликни яхши йўлга қўйган, таълим-тарбия сифати намунали даражага кўтарилган эди. Билим даргоҳидаги ҳар бир тадбир байрамга айланиб кетарди. Ёши саксондан ­сакраган, тўқсонга тўқнашган бобо-ю момолар ҳам тез-тез мактабга келиб, билимга чанқоқ болакайларни дуо қиларди.
Айни пайт­­да ушбу таълим мас­канида 612 нафар ўқувчи икки навбатда ўқимоқда. Икки қаватли, компьютер хонаси, кутубхона, спорт зали мавжуд бўлган илм даргоҳида ҳавас қиларлик ҳолатни кўрамиз деб ўйлагандик.
Аммо… билим масканига борганимда манзара бутунлай бошқача эканига гувоҳ бўлдим. Салкам 10 йилдан бери мактабга раҳбарлик қилиб келаётган Эркин Мирзақулов рус тили ва адабиёти, инглиз тили, она тили ва адабиёти, мусиқа каби фанлардан ўқитувчилар етишмаслиги, айрим фанларни ўрта маълумотли «мутахассис»лар ўтаётганини айтди. Энг қизиғи, бу ҳолдан Қумқўрғон тумани халқ таълими бўлими яхши хабардор экан. Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига ҳам етишмаётган мутахассислар билан таъминлашни сўраб мурожаат қилинган. Аммо… натижа йўқ.
Спорт майдончасининг борлиги яхши. Аммо унда ким қандай шуғулланаяпти? У ерда пуччайган коптокка ўралашаётган ўқувчиларга кўзимиз тушди. «Она тили дарсига киргандан кўра шу ерда ўйнаган яхши», деди улардан биттаси. Директор қаердандир топтириб келган она тили ўқитувчиси бунга изоҳ беролмади. Боз устига, у қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича мутахассис экан…
Бу ёғи қандай бўлди? Наҳотки, бу қишлоқда ҳеч қурса пенсия гаштини сураётган тилчи муаллим йўқ?
Хуллас, эртамиз эгаларига таълим-тарбия беришлари, уларни катта ҳаётга тўғри тайёрлашлари керак бўлганларнинг ўзи тарбияга, тўғри йўлга солинишга муҳтожга ўхшайди..
«Балки бошқаларида аҳвол яхшидир» деган ўйда «Янги ҳаёт» маҳалласидаги 36-умумтаълим мактабига йўл олдик. Мактаб раҳбарининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ўктам Абдужалиловга учрашдик. Раҳбар вазифасини бажарувчи Илҳом Йўлдошев туман ХТБга, кутубхоначи эса уйига кетган экан. Агар рост бўлса, раҳбарни тушунса бўлар, аммо кутубхоначини… Иккинчи навбатда ўқийдиган ўқувчиларга китоблар керак бўлмасмикан? Ушбу таълим даргоҳида ҳуқуқшунослик ва инглиз тили фанидан дарс берувчи ўқитувчи мутлақо йўқ. Математика, она тили ва адабиёт фанларига ихтисос­лашган ўқитувчилар етарли эмас. Бу фанлардан ҳам қўштирноқ ичидаги мутахассислар дарс ўтиб юрибди. Аҳволни кўрган кишида савол туғилиши табиий: Бу болаларнинг эртаси нима бўлади? Нима, улар ўқитаётган болалар эртага тўғри хорижга ишлашга кетишга маҳкумми?
Ўқитувчи Камолиддин Раҳмоновнинг «ишбилармонлиги»га «қойил» қолмасликнинг иложи йўқ. У бир синф­­да, бир вақтнинг ўзида (2019 йил 27 апрель) ҳам «Давлат ва ҳуқуқ асос­лари», ҳам «Миллий истиқлол ғояси» фанларидан дарс ўтаётган экан. Ажаб­ланарлиси шуки, синф журналига иккала фандан ҳам бир хил мавзу – «Жиноят қонунчилигида вояга етмаганларнинг ҳуқуқий мажбуриятлари» қайд этилган. Буниси ваъда қилинаётган «Инновацион таълим» бўлса эҳтимол…
Бундан ташқари, дарсга қатнашмаётган ўқувчиларнинг журналда қайд қилинмагани, борларининг ҳам ўтган мавзу юзасидан берилган оддий саволларга жавоб бера олмагани бу ердаги таълим сифати-ю педагоглар масъулиятининг аҳволини ошкор этиб турибди. Раҳбар ўринбосари бу ҳолга муносабат билдиришни эп кўрмай, «раҳбар борида келганингиз маъқул» деган гап билан кифояланди.
Қумқўрғон тумани ХТБ мудири Баҳром Ҳакимовга қўнғироқ қилиб, ҳар икки мактабдаги ҳолат юзасидан изоҳ сўраганимизда у «камчиликлар аста-секин тузатилиши»ни айтиш билан чекланди, холос. Бу эса ҳафсаламизни янада пир қилди.

«ЎҚИМАЁТГАН» БОЛАЛАРНИНГ АЙБИ НИМА?

Жарқўрғон туманидаги «Бешбулоқ» маҳалласида жойлашган 17-умумтаълим мактабида ҳам муаммолар талайгина. 586 нафар ўқувчига мўлжалланган бино 2 ойдан бери таъмирланмоқда. Дарслар спорт залидаги ечиниш ва ювиниш хоналарида ўтилаётгани юракни ачитади. Раҳбар Одил Усанов таъмир ишлари қанча давом этиши, қачон тугаши борасида аниқ маълумотга эга эмаслиги, бу вазият уни ҳам безовта қилаётганидан куюнди.
Ҳафсаламиз пир бўлиб мактабдан қайтар эканмиз, бир неча ўқувчининг «Келиб-кетишларингиз бефойда. Ўқишга шароит йўқ, қийналганда биз қийналяпмиз» деган гапи эътиборимизни тортди.
Музтар бўлдик. Дарҳақиқат, уларнинг айби нима? Чиндан ҳам бу болаларни ҳеч ким мактабда қайта ўқитмайди, вақтида олинмаган билимларни «кел» деб ўргатмайди ҳам. Бу ҳолатдаги умумий таълимнинг болага қандай фойдаси бор? Ўқувчи бундай мактабдан нима олади? Бу ердаги болалар билимли бўлишни, янги очилаётган «Президент мактаблари»да ўқишни, хорижнинг нуфузли таълим даргоҳларини битиришни орзу қилмайдими?

Албатта, орзу қилади. Орзуларнинг армонга айланмаслиги учун вазирлик раҳбарлари, мутасаддилари ислоҳотлар ҳақида қуруқ гап сотиш ўрнига жойлардаги мактабларнинг ҳақиқий аҳволидан келиб чиқиб реал ва ҳаётий ишлашга ўтишлари керак. Ана шундагина иш олға силжиши мумкин. Пойтахт ва йирик шаҳарлардаги беш-ўнта намунали мактабларни кўз-кўз қилиб, мақтаниш эскича иш тутимидан бўлак ҳол эмас. Ислоҳотлар аслида мактаблардан бошланиши ва моҳиятан таълим сифатидан ибтидо олиши кераклигини тушуниш наҳотки шунчалар қийин бўлса?!
Ҳар бир бола қаерда яшашидан қатъи назар, сифатли билим олишга ҳақли. Бу конституциявий ҳуқуқни таъминламаслик эса келажакка хиёнатдир.

Рустам ДАВЛАТОВ,

Бошқа хабарлар