«Eтим» қолган «автомобилчи»

99

Яккабоғ туманидаги Янгиобод қишлоғида жойлашган «Автомобилчи» болалар оромгоҳи 1966 йилда қурилган. Вилоятдаги транспорт, йўл қурилиш ва кўприк қуриш соҳаси ходимларининг фарзандлари соғломлаштириладиган мас­канда ўтган йили 600 нафар ўғил-қиз дам олдирилди.

150 ўринга мўлжалланган оромгоҳда ҳар навбатда 150 нафардан болани соғломлаштириш белгиланган бўлса-да, ўтган йили уч нав­батнинг ўзидаёқ режа уддаланган ва тўртинчи навбатда «Автомобилчи» ўғил-қизларни қабул қилмаган.
Жорий йилги ёзги соғломлаштириш мавсумига кам фурсат қолаётганини инобатга олиб, тайёргарлик жараёни билан танишиш мақсадида оромгоҳда бўлдик.
Бу ерда тўртта ёпиқ ва битта очиқ ётоқхона мавжуд бўлиб, барча биноларда пардозлаш ишлари олиб борилаётир. Ётоқхоналар том шиферлари анча эскириб кетган. Шу боис, битта ётоқхонанинг том шиферлари алмаштирилибди ҳам. Лекин, имкони топилса, барча бино томларини янгилаш зарур.

«Эскини ямагунча эсинг кетади» дейишганидек, фавқулодда вазиятлар бошқармаси авария ҳолига келиб қолган битта очиқ ётоқхонадан фойдаланишни тақиқлабди. Очиқ ётоқ биноси дам олиш масканининг ҳуснига соя солиб, бир четда мунғайибгина турибди…
Стадион тарафга юрдик. Баҳор серёмғир келгани учун стадионнинг ўтлари тизза баробар ўсибди ва трактор ёрдамида ўрилибди.
– Энди ўйингоҳдаги бедани йиғиштириб олиб, стадион чизиқларини чизиб чиқамиз, – дейди оромгоҳ бош ҳисобчиси Баҳриддин Бойқобилов.
Сал юрганимизда иккита эски бас­кетбол устунларига кўзимиз тушди.
– Буни бир ташкилот кераксиз, деб чиқариб ташлаган экан. Биз фойдаланиш учун топиб келдик. У ёқ-бу ёғини таъмирлаб, баскетбол майдончасига ўрнатамиз, – изоҳ беради Б.Бойқобилов.
Кутубхонага ўтдик. Калит йўқлиги учун (Калит оромгоҳ ­бошлиғида бўлиб, у шу куни вилоят марказига йиғилишга кетган экан) ойнаванд эшикдан ичкарига мўралашга рухсат беришди. Мўъжазгина, торгина хона, жавонларда саноқлигина китоб турарди.
– Ўқув йили тугагач, мактаб кутубхоналаридан китоблар олиб келинади, – яна изоҳ беради ҳамроҳим.
Фурсатдан фойдаланиб, оромгоҳнинг молиявий аҳволи, муассислари ҳақида сўрадик.
– Айни пайтда вилоят ҳудудий йўллар бошқармаси ва транспорт уюшмалари кўмагида таъмирлаш ишларини олиб боряпмиз, – дейди Б.Бойқобилов. – Аммо бу ташкилотлар тўлиғича бизнинг таъминотимизни зиммасига олмайди.
– Демак, оромгоҳнинг эгаси йўқ экан-да.
– Яқинда Республика Транспорт вазирлиги тузилди. Оромгоҳ шу вазирлик тасарруфида фаолият юритса, ишларимиз зўр бўлиб кетади ҳали. Ўзгаришлар бўларми, деб кутиб турибмиз.
Маълум бўлишича, оромгоҳнинг доимий ишчилари сони тўрт нафар бўлиб, қолганлар – ошпазлар, тарбия­­чи, етакчилар мавсумий ишга олинар экан.
Бош ҳисобчидан қарздорлик ҳақида сўраймиз.
– Оромгоҳнинг солиқ ёки ­бошқа тўловлардан қарзи йўқ.
– Оромгоҳдан қарз бўлганлар ҳам йўқми?
– Болаларни дам олдирганлар йўлланма пулларининг анчагина қисмини тўлашган. Қолганини ҳам янги мавсум очилгунча тўлашади.
Бош ҳисобчи қайси ташкилотнинг оромгоҳдан қанча қарзи қолганини айтмади. Ҳамкор ва мижоз ташкилотларини аяди, чамамда. Ёки мижозларини йўқотишдан қўрқдими, билмадик.
Лекин вазиятга очиқ кўз билан қарасак, «Автомобилчи» оромгоҳи жиддий эътибор, бақувватгина ҳомий ва муассисга муҳтож экани аниқ-яққол кўриниб турарди.
– Қўшимча маблағ ишлаб топиш бўйича қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда? – сўраймиз яна.
– Ёзги соғломлаштириш тугагандан кейин турли тадбирлар мезбонлигини бажариб беришимиз мумкин…
Янги-янги оромгоҳлар қурилиб, болажонларга замонавий шароитлар яратилаётган бир пайт­­да «Автомобилчи» оромгоҳининг аҳволини мақтасак, уят бўлар. Рост, оромгоҳ ходимлари қараб туришгани йўқ. Аммо тўрт нафар ходимнинг фидойи­лиги 1966 йилда қурилиб, бугунги кунда деярли муассиссиз фаолият кўрсатаётган оромгоҳни замонавий кўринишга келтиришга етарли бўлармикан?
Шуларни ўйлар эканмиз, оромгоҳнинг ўтган йили нега тўрт навбат эмас, уч навбат фаолият кўрсатганини тушунгандек бўлдик. Демак, бу йил ҳам шундай бўларкан-да. Икки навбатга тушиб қолмаса агар…

Акмал Абдиев,

Бошқа хабарлар