Фавқулодда вазиятларга шайлик қай даражада?

83


Фавқулодда вазиятлар вазирлиги “2019 йилда сел-тошқин ва ер кўчки ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан аҳолини ва ҳудудларни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган тадбирлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказди.

Унда вазирлик вакиллари билан бир қаторда Давлат геология қўмитаси ҳамда “Ўзгидромет” маркази  мутахассислари иштирок этишди.

Тадбирда аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган тадбирлар ҳамда сел-тошқин билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олишда идоралараро штаб фаолияти хусусида сўз юритилди.

Таъкидландики, хавфли ҳудудларда сел, тошқин сувлари билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш учун дарё, сой, ариқ ва каналлар ўзанларини тозалаш ҳамда қирғоқларини мустаҳкамлаш бўйича жойларда 93 та амалий махсус-тактик ўқув машқлари ўтказилди.

Республикадаги сув омборларида сув тошқинларини талофатсиз қабул қилиш ва ўтказиб юборишга тайёргарлик ҳолати тўлиқ ўрганилди ва аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш бўйича сув омборлари раҳбарларига тегишли кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинди.

Содир бўлиши мумкин бўлган сув тошқини ва сел оқимини олдини олиш ва хавф-хатарсиз ўтказиб юбориш мақсадида Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий,Сирдарё, Наманган, Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари балансида бўлган дарё ва сойларнинг ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари олиб борилди.

Республикамиздаги болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш оромгоҳлари тегишли ташкилот ва идоралар мутахассислари билан биргаликда мавсум бошланишидан олдин ўрганиб чиқилди.

Жорий йилда республика миқёсида жами бўлиб 222 та стационар оромгоҳлар фаолият юритилишига рухсат этилган. Жиззах вилояти Жиззах туманида жойлашган “Бобур” ва “Бўстон” оромгоҳлари сел-тошқини хавфи мавжудлигини инобатга олиб, 2019 йилда фаолият юритиш учун рухсат этилмади.

Юзага келиши мумкин бўлган табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларда дам олувчи болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, Ички ишлар идоралари билан биргаликда 213 та стационар оромгоҳларнинг эвакуация тадбирлари ва фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш режалари қайта кўриб чиқилди ва уларга аниқликлар киритилди.

Тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.

                           Шохида Юсупова,

ЎзЖОКУ талабаси.

Бошқа хабарлар