Ҳақиқатдан йироқ ҳолат

98

«Ishonch» газетасининг шу йил 21 апрель сонида чоп этилган журналист Зулайҳо Бекмуратованинг «Ёддан чиққан ёдгорлик» сарлавҳали мақоласига қуйидагича муносабат билдиришди:

Мақолада Тахиатош тумани Найман овулида жойлашган, фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 20 йиллиги муносабати билан қурилган ёдгорлик кўримсиз, ташландиқ аҳволга келиб қолгани таъкидланган.
Мазкур ёдгорлик 2018 йил куз ойларида таъмирланиб, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ватандошларимизнинг хотирасига бағишланган мангу олов ва ёдгорликнинг замонавий кўриниши қайта қад ростлади. Ёдгорлик бугунги кунда сайёҳлар, ёшлар ва аҳолининг байрам тадбирларида ташриф буюрадиган энг гўзал масканларидан бирига айланган.
Мақолада тасвирланган ҳолат ҳақиқатдан йироқ эканини билдирамиз.

Қорақалпоғистон
Республикаси Вазирлар
Кенгаши раисининг
ўринбосари М.Жуманов


Жумановнинг «лағмон»и ўтмади

Вазирлар Кенгашининг матбуотга нисбатан тезкор муносабат билдиргани таҳсинга лойиқ. Лекин…

Куни кеча мақолада қайд этилган ёдгорликнинг ҳолати билан танишдим. Аҳвол, аслида, мутлақо бош­қача. Мажмуа олдидаги гул экиш учун мўлжалланган жойни ёввойи ўтлар босиб ётибди. Мажмуада тас­вирланган жангчи қуролининг уч тарафи оғир нарса билан урилган кучли зарба таъсирида емирилиб тушган. Ёдгорлик қўл учида бўялган, холос. Таъмирлаш ишлари ҳам шу тарзда бажарилган. Мажмуа атрофига ётқизилган мармар плиткалар синиб, жойидан кўчиб тушган. Мангу олов ёнадиган ўтдон ичи сигарета қолдиқлари ташланган кулдонни эслатади. Жанг майдони тас­вирланган катта паннонинг орқа тарафи чиқиндихонага айланган. Писта пўчоқлари уюми ёдгорлик тевараги тозаланмаганлигидан дарак беради.
Мажмуадан тўрт-беш қадам нарида қурилаётган иморат келгусида ошхона бўлар экан. Унинг ўрнида кутубхона, музей ёки кексалар чойхонаси бунёд этилса бўлмасмиди? Чунки ошхонада спиртли ичимликлар сотилиши, баланд овозда мусиқа қўйилиши мумкин. Бу эса аждодлар хотирасига ҳурмат белгиси эмас.
– Авваллари ҳар йили ёдгорликни таъмирлаб, ёнига гуллар экардик, – дейди қишлоқ фуқаролар йиғини ходими Фарҳод Турсинбоев. – Мажмуа туман ободонлаштириш бошқармаси тасарруфига ўтгач, бу иш ўлда-жўлда аҳволда қолди.
Айтишларича, Хўжайли ва Тахиатош туманларида бўладиган никоҳ тўйларида кўплаб ёшлар ушбу зиёротгоҳга келиб, аждодлар хотирасини ёдга олар экан.
Тахиатош тумани ободонлаштириш бошқармаси бош муҳандиси Маман Алламбергеновнинг билдиришича, ёдгорлик мажмуаси бошқарма тасарруфига икки ой олдин ўтказилган. Ҳозирда архитектура-лойиҳалаш ишлари бажарилмоқда. Тез орада мажмуада таъмирлаш ишлари бошланади.
Хуллас, газетада чоп этилган мақоладаги ҳолат бўрттирилмаган. Вазирлар Кенгаши жавоби эса… Кўрганга ишониш керакми? Эшитганга?..

Ортиқбой МАМУТОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар